2017 йилда “Қўқон-1912” жамоаси сафига келиб қўшилган Мурод Холмуҳаммедов қисқа фурсат ичида жамоанинг юрагига айланди. У ўзининг ишончли ўйинлари орқали жамоамиз муваффақиятларига муносиб ҳисса қўша олди. Яқинда қўқонлик футбол мухлисларининг ёқимтойига айланган футболчимиз билан қисқача суҳбатлашдик.
- 2018 йилда чемпионат формати ўзгарди. Энди суперлигада 12 та жамоа ўйнайди. Бу ўзгаришга сизнинг муносабатингиз қандай?
- Жамоалар сонининг 12 та бўлиши чемпионат савиясини ошишига сабаб бўлади. Энди ҳар бир ўйин, ҳар бир очко олтинга тенг бўлади, деб ўйлайман. Ўзбекистон чемпионатида нечта жамоа иштирок этишини ЎФФ ҳал қилади. 12 жамоа бўлгани яхшими ёки 16 та бўлгани яхшими буни вақт кўрсатади. Якуний хулосага келишга шошилмаган маъқул.
- Футболчилардан энди жисмоний тестлар олинишига фикрингиз?
Тўғрисини айтсам, ЎФФнинг жисмоний тестлар борасидаги қарорини ҳеч бир футболчи кутмаган эди. Федерация раҳбарлари ўзбек футболининг ривожланишини хоҳлаётгани яққол сезилмоқда. Жисмоний тестларга келадиган бўлсак, менинг фикрим ким қанақа жисмоний кучга эга бўлса, шу ҳолича қолади. Жисмоний тестлар кимнидир жисмоний жиҳатдан кучайтиради, деб ўйламайман. Лекин биз футболчилар ўзимизга қўйилган талабларни бажаришга ҳаракат қиламиз.
- ЎФФ клублар олдига жиддий талаб қўймоқда. "Қўқон1912" бундай талабларга тайёрми ? Нима деб ўйлайсиз ?
- Ўйлашимча, “Қўқон-1912” клуби стадионининг ҳолати ҳозирги талабларга жавоб бермайди. Буни ҳамма билади. Лекин хавотирга ўрин йўқ. “Марказий” ўйингоҳда таъмирлаш ишлари бошланди. Жамоамиз ЎФФ талаб қилган қарорларни тўлиқ бажара олади, деб аниқ айта оламан.