Бугунги кунда Instagram ижтимоий тармоғи 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган барчани ўзига мафтун этаётгани сир эмас. 2010 йилда ишга туширилган хизмат турида “Like”лар бўйича янги рекорд қайд этилди.
Америкалик модель Кайли Женнернинг пости Instagram тарихидаги энг оммабоп суратга айланди.
Модель 6 февраль куни тушдан сўнг 1 февраль куни дунёга келган қизалоғининг фотосуратини жойлаганди. Бу пост жойланганига 1 сутка тўлмасидан 14 миллион “Like” тўплади. Кайли Женнернинг кузатувчилари сони эса 103 миллионни ташкил этади.
20 ёшли Кайли Женнер “Forbes” журнали томонидан 30 ёшгача бўлган энг кўп даромад олувчи машҳур кишилар рейтингининг кучли ўнталигига киришга ҳам муваффақ бўлган.
Instagram тарихида энг кўп “Like”ларга эга бўлган постларнинг барчаси айнан фарзандлар туғилиши билан боғлиқ.
Женнернинг сурати жойланмасидан аввал, энг оммабоп пост футбол бўйича “Реал” клуби ва Португалия термаси аъзоси Криштиану Роналдуга тегишли эди.
2017 йилнинг ноябрь ойида Криштиану Роналдунинг фарзанди дунёга келгач, туғруқхонада тушган фотосурати 11,3 миллион “Like” тўплашга эришган эди.