Олий лига 20-турида "Навбаҳор" Муборакда “Машъал” меҳмони бўлди.
Учрашувнинг дебютида жамоалар бир-бирларини ўйин услубини ўрганишга эътибор қаратишди. Вақт ўтгани сайин футболчилар ҳужумлар ташкил этишга ўтишди. Лекин, Муборакда ҳаво ҳарорати иссиқ бўлганлиги сабабли тезкор ҳужумлар ташкил этишда қийинчиликларга дуч келишди.
27-дақиқада мезбонлар пенальти тепиш имконига эга бўлишди. Аъзам Алиевни ўз жарима майдончаси ичида тўпни қўли билан ўйнади деб топган Қодиров нуқтани кўрсатди. Пенальтини Шаҳзод Шайманов аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди.
Тез орада ҳисоб тенглашди. Азизбек Турғунбоев икки бор бурчак тўпини амалга оширгач, иккинчи уринишда Неманья Йованович боши билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Сербиялик ҳужумчи “Навбаҳор”нинг Ўзбекистон чемпионатларидаги 1300-голини урганлигини ҳам қўшимча қилиш жоиз.
Иккинчи бўлим тенг курашлар остида ўтган бўлса-да, майдон эгалари ғалаба тўпини киритишни уддасидан чиқишди. 59-дақиқада “Машъал”нинг марказдан ташкил этган ҳужуми гол билан якунланди. Хумоюн Муртазоев Зафар Тўраевни қулай вазиятга чиқарди. Аманов билан ёлғиз қолган муборакликлар ҳужумчиси имкониятдан самарали фойдаланди.
Мағлубиятга учрашни истамаган меҳмонлар майдонга Рўзимбой Аҳмедовни, кейинчалик эса Аббос Махсталиевни туширишди. Олдинги чизиқлар кучайтирилган бўлсада, ҳужумларни гол билан якунлаш насиб этмади. Ўз навбатида мезбонлар ҳам ҳисобда олдинга чиқиб олгач, ҳимояда бехато ҳаракат қилиб, қарши ҳужумларга эътибор қаратишди. Захирадан сафга қўшилган Рўзимбой Аҳмедов “Машъал” посбонининг қўпол хатосидан самарали фойдаланганида, Муборакда дуранг қайд этилиши ҳам мумкин бўларди.
Олий лига, 20-тур
7 сентябрь. Муборак. Б.Вафоев номли ўйингоҳ.
“Машъал” - “Навбаҳор” - 2:1 (1:1)
Голлар: Ш. Шайманов (23-пен.), З.Тўраев (59) - Н.Йованович (27).
Ҳакамлар: З.Қодиров, О.Жумаев, Р.Самандаров, Ш.Ражабов.
Назоратчи – Х.Мухторов.
ПФЛ вакили – В.Лёткин.
“Машъал”: 35. Жавоҳир Илёсов, 6. Сардор Абдураимов, 10. Хумоюн Муртазоев, 13. Шаҳзод Шайманов, 18. Аббос Шодмонов, 19. Зоҳир Қўзибоев (77. Абдуллоҳ Олимов, 46), 27. Никита Павленко (2. Искандар Шайқулов, 80), 31. Игорь Тиманюк, 44. Асилжон Бегимқулов, 55. Аваз Агалиев, 90. Зафар Тўраев (23. Кенжа Тўраев, 88).
“Навбаҳор”: 30. Асилбек Аманов, 5. Ғиёс Комилов, 7. Ойбек Қиличев (22. Рўзимбой Аҳмедов, 60), 9. Дилшод Жабборов (С), 18. Дониёр Усмонов (24. Сардор Азимов, 50), 19. Мирзоҳид Ғофуров, 21. Аъзам Алиев, 32. Жаҳонгир Меҳмонов, 44. Дарко Станоевич (70. Аббос Махсталиев, 76), 77. Азизбек Турғунбоев, 84. Неманья Йованович.
Огоҳлантиришлар: А.Шодмонов (68) - М.Ғофуров (77).