Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Мурод Бобожонов: "Мақсад аниқ - миллий терма жамоада ўйнаш"

Баҳо:
+ | -

Афсуски, миллий чемпионатимизда барқарор ўйин намойиш этаётган ҳужумчилар кўп эмас. Жорий мавсум ижара келишуви асосида «Локомотив» шарафини ҳимоя қилаётган ёш форвард Мурод Бобожонов тез-тез гол уриб, ишончни баҳоли қудрат оқламоқда.

Трансфер жиҳатидан «Нефтчи»га тегишли Хоразм футболи тарбияланувчиси хусусан, Ўзбекистон кубоги ярим финали доирасида «Насаф»га қарши кечган илк баҳсда ҳам ўзини кўрсатди.

- Мурод, аввало, ўз ҳақингизда маълумот берсангиз, миллионлар ўйинига қай тариқа ошно тутингансиз?

- Сир эмас, футбол ажиб сеҳрга эга спорт тури. Бежиз дунёнинг барча нуқталарида одамлар айнан шу спортга алоҳида шинавандалик қилишмайди. Хусусан, кўплаб болалар келажакда футболчи бўлишни орзу қилишади.

Дейлик, мен ҳам ақлимни танибманки, футболга меҳр қўйганман. Маҳаллада тонгдан кечгача дўстлар даврасида тўп ортидан югурардик. Ушбу қизиқиш йилдан-йилга кучайиб бориб, ўз-ўзидан мени футбол мактабига етаклади.

- Хўш, илк сабоқларни қаерда олгансиз?

- Дастлаб Урганчдаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қатнадим. Илк мураббийим - Азимбой Арипов. Футболнинг бошланғич сирларини айнан шу киши ўргатганлар. Кейинчалик мени «Хоразм»га таклиф этишди ва 2012-2013 йилларда биринчи лигада шу жамоа шарафини ҳимоя қилдим.

- Умуман, албатта, профессионал футболчи бўлишга нечоғли ишонгандингиз?

- Аслида болалик пайти дипломат бўлишни ният қилгандим. Лекин футболга нисбатан меҳр устунлик қилиб, спорт йўлини тутдим. Ўша вақтдаёқ олдимга профессионал даражага чиқиш мақсадини қўйгандим. Шунга яраша ўз устимда имкон қадар кўпроқ ишлардим.

- Натижада биринчи лига жамоасида узоқ қолмадингиз...

- Ҳа, 2014 йили «Нефтчи»га чорлашди. Муҳими, Фарғонада мени жуда яхши кутиб олишди ва вақт ўтгани сайин кўпроқ ўйин амалиёти беришди.

- Олий лигадаги дебютингизни қандай эслайсиз?

- Тақдир тақозоси билан «Нефтчи» сафида илк марта «Навбаҳор»га қарши кечган ўйинда майдонга тушдим - «Водий дербиси»да. Ўша учрашувнинг сўнгги 10 дақиқасини майдонда ўтказган ва 1:1 ҳисобида қайд этилганди.

- Табиийки, илк голингиз ҳам хотирангизда - уни қайси жамоа дарвозасига ургансиз?

- «Нефтчи» таркибида иккинчи марта майдонга тушганимда, голларим ҳисобини очгандим. Ёқимли томони, «Бунёдкор» дарвозасини ишғол қилганман.

Ваҳоланки, мураббийлар 90-дақиқадагина майдонга тушиш имконини тақдим этишганди. Хуллас, рақиб дарвозаси томон йўллаган илк зарбам гол билан тугаганди. Эҳ, ҳозир ўша ҳолатдаги ҳис-туйғуларимни таърифлаб беролмайман.

- Мана, эндиликда «Локомотив» сафида тўп сурмоқдасиз...

- «Локомотив» - шубҳасиз, етакчи жамоаларимиздан бири. Клуб олдига энг юқори мақсадлар қўйилгани ҳам маълум. Йил бошида жамоа вакиллари мен билан қизиқишганида, чорловни ўйламай қабул қилдим.

Зеро, футболчи доимо ўсишга интилиши лозим. «Темирйўлчилар» таркибида рақобат жуда баланд. Лекин шу рақобат кишини ўз устида кўпроқ ишлашга ундайди.

- «Локо» иккинчи даврани ҳам биринчиси каби пешқадам сифатида якунлай олармикан?

- Ўйлашимча, жамоамиз мавсумнинг иккинчи қисмини юқори суръатда ўтказишга қодир. Жамоа олдида аниқ вазифа бор - чемпионлик мақомини сақлаб қолиш. Шундан келиб чиқиб, тайёргарлик жараёни юқори даражада олиб борилди.

- Одатда бўш вақтни қай тариқа ўтказасиз?

- Аслида машғулотлар, ўйинлар ва доимий сафарлар сабаб, бўш вақт унча кўп бўлмайди. Шу боисми, машғулотлардан бўшаган ҳамоно яқинларим олдига шошаман.  

- Футболдаги бош кумирингиз ким?

- Ёшлигимда бразилиялик Роналдо иштирокидаги ўйинларни катта ҳайрат билан томоша қилардим. Ушбу ҳужумчи ақлга сиғмас даражадаги ҳаракатлари билан кўпчиликни лол қолдиргани аниқ.

Ҳозирга қадар Роналду финтлари муҳрланган видеолавҳаларни мароқ билан кўраман ва шу аснода нималарнидир ўзлаштиришга уринаман.

- Энг катта орзунгиз...

- Ҳар қандай футболчи ўз мамлакати бош жамоаси сафида лоақал бир марта майдонга тушишни истаса керак. Мен ҳам ўз олдимга миллий жамоа аъзосига айланишни режалаштириб қўйганман.

Бунинг учун ҳали кўп ишлашим ва кўплаб голлар уришим лозимлигини яхши биламан. Қолаверса, вақти келиб, хорижнинг бирор кучли чемпионатида ўз кучимни синаб кўришни истайман.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:22, 13.08.2017.
Ўқилди: 4654 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.