«Бунёдкор»да Жанубий Кореяга қарсак чалган қўллар
Футболчиларни қўйинг-у, лекин мухлисни энг зўрини биздан изланг. Саркаш футбол федерацияси, жамоаларимиз ишқибозларни ҳарчанд футболдан кўнглини қолдиришга уринишмасин, қатъиятли футболсеварларнинг тўп ўйинига бўлган меҳри ҳеч пасайиб қолаётгани йўқ. Ҳар сафар, йўғ-ей... сурункали равишда мундиал йўлида қоқилганимизда: «Энди терма ўйинига қизиқиш пасайса керак» деб ўйлаймиз. Қайсар мухлислар эса янада баттарроқ уринишади. Футбол федерацияси эса янада заҳмат чекиб, атайин саралашларда терма учун тиконли йўлларни танлайди. Савияли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари уюштиришга уринмайди, ҳатто бировнинг хаёлига ҳам келмаган мутахассисни (унинг чиндан мутахассислиги шубҳали) бош мураббий қилиб қўяди. Ишқибозлар эса терманинг ўйинига воҳа, водийдан тўп-тўп бўлиб келаверадилар.
Саралашдаги сўнги ўйинни мухлислар билан бирга стадионда кўрдим. Тўғриси, Европанинг энг зўр «футбол мамлакатлари» ҳам ҳавас қиладиган даражадаги ишқибозларимиз бор. Улардаги мухлислик маданияти рисоладагидек. Футболни жуда теран тушунадиган тоифа шаклланган бизда. Бир бўлим давомида ношуд мураббий танлаган оҳангга йўрғалай олмаган 11 йигитни чин дилдан олқишлаб турган 30 мингдан зиёд мухлис, иккинчи бўлим охирларида «омад кабутари» парвоз этмаслигини пайқади. Мураббий шарафига: «Бабаян беғараз!», «Қўшмозор бўл» бақириқларини ишлатишгани бор гап. Нима энди, минглаб километрдан пул сарфлаб келади-ю, аччиғи чиқмайдими?
Лекин, ўйин сўнгида рақиб бўлса ҳам сифатли ўйин кўрсатган корейс жамоасига 5 дақиқа қарсак чалиб туришди. Шунақа мард бизнинг ишқибозлар. Бироқ, агар футболимиз мутасаддилари шу кетишда иш олиб боришса, биз ҳали узоқ йиллар нотавонларча ўзга юрт футболига чапак чалиб юраверамиз.
Футбол федерациясини ким бошқаради?
Ўша ўйиндан сўнг твиттер ва фейсбукда: «ЎФФда мухлисларга ёқадиган жўяли ўзгаришлар бўлишига ишонасизми?» деган сўровнома ўтказиб кўрдим.
Қатнашувчиларнинг 54 фоизи ўзгариш бўлишига умуман ишонмайди. Қолган 41 фоизи умид қилаётганлар қаторида. Фақат 5 фоиз некбин кишилар бор экан. Ана сизга мухлисларнинг футболимизнинг энг юқори органига нисбатан эътирофи! Футбол хўжалигига раҳбар бўлиб турган ташкилот ўтган 25 йил давомида футбол ривожи учун нима қилиб қўйди, ўзи? Ахир, ўтган чорак аср давомида болалар спортидан тортиб, терма жамоагача бўлган самарали футбол тизимини ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этиш мумкин эмасмиди?
Ҳа, бир марта 2006 йилги мундиал йўлида Баҳрайн билан ўйинни ташкилот аризасига биноан қайта ўйнаб «қовун туширганимиз» ёдимизда. Федерация фикримга бир дунё рақамлар ёзилган жавоб қайтариши мумкин. Лекин, ўша муассаса мамлакат футболи учун энг олий мақсад – термани мундиалга олиб чиқолмагани унинг иши «2» баҳога лойиқ эканини кўрсатади. Ачинарлиси, мухлисларнинг футбол ташкилотига ишончи сўнган. Ҳар бир вилоятида давлат ҳисобидан камида учтадан футбол интернати, туманларда ҳам шунча футбол мактаблари фаолият юритаётган, учта лигаси бор юртдан 11 нафар савияли футболчини тарбиялаш шу қадар қийинмикан?
12 сентябрь куни ана шу ташкилотга янги раҳбар сайланаркан. Мухлислар мана шу хабарни эшитганидан бери жони ҳалак. Ишқилиб, тўп ўйинини тушунадиган инсон келсин. Номма-ном айтиш ноўрин, лекин ўзимизнинг футболда улғайиб, кўҳна қитъада тажриба орттирган, Африка футболида ишлаган ёш мутахассислар бор. Ана кеча футболда ном қозонган, яқин йилларда футболчилик фаолиятини якунлаш арафасидаги ўйинчимизнинг телеэкрандаги сўзларини эшитдик. Юракдан гапирди шу йигит. Унда келажакдаги терманинг бош мураббийини кўрдик. Ўзбек футболи мутахассислардан ҳеч танқислик сезмаган. Таваккалига – ёш, шижоатли, энг асосийси футболни севадиган кишини бошқонликка қўйиб кўриш вақти келди-ёв.. Раҳбарлик лекин жуда нозик масала, кишида шунга яраша қобилият бўлиши ҳам даркор. Лекин, ёшларга имконият бериш керак.
ЎФФ президентлиги жиддий масала. Лекин, уни ҳам демократик тамойиллар асосида ўтказиш пайти келгандир... Лекин, термага бош мураббий танлашда мухлислар ўртасида сўровнома ўтказилса тўғри бўлар эди.
Ўзбек футболини «евроремонт» қилиш зарур
Барчамизга маълум, қайсидир юрт бирор соҳада бошқалардан илгарилаб кетса, улардаги мавжуд ижобий жиҳатлардан бошқалар ҳам ўрганиб фойдаланишга ҳаракат қилади. Уч ой олдин германиялик мутахассислар биздаги бокс мактаби билан танишиб кетганидан хабаримиз бор. Билиб турибмиз, футболимиз ўсишдан тўхтаб қолди. Демак, миллионлар ўйинида биздан илғор бўлган бўлган Европа футболи андозасини олиб, ўзимизда татбиқ қилишимиз зарурияти туғилган.
Мен юртимизга Жозе Моуриньо ёки Пеп Гвардиолани олиб келиш керак, деган фикрдан йироқман.
Янги иш бошлайдиган Футбол федерацияси ҳар бир вилоятга қўҳна қитъанинг Португалия, Нидерландия ва Англия каби давлатларидан тажрибали болалар мураббийларини олиб келиб, футбол мактабларида ишлаётган устозларга семинарлар ташкил этиш керак ва жуда зарур. Улар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ўзимизнинг анъаналаримизга мослаб, футболда ғалаба қозонишнинг «ЗАМОНАВИЙ ЎЗБЕКОНА ФАЛСАФАСИНИ» ишлаб чиқиш пайти келди, менимча. Вилоятларимизнинг чекка қишлоқларида қурилиб ишга туширилаётган кўплаб мини-футбол стадионларига бориб кўринг-а.. Ўйингоҳлар эрта-ю-кеч терлаб тўп тепаётган ўсмирлар билан банд. Чунки, бизда футболга бўлган қизиқиш аъло даражада. Табиатимизни йилнинг деярли тўрт фаслида футбол ўйнаш учун қулайлиги айтмайсизми? Фақат копток қуваётган йигитлар қандай ўйин ўйнаётгани, бутун жаҳонни маҳлиё қилган ўйин фалсафасини билмайдилар, холос. Мактабларимиздаги машғулотлар савияси жаҳон андозаларига тўғри келгандагина қитъа ва дунё миқёсидаги муваффақиятлар ҳақида ўйлашимиз мумкин.
Футбол – худди тирик организмдек. Доим ўсишда. Бизнинг терма жамоа ва клубларимиз ютуқларга эриша олмаяптиларми, демак мураббийлар изланмаяпти. Чунки, футболнинг боши, ўртаси ва якуни мураббийга боғлиқ. Машҳур мураббий, тотал футбол асосчиларидан бири – Валерий Лобановский «Мураббий бутун умри давомида ўқиши, изланиши лозим. Ким ўрганмай қўйдими – у мураббий эмас. Вақтни алдаб бўлмайди» деганди.
Қани кўрамиз, футболимиз мутасаддилари «дўппини бошдан олиб» ўйланар энди...
Элмурод Эрматов, Андижон