Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Тежамкорликнинг олий намунаси ёхуд ЕЧЛни мўлжаллаётган «Айнтрахт» ҳақида гаплашамиз

Баҳо:
+ | -

Ўртамиёна жамоалардан бири бўлган «Айнтрахт» мавсум якунида Бундеслига кашфиёти унвонига сазовор бўлса, ажабланмаймиз. Франкфуртлик «бургутлар» шунчаки еврокубок йўлланмаси эмас, айнан ЕЧЛда тўп суришни мўлжаллашмоқда.

Юрген Клопп Бундеслигани тарк этгач, немис футболидаги тактик ранг-баранглик ўтмишга айланди. Ҳозирда Германиянинг аксарият жамоалари ўхшаш услубда ўйнашаётганидан кўпчилик мутахассислар шикоят қилишмоқда.

Дарҳақиқат, Англия ва Испанияда охирги ўринда бораётган жамоа ҳам етакчиларга муносиб қаршилик кўрсата олади. Бундеслигада эса беллашувларнинг асосий қисми бир хил сценарий остида ўтади.

Муайян «қолип» билан чеклаб қўйилган бундай услуб «Айнтрахт» каби итоаткор «мураббий жамоаси»га устунлик беради. Нико Ковач шогирдлари муваффақиятининг сири шунда. Немисча тизимнинг ўзига хос хусусиятлари ва муаммолари айнан шу жамоа фаолиятида яққол кўзга ташланади.

1. Прессинг - немис футболининг асосий қуроли

Чиндан ҳам немислар прессинг бобида бошқалардан кўра омилкор эканликларини «Бавария» ЕЧЛдаги ўйинлари орқали исботламоқда. Мисол учун, «Бешиктош» ўйинчиси майдондан четлатилгунга қадар ҳимоя чизиғини иложи борича марказга яқинроқ ҳудудда ташкил этишга уриниб кўрди.

Бу қандай оқибатларга олиб келганлигини қайд этилган натижа (0:5) айтиб турибди. «Бавария» ҳужумларини дастлабки босқичда бартараф этиш ҳозирда унча-мунча жамоанинг қўлидан келмайди. Бундай «қаттиқ ёнғоқ»ни фақат Бундеслига вакиллари орасидан топиш мумкин.

Декабрь ойида «Айнтрахт» Юпп Хайнкес жамоасидан 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Анна шу камтарин ғалабага гранд осонликча эришолмагани алоҳида эътиборга молик - мураббий кўрсатмалари бехато бажарган франкфуртликлар фақат бир марта ҳужумчининг индивидуал маҳорати қаршисида ожиз қолишди.

Ўшанда Нико Ковач томонидан ташкил этилган пухта прессинг рақиб ўйинчиларининг оёқларини боғлаб қўйди, гўё. Яъни, «Айнтрахт» ҳар бир футболчини ёки унга узатилаётган тўпни қатъий назорат остига олди. Шу боис, «Бавария» боши берк кўчага кириб қолди.

3-4-2-1 ёки 3-1-4-2 тактик схемаси мазкур услубга жуда мос тушади. Ковач эса бу схемадан шу қадар унумли фойдаланмоқдаки, «Бавария» мутасаддиларида уни Мюнхенга таклиф этиш фикр пайдо бўлди. «Айнтрахт»да олдинги чизиқ вакилларига майдоннинг муайян бир қисмида ҳаракатланиш белгилаб қўйилган эмас.

Улар прессинг жараёнида ҳам фаол иштирок этадилар, қанотларда ҳам, марказий ҳужумчи чизиғида ҳам. Шунингдек, бу фаоллик таянч ярим ҳимоячиларга ҳам хос бўлган хусусият.

2. Тўп назоратидан воз кечиш ёки прессинга қарши курашиш услуби

Тўпни рақиб ихтиёрига топшириб, кейин кучли прессинг ёрдамида қанот бўйлаб ҳаракатланишга мажбур этиш - Бундеслига вакилларининг асосий қуролларидан бири. Ковач фақат мана шу қоидага амал қилади.

«Айн­трахт»нинг ҳужум ҳаракатларидаги ишонган тоғи ва асосий қудрати-ҳужумкор ярим ҳимоячилар. «Бургутлар» қанот ярим ҳимоячилари ёрдамида тезкор рейдларни амалга ошириб, ҳужум чизиғи вакилларини тўп билан таъминлайдилар, улар эса ҳужумни ниҳоясига етказишади. Бу манзара айниқса «бургутлар»нинг кучли рақибларга қарши баҳсларида яққол намоён бўлади.

Бир қарашда, ўртамиёна жамоалар учун ўта керакли бўлган рецепт тайёрдек. Бироқ ҳамма ана шу услубдан самарали фойдалана олишга боғлиқ. Акс ҳолда, «бургутлар» парвози бунчалик шиддатли бўлмасди. Ковач ана шу вазифани бошқалардан кўра яхшироқ уддаламоқда. Таянч ярим ҳимоячиси чизиғига тўпни олиб юриш бобида талаб даражасидаги савияга эга бўлган ўйинчиларни топа олган.

Майдон маркази ва ҳужум чизиғидаги шогирдлари эса тўпни илиб олиш борасида рақиблардан чаққонроқ. Олис масофали узатмаларга асосланган услубнинг самарасини шу жиҳатлар белгилаб беради.

Аввалги мавсумда Англиянинг бир қатор ўртамиёна клублари ҳужумда шу услубни қўллашди. Лекин тўпни эгаллаб олишга етарли эътибор қаратмасликлари сабабли, кўзланган самарага эришолмадилар. Франкфуртликлар эса бу ҳудудларда сон жиҳатидан устунликка эришиш орқали тўпни эгаллаб оладилар.

Шу ўринда «бургутлар»нинг франциялик марказий ҳужумчиси Аллер хусусида тўхталиб ўтиш лозим. Ўтган мавсумни Голландиянинг «Утрехт» жамоасида ўтказган Себастьян «гол+пас» тизимида 22 балл тўплаб, жамоанинг ЕЛга чиқишига муносиб улуш қўшганди. Ёзда ҳужумчи 7 млн. евро эвазига Германияга келди. Албатта, бу - «Айнтрахт» учун катта харажат.

Лекин ҳужумчи уни оқламоқда: ҳозирга қадар у 8та гол уриб, 3та самарали узатмани амалга оширди. Бундан ташқари, Аллер «иккинчи қават»да яхши ўйнайди. Шу боис, тез-тез ортга қайтиб, тўпни эгаллаб олишда фаоллик кўрсатади. Ана шу ҳаракатлари жамоага кўпроқ наф келтирмоқда.

3. Ярим қанотларларнинг ҳужумдаги роли

Ниҳоят, навбат ўйин самарасини оширадиган жиҳатларга етиб келди. Ковач жамоасидаги ҳужумкор ўйинчиларнинг асосий вазифалари қанотлардан тезкор рейдларни амалга ошириш ёки бунинг учун жамоадошларига бўшлиқ яратишдан иборат.

Бу борада «Айнтрахт»нинг энг ёрқин юлдузи - Кевин-Принс Боатенгга тенг келадиган ўйинчи йўқ. Олдинга силжиш вариантлари бўлмаган тақдирда у марказий ҳимоячи позициясига қадар чекинади ва ҳужум уюштириш тадорикини кўради.

4. Пизицион ҳимоя - қалтис ечим

Табиийки, прессингнинг ўзига яраша салбий жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Барча талаблар ўз ўрнига қўйилганда ҳам битта муаммодан бутунлай фориғ бўлишнинг иложи йўқ.

Яъни, ҳимоя чизиғи доим ҳам ҳужумчиларнинг олдинги чизиқдаги ҳаракатларига мослаша олмайди. Натижада ҳимоя билан ҳужум чизиғи ўртасида тез-тез бўшлиқлар юзага келади. Ана шу ҳудудни эътибордан қочириш эса ўз дарвозасидан голўтказиб юборишга олиб келади.

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 14:55, 18.03.2018.
Ўқилди: 2291 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.