Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

“Бухоро”нинг бу йилги иштирокига назар ёхуд жамоанинг олий лига-2017даги иштироки рақамларда!

Баҳо:
+-1 | -

Мамлакатимизда бу йилги олий лига баҳслари якунига етганига ҳам роппа-роса бир ҳафта бўлди.

БАҚОЕВНИНГ ДЕБЮТИ ЁМОН ЧИҚМАДИ

Ишқибозларга яхши маълумки, бу йилги мавсумни “Бухоро” Улуғбек Бақоев бошчилигида ўтказди. Айтиш лозимки, мавсум жамоа учун турлича ўтди. Аввалига муваффақиятли кечаётгандек таассурот қолдираётганди, аммо сўнгги пайтларда омад юз ўгириб, якунда “Бухоро” чемпионатни 6-ўринда тугатди. Маҳаллий мураббий саналадиган Улуғбек Истамович учун ҳам бу йилги мавсум харқалай ёмон ўтмади деса бўлади. Сабаби Бақоев мураббийликдаги илк мавсумидаёқ 6-ўринни эгаллаш билан бирга, қисқа вақт ичида курашчан жамоа шакллантириб, маҳаллий мухлисларнинг хурматини қозонишга эришди. Чемпионат бошланишига оз муддат қолганида жамоани қийин вазиятда қабул қилиб олган Бақоев энг аввало ўз ёнига таниқли мураббий Бахтиёр Ашурматовни ёрдамга чақириб олгани унинг энг катта пльюсларидан бири бўлди. Чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, Бақоев бунгача бош мураббий сифатида хеч бир клубда ишламаганди. Боз устига 40 ёшли мураббий “Бухоро” бош мураббийи этиб тайинлангач, нафақат мураббийлар штабида, балки таркибда ҳам ўзига яраша муаммолар кўндаланг турганди. Бундай чигал вазиятдан чиқиб кетишини кўпчилик кутмагади ва ўша пайтда аксарият одамлар “Бухоро” бу йилги чемпионатда 10-ўринни эгаллаши ҳам катта гап қабилидаги фикрларни ҳам илгари сурганди. Лекин Бақоев ва Ашурматов тандеми қийин вазиятдан чиқиб кета олди ҳамда ишқибозларни ишончини қайтаришга эришди. Табиийки бунда клуб хомийлари билан раҳбариятнинг ҳам хиссаси беқиёс. Айнан уларнинг ҳам моддий ва манавий қўллаб-қувватлаши натижасида “Бухоро” мавсумни кўтаринки руҳда ўтказди. Жорий мавсум мураббийлар штабида Улуғбек Бақоевга Шухрат Файзиев, Евгений Антоненко ва Нурилло Ҳабибов сингари мутахассислар ҳам кўмаклашишгани айтиб ўтиш лозим. Албатта уларнинг ҳам тажрибаси жамоага қайсидир пайтда асқотди. “Бухоро”нинг 40 ёшли бош мураббийи бу йил кўплаб ўйинларда қизиққонлиги ва жонбозлиги билан ҳам кўпчиликни эътиборини тортди. Учрашув пайтида шогирдларини қойиб туриши билан баъзида таниқли мутахассис Юрий Саркисянни эслатиб юборарди. Аммо ўйин якунлангач, матбуот анжуманида кўпинча қўли остидаги футболчилар билан фахрланишини билдириб ўтиб, уларни матбуот орқали ҳам руҳий жиҳатдан кайфиятини кўтариб қўйишни ҳам удаллади. Бақоевнинг бу йилги чемпионатдаги яна бир ижобий иши бу Иван Нагаевни яна аввалги холатига қайтаргани бўлди десак муболаға бўлмайди.

Мухлисларга яхши маълумки, Улуғбек Бақоев ҳам ўз вақтида ҳужумчи сифатида харакат қилган. У бу йил деярли “йўқолиб қолган” Нагаевни бошқатдан кашф этиб бера олди. Иван жарохатлар ва бошқа айрим сабабларга кўра, “Локомотив”да захира ўйинчисига айланиб қолганди. Мавсум аввалида уни Бақоев “Бухоро”га таклиф этиб, катта сахнага қайтарди ва футболчи ҳам ўзига билдирилган ишончни оқлади. Нагаев бу йил чемпионатда рақиблар дарвозасига 10та тўп киритиб, жамоа тўпурарига айланди. Энг асосийси у яна миллий терма жамоа мураббийларининг эътиборига туша бошлади. Хуллас Улуғбек Истамович мураббийликдаги дастлабки мавсумида ёмон таассурот қолдирмади. Бухоролик мухлислар ундан келгусида совринли ўринлар учун курашадиган жамоа шакллантиришига умид қилмоқда.

Ишонамизки, Бақоев келаси мавсумда ҳам албатта ишқибозларнинг меҳрини қозонади. Бу борада унга омад ва зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

ЛЕГИОНЕРЛАР ҚАНДАЙ ТААССУРОТ ҚОЛДИРДИ?

Улуғбек Бақоев бу йил таркибни имкон қадар кучайтириш мақсадида хорижлик футболчиларнинг ҳам хизматидан фойдаланди. Булар –Владимир Баенко, Кирилл Пасичник ҳамда Иворь Вайцер. Россиялик ҳимоячи Баенко қисқа фурсат ичида жамоанинг ҳақиқий етакчисига айланиб улгурди. Марказий ҳимоячи кўплаб учрашувларда “Бухоро”ни майдонга сардор сифатида ҳам бошлаб тушди. Шунингдек 27 ёшли легионер ўз активига 3та гол ҳам ёздириб қўйишга эришди. Қозоғистонлик яна бир ҳимоячи Пасичник ҳам ёмон таассурот қолдирмади. 24 ёшли футболчи ўз иштирок этган ўйинларда жамоага фойда келтиришга уринди. Ҳимоячилар орасидаги рақобат кучли бўлгани боис иккинчи даврада Кирилл кўп ҳам майдонга тушмади. Лекин қайсидир маънода ушбу футболчи ҳам ўзига билдирилган ишончни оқлади. Хорватиялик 29 ёшли Вайцер эса бу йил 19та ўйинда майдонга тушиб, 4та гол уришга эришди. Мураббийлар ундан асосан иккинчи бўлимда захирадан майдонга чиқариб, ўйинни кучайтириш мақсадида фойдаланди. Марказий ярим ҳимоячи ўз устида жиддий ишлаши билан ҳам кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди. Хорижлик футболчилар мавсумни тўлиқ “Бухоро”да ўтказди. Демак, улар мураббийларнинг ишончини оқлаган. Легионерларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳозирча тайинли фикр билдириш қийин.

“БУХОРО”НИНГ ЭНГ КЕКСА ВА ЁШ ФУТБОЛЧИСИ

Бу йилги мавсумда “Бухоро” таркибида харакат қилган Баҳриддин Ваҳобов жамоанинг мавсум-2017даги энг кекса футболчиси сифатида тарихда қоладиган бўлди. 34 ёшли футболчи 20та баҳсда майдонга тушиб, 3та гол уришга эришди. Аксинча жамоанинг жорий чемпионатдаги энг ёш футболчиси эса Шохжаҳон Насимов бўлди. 21 ёшга тўлмаган иқтидорли дарвозабон 2та учрашувда иштирок этди. “Локомотив”га қарши сафарда кечган баҳсда Насимов олий лигадига дебют учрашувни ўтказди. Кейинги ўйинни эса Шохжаҳон тўлиқ ўтказди. ШИХОВНИНГ РЕКОРДИ Санъат Шихов бу йилги мавсумда “Бухоро”нинг чин маънодаги етакчиси бўлди. Мураббийлар Санъатни тўлиқ 30та ўйинга қўйгани ҳам фикримизни тасдиқласа ажаб эмас. Бухоролик мухлислар яхши билишади, Шихов ўткан йилги мавсумда ҳам жамоа шарафини ҳимоя қилганди. 28 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи 2016 йилги мавсумда ҳам 25та ўйинда иштирок этган. Эътиборлиси бу йил у чемпионатнинг барча учрашувида майдонга тушиб, бирорта ҳам ўйинни ўтказиб юбормади. Бу орқали у жамоадаги бошқа футболчиларга ўрнак бўлди.

Манба: Pfcbuxoro.com
Киритилди: 14:19, 02.12.2017.
Ўқилди: 2389 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.