Миллий терма жамоамиз Хитойга қарши ўйнайди. Биз Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида муҳим қадам ташлаймиз ёки акси. Ишқилиб, акси бўлмасин.
ТУРИНГ, ВАҚТ КЕТЯПТИ, ВАҚТ!
Ҳадемай ўйин бошланади. Туринглар энди, футболчилар. Олдингизда сизни муҳим ўйин кутиб турибди. Айниқса, бу гап кўпроқ дарвозабонимиз Александр Лобановга тегишли. Ҳурматли Лобанов, бугун сиздан ўзгача ўйин кутамиз. Биламиз, барибир, Бабаян сизни асосий таркибда майдонга туширади. Шу боис Хитойга қарши ўйинда, аслида, бошқача эканлигингизни исботланг. Мухлислар янглишганини, сиз жуда жон куйдириб ҳаракат қилишингизни кўрсатинг. Ортиқча вазндан халос бўлганингизни, энди бу ёғига худди спортчилар баланд-баланд сакрагандек сакрай олишингизни исботланг. Айтгандай, эсингиздами, Жанубий Корея биринчи ўйинда сизнинг ортиқча вазнингиз туфайли гол урганди. Бу сафар хитойликлар ҳам худди шунга уринишлари тайин. Энди енг шимаринг, кўрсатиб қўйинг бу сафар улар чучварани хом санаганликларини. Шунчалик баланд сакрангки, ҳаводан келаётган тўпларда рақибнинг керак бўлса 3 метрлик футболчиси ҳам ҳеч нарса қила олмасин. Қолаверса, жарима зарбаларию пенальтиларни қайтаришнинг ҳам ҳадисини олганингизни кўрсатинг. Чунки Самвел Бабаяннинг бир қўпол ҳимоячиси бор асосий таркибда тушадиган, ўша рақибни йиқитиб, пенальтига сабаб бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, олдиндан ҳеч нарса деб бўлмайди-да.
БИРОРТА ХИТОЙЛИКНИ ЎТКАЗМАНГ!