Бугун “Насаф” ўз майдонида “Қизилқум” жамоаси билан баҳс юритди. Учрашувда “аждарлар” 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдаги ҳисоб 1-дақиқадаёқ жамоамиз томонидан очилди. Тезкор илк ҳужум ва дарвозага илк зарба голга айланди. Бунда чап қанотдан Жасур Ҳасановнинг ошириб берган тўпини Баҳром Абдураҳимов дарвозага жойлаб қўйди – 1:0. Бу гол Баҳром Абдураҳимов ҳисобига бу йилги чемпионатдаги олтинчи голи сифатида ёзиб қўйилди. Баҳром Абдураҳимов жорий чемпионатда “Насаф”нинг илк голига муаллифлик қилган бўлса, энди жамоамизнинг энг тез киритилган голига ҳам муаллиф бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жамоамиз бугун ҳам ҳужумкор ўйин намойиш этди. Майдонда рақибига нисбатан устун бўлди.
Албатта ҳужумлар жуда кўп бўлди, аммо вазиятлардан фойдаланилмади. Шу ўринда “Қизилқум” жамоасининг ҳам яхши ҳимояланганини эътироф этиш жоиз.
Биринчи бўлим ана шу ҳисобд якунига етди.
Иккинчи бўлим анча шиддатли бўлди. Меҳмонлар ҳам ҳисобни тенглаштириш учун бор кучи билан ҳаракатланди. Иккинчи бўлимда улар бироз устунликка эришган дақиқалар ҳам бўлди. Аммо жамоамизнинг уларга нисбатан ҳимояда ҳам, майдон марказида ҳам ва ҳужумда ҳам катта босим билан қилган ҳаракатлари, уларнинг мақсадини пучга чиқарди.
Иккинчи бўлимнинг иккинчи ярми жуда шиддатли кечди. 70-дақиқада “Насаф” дарвозадан анча узоқ масофада жарима тўпи тепадиган бўлди. Жарима тўпи Жасур Ҳасанов томонидан ажойиб тарзда амалга оширилди. Ҳар доим бундай вазиятларда рақиб дарвозаси олдида ҳозир бўладиган тажрибали ҳимоячимиз Игорь Голбан, бу сафар ҳам шай турган эди. У ташлаб берилган тўпни боши билан дарвозага йўллади ва тўп дарвоза тўридан жой олди – 2:0. Игорь Голбан бу билан мавсумдаги 3-голини ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Тажрибали ярим ҳимоячимиз Жасур Ҳасановнинг жамоамиз ютуқларига қўшаётган ҳиссаси ўйиндан-ўйинга ошиб бормоқда. Ҳасанов бугунги икки голга ҳам ҳаммуаллифлик қилганини эътироф этиш жоиз.
Ўйинда ҳисоб йирикроқ бўлиши ҳам мумкин эди. Афсуски кўп вазиятларда гол уриш учун ўйинчиларимизда омад етишмади.
Шундай қилиб “Насаф” кетма-кет бешинчи ғалабасини нишонлади. Албатта керакли ва қимматли очколарни йиғишда давом этмоқда. Жамоамизнинг ютуқлари ана шундай бардавом бўлишини умид қилиб қоламиз.
“Насаф” навбатдаги учрашувни 7 октябр шанба куни яна ўз майдонида ўтказади. Шу куни жамоамиз Ўзбекистон Кубоги-2017 ярим финали жавоб учрашувида “Локомотив” жамоаси билан баҳслашади.
ЎзПФЛ 23-тур
“Насаф” (Қарши)–“Қизилқум” (Навоий) 2:0 (1:0). 4638 нафар томошабин
30.09.2017. “Марказий” стадиони. 18:00да
Бош ҳакам: Шерзод Қосимов (Тошкент)
Голлар: Баҳром Абдураҳимов, 1’-1:0, Игорь Голбан, 70’-2:0
“Насаф”: 35.Санжар Қувватов, 2.Акмал Шораҳмедов (с), 6.Азизжон Ғаниев (5.Ғолиб Ғайбуллаев 90+3), 7.Одилжон Ҳамробеков (27.Ислом Рашидхонов 88), 18.Баҳром Абдураҳимов, 20.Ислом Кенжабоев (45.Бобир Абдухолиқов 90+3), 22.Игорь Голбан, 34.Фарруҳ Сайфиев, 69.Драган Черан, 77.Жасур Ҳасанов, 92.Умарбек Эшмуродов.
“Қизилқум”: 55.Эркин Жабборов, 2.Виктор Григорьев, 3.Шукурали Пўлатов, 4.Эркин Бойдуллаев (с), 6.Нодирхон Камолов, 9.Отабек Зокиров (77.Бкгзод Ғанижонов 90), 17.Артур Геворкян, 18.Самандар Шодмонов, 23.Шерали Жўраев, 89.Отабек Исроилов (20.Ғайрат Жумаев 76), 92.Акмалжон Бахритдинов.
Огоҳлантириш: Одилжон Ҳамробеков (62) - Шерали Жўраев (28), Акромжон Бахритдинов (55)