Либериялик собиқ футболчи, “Олтин тўп” соҳиби Жорж Веа президентлик сайловларида ғолиб чиққанлиги хақда хабар берган эдик.
Жорж Веа расман президент сифатида қасамёд қилди. Бу ҳақда SKY news хабар бермоқда. Инаугурация жараёнида Веа ўзининг “Енгиб ўтиш”, деб номланган дастурини эълон қилди. Дастурга кўра, биринчи галдаги вазифа мамлакатда қашшоқликка қарши курашиш ва янги иш ўринларини яратишдан иборат. Веа камбағалларга кўмак беришда мамлакатнинг ресурсларидан оқилона фойдаланиш лозимлигини таъкидлади. У мамлакат ресурсларидан олинган фойданинг ҳукумат мулозимлари чўнтагига кириб кетишини танқид қилди.
Веанинг илгари сурган дастурига асосан дастлабки 150 кун ичида мамлакатда 50.000 иш ўрни яратилади. Мамлакатдаги 4.6 млн нафар фуқаронинг 60% дан кўпроғи 25 ёшгача бўлганлардир. Айнан мана шу ёшлар Веанинг мамлакатда янги иш ўринларини яратиб, камбағалликка барҳам беришига ишонган ва сайловларда уни қўллаб овоз берган.
Либерия мамлакати БМТ нинг “инсон фаровон ҳаёти” бўйича тузилган рўйхатда 188 мамлакат ичидан 177 ўринни эгаллайди. Бу мамлакатда жиддий муаммолар борлигини билдиради ва янги президент олдига катта вазифалар қўяди.
Пойтахт Монровиядаги стадионга йиғилган 35 минг одамлар қаршисида Веа шундай деди: “Мен кўп йилларимни стадионларда ўтказдим, лекин менинг бугунги орзу-ўйларим ўзгача. Биз бир аҳил халқ бўлиб ҳаракат қилишимизга ва олдимиздаги тўсиқларни бирга енгиб ўтишимизга ишонаман”.
Жорж Веанинг инаугурациясида Гана, Габон, Сенегал президентлари ҳамда африкалик футбол юлдузлари, хусусан, Самуэль Это’о ҳам иштирок этган.
Таъкидлаш керакки, Веа ўз вақтида Европанинг “Челси”, “ПСЖ”, “Монако” ва “Милан” клубларида тўп сурган. 1995 йилда ФИФА томонидан дуёнинг энг яхши футболчисига бериладиган “Олтин тўп”совринига муносиб кўрилган.