Ноябрнинг илк куни биринчи лигада мавсумга якун ясалди. Муддатидан аввал элита йўлланмасини қўлга киритган Қувасойнинг «Цементчи» клуби Урганчда «Хоразм»ни мағлуб (2:0) этди.
Абдумалик Ҳакимов шогирдлари 85 очко билан чемпионатнинг кичик олтин медалларига эга чиқишди. Фарғона вилоятининг иккинчи жамоаси «Истиқлол» эса ўз майдонида «Ғаллаорол»дан 6:1 ҳисобида устун келди.
Ушбу ютуқ сабаб «Истиқлол» 73 очко билан турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллади. 72 очкога эга Усмон Тошев бошчилигидаги «Андижон» кучли учликка якун ясади.
Афсуски, ПФЛ чиқарган қарорга кўра, биринчи лиганинг иккинчи жамоаси олий лигага чиқолмайди. Биз сўнгги тур учрашувидан сўнг «Истиқлол» клуби тўпурари, жорий мавсум 15та гол уришга эришган ҳужумкор ярим ҳимоячи Ҳошимбек Шокировдан интервью олдик.
У «Ғаллаорол»га қарши кечган ўйинда «дубль» қайд этди.
- Ҳошимбек, жамоа мавсумнинг сўнгги ўйинида йирик ҳисобдаги ғалабага эришди. Федерациянинг қароридан сўнг футболчилар тушкун ҳолатга тушиб қолмагани таҳсинга лойиқ. Шундай эмасми?
- Тўғри, бу ҳам олий лига, ҳам биринчи лига жамоалари учун кутилмаган қарор бўлди. Албатта, биз футболчилар, мураббийлар ва клуб раҳбарларининг қўлидан ҳеч нарса келмайди, қарорни ўзгартира олмаймиз.
Тақдирга тан бериб, мавсумнинг сўнгги учрашувида мухлисларимиз учун энг чиройли ўйинимизни намойиш этишга интилдик. Ўйлайманки, бу ишнинг уддасидан чиқдик. Тушкун ҳолат бўлиши мумкин, лекин биз буни сездирмасликка ҳаракат қилдик.
Очиғи, федерациянинг қароридан ранжидик. Барибир, ҳар қандай ҳолатда ҳам сўнгги учрашувда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Боиси, уч очко олмасак, «Андижон»нинг турнир жадвалида биздан ўзиб кетишига замин яратардик.
Қолаверса, мавсумнинг охирги ўйинини ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ўтказдик. Уларга байрам улашишни мақсад қилгандик ва бунга эришдик, деб ўйлайман. Ўзимга келсак, бу мавсумда 15та гол уришни уддаладим.
Соф ҳужумчи бўлмаган футболчи учун бу ёмон натижа эмас, менимча. Қолаверса, жароҳатим сабаб чемпионатнинг 5та ўйинида майдонга туша олмадим. Акс ҳолда, голларим сони янада кўпаярмиди?!
«Ғалла-орол»га қарши кечган ўйинда рақиб дарвозасини 2 марта ишғол қилдим. Улардан бирини жарима тўпидан сўнг киритдим. Яна бир голни пенальтидан урдим.
Келаси мавсум қайси жамоа таркибида ўйнашимдан қатъий назар, тўпурарлик салоҳиятимни оширишга ҳаракат қиламан. Ўз олдимга ҳозирданоқ шундай мақсад қўйдим.
- Федерациянинг қарорини жамоадагилар қандай қабул қилишди? Мавзу бўйича муҳокама ўтказилдими?
- Менимча, буни ҳеч ким кутмаганди. Йил давомида олий лига йўлланмаси учун кураш олиб борсангизда, якунда бундай тўхтамга келишса, жуда алам қиларкан.
Йил бўйи қилган меҳнатимизга ачиндик. Албатта, қарорни муҳокама қилдик. Табиийки, ҳеч ким бундан хурсанд бўлгани йўқ. Лекин ҳалиям умидимизни узмадик.
- Хўш, нимадан илинж бор?
- Балки ЎФФ шошилинч қабул қилинган қарорни ўзгартирар. Бу ўзгаришларни 2019 йилдан амалга татбиқ этишар, деган умиддамиз. Шу тариқа барча спорт тамойилларига риоя қилинган бўларди.
- Ўзи жамоа олий лигада ўйнашга тайёрмиди?
- Албатта. Биз кучлилар сафида курашишга ҳар томонлама шай эдик.
- Олий ва биринчи лига талаблари орасида жуда катта тафовут бор. Молиявий имконият, стадион, клуб инфратузилмаси мутлақо бошқача бўлиши керак. «Истиқлол» ана шу талабларга жавоб бера оладими?
- Шахсий фикрим - жавоб бера олади. Шароитларимиз жуда яхши.
- «Истиқлол»нинг биринчи лигадаги омадли иштирокининг асосий омиллари нимада бўлди?
- Энг асосийси, яратилган шароитлар ажойиб эди. Жамоамизнинг ҳар бир чизиғида маҳоратли ижрочилар жам бўлишганди. Бош мураббийимиз Усмон Асқаралиев рақобатбардош жамоа шакллантира олди. Бу мутахассисдан жуда кўп нарса ўргандик.
Муваффақиятли иштирокимизга замин яратган инсонлардан бири ҳам айнан Усмон ака бўлдилар. Қолаверса, клуб раҳбарияти олий лигадан кам бўлмаган шароитларни яратиб берди.
Ўз ўрнида, биз уларнинг ишончини оқладик, деб ўйлайман. Жамоамиз мухлислари ҳам бу йилги иштирокимиздан хурсанд бўлишди.
- Олий лигадан кам бўлмаган шароит, деганда нимани назарда тутдингиз?
- Масалан, биз ўйнаган стадион майдони талабга тўла жавоб беради. Сафар учрашувларига 3 кун олдин етиб бориб, ўша ерда тайёргарлик олиб борамиз.
Жамоа Isuzu русумли шахсий автобус хизматидан фойдаланади. Тез орада «Истиқлол» ёзуви туширилган замонавий транспорт воситасига эга бўламиз. Насиб қилса, келаси мавсум ушбу автобусдан фойдаланамиз.
- Жамоага кимлар ёки қайси ташкилотлар ёрдам беряпти?
- Бош ҳомий - Қувасой таъмир-қурилиш ташкилоти. Клуб раҳбарлари футболни севишади. Фурсатдан фойдаланиб, бизга кўрсатилаётган ёрдам учун уларга миннатдорчилик билдираман.
- Маошларни вақтида олиб турдингларми? Қарздорлик кузатилмадими?
- Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Шундай пайтлар бўлдики, маошлар белгиланган кунидан олдин ҳам берилди. Қарздорлик ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
- Сир бўлмаса, биринчи лигада маош миқдори тахминан қанча? ДАВОМИ