Испаниянинг икки суперклуби ўртасидаги баҳс ҳақида кўп таърифлар янграган. Аммо уларнинг кўпида бу ўйинни яхши кўриш сабаблари саналган.
Аслида футболни ардоқлаган одам класикони ёмон кўриши керак, нега дейсизми? Айтаман.
ЯРМИ-И-И-ИИ МАДРИД, ЯРМИ МЕССИ…
Дунё мана шу учрашувни томоша қилаётганда жаҳон харитаси ўзгаради – ярми Мадрид шаҳрига, ярми Каталония ҳудудига айланади. Испания ла лигаси тақвими чиққанда, нигоҳларимиз мавсум давомида ўтадиган шу икки учрашув муддатига қаратилади, шўрлик “Валенсия”ю “Атлетико”да нима айб, дейдиган одам топилмайди.
Режаларимизни шу ўйинга қараб белгилаймиз.
Энг ёмон томони
ОТАМДАН ҚОЛГАН ТОШОЙНА ҚАНИ?!
дейдиган мухлислар шу куни ер юзига қалқиб чиқадилар.
Яқинда ушбу клубларга мутлақо алоқаси бўлмаган Руминияда реалчи мухлис жонига қасд қилди, эшитдингиз. Хулоса нима бўлади – бугунги кунда эл класико нафақат футбол беллашуви, балки сиёсий ва ҳатто эътиқодий масалага айланиб бормоқда. Ачинарли ҳодиса.
Бошқа бирор бир ўйиндан сўнг бу қадар кўп муҳокама бўлмайди, биласиз. Ҳақоратларнинг энг янги навлари айнан класикони кутиб туради, тугаши биланоқ ижтимоий тармоқларнинг тўрига чиқади. Ҳаттоки бир-бири билан ёқа мушт бўлиб уришаётганлар ҳақидаги хабарлар ҳам чиқмоқда. Қариндошлар ўртасидаги келишмовчиликларга шу телба қарашлар сабаб бўлаётганига одам бир кулса, бир йиғлайди.
Мухлислар-ку, ўз йўлига, лекин бу баҳс футбол натижаларига, турнир даражасига-да таъсир ўтказмоқда. Биргина ўйиндан сўнг
САРОБГА ЧИҚҚАН КУБОКЛАРни
кўришимиз мумкин. Эл класико шу қадар муҳим ва қўрқинчли ўйинки, бир йил давомида қўлга киритиш мумкин бўлган 6та кубокдан 5тасини ютиб олган жамоа йил охирида наригисига ютқазиб қўйса, ўша кубоклар мухлислари кўз ўнгида йўққа чиқади. Олтинларни қалаштириб ташлаган мураббийларининг фаолиятига қизил тортилади.
Бир кун кейин ўтказилган сўровда мухлислар Олтин тўп олган йигитни ҳатто учталикка ҳам киритишмайди, ахир, у энг муҳим ўйинни бой берди-да! Бу баҳсда ғолиб чиққанлар кўкка отилади, ваҳоланки, уларнинг йиллик натижаларига эътибор қаратсангиз, биргина кубокдан бошқа нарсани топа олмайсиз. Бошқа бирор бир мамлакатда шу каби эътиборга молик ва барча натижаларни йўққа чиқарувчи учрашувни топа олмайсиз.
Эл класико бошқа миллий чемпионатларга ҳам, бошқа турнирларга ҳам ўз таъсирини ўтказаётгани ҳам бор гап. Мисол учун, унинг бир ўзи
АПЛГА ҚАРШИ КУРАШМОҚДА!
АПЛ ўйинларига тақвим тузилаётган пайтда, футбол ватани вакиллари Испания чемпионатининг тақвимига бир қараб қўйишса керак. Нафақат инглизлар, балки бошқа чемпионат ташкилотчилари ҳам. Мана шу класико ўйини бўладиган пайтга иложи бўлса ўйин қўймаслик керак, деб билишади улар. Наинки ўша соатга, балки ўша кунга ҳам қўймаган маъқул. Тўғри, бунинг имкони йўқ, лекин муҳим учрашувларни барибир бошқа кунга сақлаб қўядилар. Оддий мисол: Охирги эл класико ўтказилган куни ажойиб ўйинлар ўтказилди. Лекин “Челси”нинг очко йўқотиб, турнир жадвалига жиддий таъсир этган учрашувини ҳатто сезмай ҳам қолдик. Латифа ҳам чиқиб кетди: 0:0 бўлиб тугаган ўйинда икки жамоа ўз ўйинларига эътибор бермай, эл класикони томоша қилишган, шу боис гол урилмаган, деган.
Кейин, айнан эл класико борлиги учун ҳам Испания чемпионати ҳар бир турида камида 5та шиддатли ўйини мавжуд бўлган АПЛни ортда қолдириб келмоқда. Бутун бошли ла лига ўйинларини сотиб олишни истамаган телекомпаниялар биргина шу класико учун кўзни юмиб Малагаю Селталарнинг ўйинини сотиб олмоқда.
Эл класико шу қадар муҳим беллашувки, неча йиллардан буён Европа Чемпионлар Лигасида ҳам шу икки жамоа финалда ўзаро ҳисоб-китоб қилишларини кутишмоқда. Финалгача биттаси қоқилиб қолса, эҳ, бу йил ҳам класико кўрмас эканмиз-да, деб хўрсинадиганлар жуда кўп. Айниқса, УЕФА раҳбарлари.
Дунёни иккига бўлиб қўйган учрашув футболга бўлган ўлчовларни бузиб юборгани ёмон. Мухлисларнику қўяверинг, ҳатто мутахассислар ҳам бошқа ўйинларга ҳолис баҳо бера олишса-да, шу учрашувга келганда кўзлари кўр бўлиб хулоса берадилар. Нега уларнинг кўзи кўр, десангиз, жавоб битта: муҳаббат аралашган…
Топдим, эл класико футбол аҳлини Мажнунга айлантириб қўяди. Ақлу ҳушидан айрилган Мажнунга. Тахминан мана бундай:
— Нега бу итни қучоқлаб, ўпиб ўтирибсан?
— Бу ит анови куни “Сантяго Бернабеу” (Камп Ноу) стадионига кириб чиққанини кўргандим.
Даҳшат—а?!
Хайрулла ҲАМИДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.