«Навбаҳор» - «Нефтчи» (1:1) учрашувидан сўнг Илҳом Мўминжонов ва Сардор Сулаймоновлар ўз фикрларини билдириб ўтди.
Илҳом Мўминжонов: - Ўйин ҳақида нима дейиш мумкин. «Нефтчи» жамоасига қарши учрашувда ҳимоядаги қўпол хато эвазига дурангга эришдик.
Айнан шу хато қимматга тушди. Ўз навбатида ярим ҳимоячи ва ҳужумчиларимиз ўзларини кўрсата олмай, яратилган вазиятларни голга айлантиришда фаол бўлишмади. Дуранг натижага эришганимиз билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Шундай экан, кейинги ўйинларга муносиб тарзда тайёргарлик кўрамиз.
Ўйинга эътибор қаратган бўлсангиз, кўпроқ позицион ҳужумлар ташкил этишга урғу бердик. Голни ҳам айнан комбинацион ҳужум ёрдамида урдик. Футболчиларда имкониятни бой берилаётган пайтларда тўпни олдинга тепиш ҳоллари кўп кузатилади. 65 дақиқа давомида ҳаводан эмас, пастдан тўп оширишларни амалга ошириш орқали тўп суришди.
0:1 ҳисобидан кейин футболчиларимизнинг ҳар бирида ғалаба қозониш учун интилишгани сабабли, кўпроқ ҳаводан тўп оширилди. Азамат Алланиёзов баҳс давомида Шукурали Пўлатов билан ҳаводаги курашларнинг аксариятида рақибидан устун келди. Голдан олдин ҳам айнан Алланиёзовнинг ҳаводаги тўпни ютиши натижасида ҳужум давом этиб, ҳисобни тенглаштирдик.
Мухлислар учун ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба керак. Бугун ишқибозларимизга ютуқни тақдим эта олмадик. Шу сабабли, уларнинг олдида юзимиз ёруғ бўлмади деб ўйлайман. Бу футбол. Шундай экан, кейинги ўйинларда мухлисларимизни ҳурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Олдинда жиддий ва муҳим учрашувларимиз бор.
Бугун мухлисларимиз азалий рақибимизни мағлубиятга учрата олмаганимиз сабабли хафа бўлишди. Фарғоналиклар 9-турга келиб, атиги битта гол уришганди. Уларнинг урган иккинчи голини дарвозамизга киритилганлиги алам қилади. Ишқибозларимиз кейинги учрашувларда жамоани қўллаб-қувватлаб туришса, уларга чиройли ўйинлар ва ғалабаларни тақдим этиб, уларни хурсанд қиламиз.
Сардор Сулаймонов: - Учрашувда ғалаба қозониш учун қўлдан келганича ҳаракат қилдик. Яратилган вазиятлардан фойдалана олмай, дуранг билан чекландик. Насиб қилса, кейинги ўйинларда ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд қилишга интиламиз.