Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа - Кальяри
30/04 00:00 Барселона - Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

Баҳодир Пардаев: "Бош мураббий билан муносабатимиз яхши эмас"

Баҳо:
+ | -

Фаолиятини Жанубий Корея K League Challenge дивизионида давом эттираётган Баҳодир Пардаевнинг ишлари унча ҳам яхши эмас. Мавсум аввалида «Бучеон 1995» билан шартнома тузган ҳужумчи бир неча учрашувки, майдонга тушмаяпти.

Баҳодир бу орада юртимизга қайтиш ҳақида ҳам ўйлади ва унга собиқ жамоаси - «Қўқон-1912»дан таклиф тушди. Бироқ баъзи сабабларга кўра, қайтиш амалга ошмади. Балки Пардаев ва корейс клуби бош мураббийи ўртасида тушунмовчилик бордир.

Айни шу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ҳамон «Бучеон 1995» ҳужумчиси саналаётган ҳамюртимиз билан алоқа ўрнатиб, ундан интервью олдик.

- Баҳодир, майдонга тушмай қолганингиз айнан нима билан боғлиқ?

- Афсуски, айни пайт ўйин амалиётига эга эмасман. Аслида бошида ҳаммаси яхши эди. Лекин кутилмаган жароҳат барчасини ўзгартириб юборди. Ваҳоланки, жароҳат оддий бўлиб, атиги бир ҳафтача шуғулланолмадим.

Бироқ сафга қайтишим билан муносабат ўзгарди ва бош мураббий ҳалигача майдонга туширмаяпти. Негалигини ўзим ҳам тушунолмаяпман.

Менимча, кореялик агентимнинг бош мураббийи билан уришиб қолгани қимматга тушди. Айнан шу агент воситачилигида «Бучеон 1995» сафига қўшилгандим. Энди у туфайли қийин вазиятга тушиб қолдим.

- Нима, бу масалада бош мураббийнинг ўзи билан гаплашиб кўрмадингизми?

- Шундай қилишни хоҳлардим, аммо у билан қайси тилда гаплашаман? Таржимон йўқ. Кейин мураббийга нима дейман? Ахир уни нега майдонга туширмаётгани хусусида сўроққа тутолмайман-ку. Яхшиси, сабр қилганим маъқул.

- Ўзи қанчадан буён майдонга тушмаяпсиз?

- Камида 12та ўйинни захирада навбат кутиб ўтказдим. Ҳозирги бош мураббий ишлашда давом этар экан, «Бучеон 1995»да ўйнамасам керак...

- Агент ҳуқуқингизни ҳимоя қилмаяптими? Ҳар ҳолда, сизни клубга жойлаштиргани учун ҳақ олгандир...

- Тўғриси, ўша агентни сира тополмаяпман - бедарак йўқолган. Бахтимга, Фаррух исмли агентни учратдим ва шу ўзбек йигити ёрдам беряпти. Яна нима ҳам қила олардим? Клуб билан амалда шартномам бор ва ўзимча кетолмайман.

Хуллас, сабр билан кутишдан ўзга чорам йўқ. Ҳа, ФИФАга шикоят ёзишни ўйладим. Лекин бундан наф чиқишига ишонмай, яна озгина кутишга қарор қилдим.

- Жамоа ҳужум чизиғида рақобат қандай? Балки рақобатда ютқазаётгандирсиз...

- Йўқ, очиқ айтаман, ҳужумчилардан ҳеч бири маҳорат бобида мендан устун эмас. Қолаверса, рақобатдан сира қочмайман. Бу ерда умуман бошқа масала бор. Юқорида айтганимдек, ҳамма гап бош мураббийда.

- Хўш, вазият ўзгаришига ишонч борми?

- Балки умумий ҳолат ижобий томонга ўзгариб қолар - умид шу.

- Олдинроқ Ўзбекистон чемпионатига қайтишингиз ҳақида хабарлар тарқалганди...

- Ҳа, шунга ҳаракат қилиб кўрдим. Чунки таклифлар ҳам бор эди. Лекин уринишларим бесамар кетди. Яъни корейс клуби раҳбарияти қўйиб юбормади. Энди шартномам муддати якунига етишини кутаман, шекилли.

- Аввалги жамоангиз «Қўқон-1912» бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов сизни яна ўз шогирдлари қаторида кўришга қарши эмаслигини айтганди. У билан бу масалада гаплашдингизми?

- «Қўқон-1912»дан кетаётганимда, Нўъмон ака ҳузурига чақириб, жамоа эшиклари мен учун ҳар доим очиқлиги ва бемалол қайтишим мумкинлигини таъкидлаганди. У аниқ таклиф билан ҳам чиқди. Бундан ташқари, олий лиганинг бошқа жамоаларидан ҳам чорловлар олдим. Аммо «Бучеон 1995» билан тузилган шартнома туфайли уларни қабул қилолмадим.

- Ҳозирги ҳолатни назарда тутсак, Ж.Кореяга йўл олганингиздан афсусланмаяпсизми?

- Очиғи, бу ерга келиш қарори хато эмасди. Ҳарқалай, Жанубий Корея чемпионатида ўйнаш - ўзига хос тажриба. Мана, озми-кўп майдонга тушдим, бунинг учун шукр қиламан. 

- «Бучеон 1995»нинг чемпионатдаги ишлари қандай?

- Жамоа натижалари чакки эмас. Танаффус чоғи таркибга 3 нафар янги футболчи қўшилди. Улардан бири Бразилиядан, иккиси маҳаллий футболчи. Демак, иккинчи давра ҳам ёмон ўтмаса керак.

- «Бучеон 1995» билан шартномангиз қачон якунланади?

- Келишувимиз 31 декабргача мўлжалланган.

- Мана, ЖЧ-2018 учинчи саралаш босқичининг ҳал қилувчи ўйинлари яқинлашмоқда. Ж.Кореяда бўлажак баҳслар нечоғли муҳокама қилиняпти?

- Албатта, муҳокама бўлаётгани аниқ. Бироқ корейс тилини билмаслигим туфайли аниқ маълумот беролмайман. 

- Жанубий Кореяда тўп сураётган Баҳодир Насимов билан ҳам гаплашиб турибсизми?

- Ҳа, албатта. Баҳодир ҳам жиддий жароҳат сабаб анча қийналди. Ҳозир жароҳатдан фориғ бўлиб, машғулотларда астойдил ишлаяпти. Фурсатдан фойдаланиб, дўстимга омад тилайман.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:53, 18.08.2017.
Ўқилди: 4412 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.