Бугун Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионда катта футбол байрами. “Насаф” ўз майдонида Иорданиянинг “Ал Файсалий” жамоасига қарши майдонга тушади. Учрашувда “аждарлар” ОЧЛ-2018 гуруҳ босқич йўлланмасини ҳал қилишади.
ОЧЛ-2018. Плей-офф учрашуви
“Насаф” (Узбекистон) – “Ал Файсали” (Иордания)
30.01.2018. Қарши ш., “Марказий” стадион. 16:00да
Бош ҳакам: Хирюки Кимура (Япония)
Қанот ҳакамлари: Очи Шинжи, Такаги Такуми (иккаласи ҳам Япониядан)
Захира ҳаками: Насрулло Кабиров (Тожикистон)
Назоратчи: Али Ҳамад Бадавий (БАА)
Учрашув комиссари: Доржи Минду (Бутан)
Умуман олганда “Ал-Файсалий” клуби “аждарлар”га нотаниш эмас. Мазкур жамоалар бунгача ОФК кубогининг нимчорак финалида туқнаш келишган. 2011 йили 24 майда, “Марказий” стадионда бўлиб ўтган ўзаро учрашувда жамоамиз рақибини 2:1 ҳисобида мағлуб этган ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритган.
Бугун бўладиган учрашувда жамоалар олдида бошқача вазифа турибди. Битта учрашувдан иборат плей-офф баҳсида ғолиб бўлган жамоа, ОЧЛ-2018нинг “С” гуруҳида юришини давом эттиради.
Бугун футболчиларимиз ОЧЛ-2018нинг тўлақонли иштирокчиси бўлиши учун майдонда жавлон уришади. Минг-минглаб жамоамиз ишқибозлари, трибуналарда туриб уларга далда бўлишади.
Қашқадарё воҳаси оппоқ қор билан қопланган бўлсада, эрталабдан мусаффо осмонимизда қуёш чарақламоқда. Футбол учрашуви ҳақиқий байрам бўлиши учун, стадионимиз ходимлари ҳам эрталабдан ишга киришган.
Шундай экан, “Марказий” стадионимизга марҳамат қилинг. Ҳақиқий футболдан барҳаманд бўлинг.