Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

“Тилла бола” – бу Шаҳрам Ғиёсовга ижтимоий тармоқларда берилаётган таъриф

Баҳо:
+ | -

“Тилла бола”. Бу Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлган спортчимиз Шаҳрам Ғиёсовга ижтимоий тармоқларда берилаётган таъриф.

Шаҳрам 2016 йил Бразилияда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Ўшанда кўпчилик мутахассислар жаҳон боксида ўз услубига эга янги ном пайдо бўлгани ҳақида гапира бошлади.

Бу тасодиф эмаслигини ўзбек бокс мактабининг ёш вакили Гамбургда ўтказилган жаҳон чемпионатида яна бир бор исботлади. Дастлаб украиналик Евгений Барабановни мағлуб этган Шаҳрам кейинги босқичда англиялик Пэт МакКормакка рўбарў бўлди. Рақиб чиндан ҳам эпчил ва чаққон эди. Аммо Шаҳрам уни ҳам рингни бош эгиб тарк этишга мажбур қилди.

Навбатдаги босқичда вакилимиз қозоғистонлик ринг устаси Аблайхон Жусуповга қарши рингга чиқди. Шаҳрам 20 ёшли рақиби ҳақида учрашув арафасида шундай деди: “Мен Аблайхонни ҳурмат қиламан. У жуда яхши, келажаги порлоқ боксчи”. Рақибининг ҳурматини жойига қўйиб, у ҳақда илиқ фикр билдириш, истиқболига омад тилаш учун ҳам одам мард бўлиш керак. Бизнинг Шаҳрам шундай қилди.

Қозоғистонлик спортчи ўз ғалабасига ишониб астойдил курашди. Аммо, Шаҳрам барибир кучли эди.

Финал фақат олтин медаль учунгина курашдан иборат эмас, балки Ватан шаъни, эл-юрт ғурури учун жанг эди. Финалда кубалик Рониель Иглесиасга қарши рингга чиққан Шаҳрам буни ўн чандон кўпроқ ҳис этарди. Гап шундаки, унгача уч нафар жамоадоши олтин медаль учун баҳсларда турли ҳолатлар сабаб мағлуб бўлган эди. Бирининг озгина омади келмади, бошқасининг ҳаракатларини баҳолашда холислик етишмади. Олимпиадада учта олтин медални қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоасининг бори шуми, деган кинояли иддаолар бўлиши мумкинлигини ҳам Шаҳрам яхши сезиб турарди. Бунинг устига, ўзбекистонлик мухлислар ҳам ўз суюклиларининг олтин медаль билан қайтишига ўрганиб қолган бўлса?! Шундай кезларда кимга қийин, сўнгги финалчига-да! Бинобарин, кучли ва тажрибали рақибига қарши руҳий босим остида қолиши, ўзини йўқотиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас.

– Баъзи боксчилар тактик усулни хуш кўради, – дейди Шаҳрамнинг отаси, собиқ ринг устаси Жамшид Ғиёсов. – Улар рақибни бироз ўрганиб, унинг хато қилишини кутиб ҳужумга ўтади. Менимча, ғалабани ўйлаган спортчи рақибини ўз услубига мос жанг қилишга мажбур этиши керак. Биринчи мураббийси Олим Муҳамедов, ҳозирги устози Равшан Хўжаев ва терма жамоа мураббийлари ўгиту кўрсатмаларига амал қилиб келаётган ўғлимга шундай йўл кўп наф келтирган.

Ҳар бир жанг ўзига хос. Кечаги устунлигингни унутган ҳолда қаршингда янада кучли рақиб турганини ҳис этиб ҳаракат қилишинг лозим. Шаҳрам шундай қилди. У мустаҳкам ҳимояни таъминлаган ҳолда рақибини шошириб қўядиган тезкор ва тажовузкор ҳужумга зўр берди. Кутилмаган вазиятларда ортга чекиниб, кетма-кет зарбалар йўллади. Ҳисоб ҳам шунга яраша бўлди – 5:0. Ўзбекистонлик спортчи фойдасига. Рониель ҳам мард экан, ўзбек спортчисини ғалаба билан табриклади. Ҳақиқатан ҳам кучли бўлганларгина ўзларидан зўрга тан беради.

Шаҳрамнинг қариндош-уруғлари, айниқса, 81 ёшли бобоси Бекмурод ота Аҳадов набирасининг ҳақиқий мухлиси.

– Шаҳрамнинг бокс тушганини кўрдингизми, дейсизми, – саволимга савол билан жавоб қайтаради отахон. – Эҳ-ҳе, мен кўрай-да набирамнинг жангларини, нақд телевизорнинг ичига кириб кетаман ўзиям. Кампирим Латофат бибингизни ҳам чақираман. У юрагим чидамайди, дейди. Қўрқади-да кампири тушмагур. Мен ичкарида, у ташқарида дуо қиламиз. Шу кунларга етказганига шукр. Илгари бундай туйғуларни билмаганмиз. Умримизда кўрмаган, билмаган биров рингга тушса ҳам мухлислик қилаверганмиз. Ўзингники барибир бошқача бўлар экан. Шаҳрамжонимизнинг кўксига тилло медаль тақилиб, юртимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда бошқача бўлиб кетдим. Гўё бутун дунё: "Ана, чемпионнинг бобоси", деб ҳавас қилаётгандек. Хурсандлигимдан йиғладим, кампирим ҳам йиғлади. Табрик қўнғироқлари-ку, тинмаяпти. Сезиб турибман, уларнинг ҳам ўпкаси тўлган. Юрак қурғур қинига сиғмайди шундай пайтларда. Ахир, Ўзбекистон ютди-да, болам! Бунинг бари мустақилликдан.

Боксчилар ўз ғалабаларини турлича нишонлайди. Шаҳрамники ҳам ўзига хос – икки қўлини ёзган куйи сакрайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Ҳаётда кўпчилик машҳурларга ҳавас қилади, айниқса, ёшлар. Бугун Шаҳрам Ғиёсовга ҳавас қилаётган, уни ўзига ибрат деб биладиганлар нафақат юртимизда, балки бутун дунёда кўпчилик. Мамлакатимизда спорт билан шуғулланиш, ўз қобилиятини намойиш этиш учун барча шароит яратилган. Демак, бугунги ютуқларини 2020 йилги Токио Олимпиадаси сари йўл деб биладиган “тилла бола”лар – Шаҳрамнинг издошлари сафи кенгаяверади.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
Манба: uza.uz
Киритилди: 12:04, 08.09.2017.
Ўқилди: 10249 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.