“Нефтчи” ҳамда “Машъал” жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг “Нефтчи” футболчилари қисқа таътилга чиқишди. Фурсатдан фойдаланган ҳолда, жамоа ярим ҳимоячиси Музаффар Музаффаров билан боғланиб ундан интервью олдик.
– Мавсум давомида деярли барча ўйинларда тўлиқ иштирок этдим, – деб гап бошлади Музаффар. – Шу сабабли балки “Машъал”га қарши баҳсда чарчоқ аломатлари сезилгандир. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам жорий мавсумдаги сўнгги уй баҳсида мухлисларга ғалабани тақдим этдик. Мен шундан хурсандман. Муборакликларга қарши баҳсда омад биз тарафда бўлди. Бу футбол. Унда кимдир ғалаба қозонса, кимдир мағлуб бўлишга мажбурдир.
Учрашувда ёш жамоадошимиз Авазбек Ўлмасалиев баҳс тақдирини ҳал қилувчи голга муаллифлик қилди. Авазбек иқтидорли футболчи саналади. Уни келажакда яхши савияли ўйинчи бўлиб етишиб чиқади деган фикрдаман. Балки вақти келиб уни хориж чемпионатларида ҳам кўрармиз. Авазбекка омад тилайман.
Шу ўринда фарғоналик мухлисларга раҳмат айтиб қолмоқчиман. Улар бизни қийин пайтларда ҳам ёлғизлатиб қўйишмади. Барчаси учун раҳмат, – деди Музаффар Музаффаров.