Жанлуижи Буффон англиялик ёш рефери Майкл Оливердан ҳамон дарғазаб, «Ювентус» фанатлари эса унинг қалтис қарорини ўйлаб, ҳалигача ўзларини қўярга жой тополмаяптилар.
Айтиш мумкинки, «Реал» - «Ювентус» ўйини воқеалари истиқболи баланд саналаётган ҳакамга икки хил таъсир қилди. Биринчидан, анча танилиб қолган Оливернинг машҳурлиги янада ошди, иккинчидан эса, у чексиз нафрат ва босим остида қолди.
Аслида Оливер ЧЛ ярим финали тақдирини ҳал қилган ўша пенальтини белгилашдан олдин ҳам бир қатор баҳсли қарорлари билан кўзга ташланган эди.
Мисол учун, айнан у бошқариб борган ўйинда жиғибийрон бўлган «Челси» бош мураббийи Антонио Конте рақиб жамоа - «МЮ» устози Жозе Моуриньога ташланганди.
Тўғри, ҳакам дарҳол вазиятга аралашиб, оғзаки жанг муштлашувга айланиб кетишига йўл қўймаганди. Яъни мураббийларни «тарбиявий суҳбат» воситасида тинчлантирганди.
Умуман, Майкл кўплаб ҳамкасблари каби ўзи ҳам тўп ортидан қувишни хуш кўради. Айтишларича, у ҳаваскорлар даражасидаги ўйинларда чакки эмас.
Хўш, англиялик рефери яна қайси воқеалар билан эътибор марказига тушган?
Кимсан Златанни чўчитди...
Ҳар бир футбол мухлиси Ибрагимович нечоғли мағрур эканлигини яхши билади. Ғурури бўйидан ҳам баланд шведни чўчитиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди, бунга таниқли ҳакамлар-да журъат этолмайдилар. Аммо Оливер ўзига хос характерга эга ва майдонда ҳеч ким билан алоҳида ҳисоблашмайди.
Хуллас, у вазиятлардан бирида спрей баллончасидан фойдаланишга чоғланганида, Ибра қўққисдан сесканиб тушди. Чунки спрей унинг бармоғига ҳам текканди. Шунда ҳужумчи бироз эҳтиёткор бўлишни сўради, аммо ҳакам бунга парво ҳам қилмади.
Аёллар ўртасидаги ўйинни бошқарди...
Бир сафар Оливер чекига аёллар жамоалари ўртасидаги учрашувни бошқариб бориш тушди. Аслида ўша баҳсни унинг турмуш ўртоғи бош ҳакам сифатида бошлаганди.
Бироқ танаффусда лайнсменлардан бири ўзини нохуш сезгач, Майкл рафиқасига ёрдам беришни истаб, ҳуштакни ўз қўлига олди. «Бу жуда ғалати, аммо ёқимли бўлди...», — дея муносабат билдирди жамоалардан бири мураббийи Оливернинг ишига.
Жо Хартни жим қилди...
Оливер - ўта жиддий ва қони қайноқ ёш ҳакам. Дейлик, у ўйин вақтида ҳаттоки, Жо Хартни бир нигоҳи билан сукут сақлашга мажбур этди. Қисқаси, ҳакамнинг ўта қатъий ва совуққон қиёфасига қараган дарвозабон дарҳол унга эътироз билдириш фикридан қайтиб, жим бўлиб қолганди.
Мушук сабаб ўйинни тўхтатди...
Бу воқеа яқинда, жорий ЧЛ 1|8 финалидан ўрин олган «Бешиктош» - «Бавария» учрашувида кузатилди. Ўйин давом этаётган паллада майдонга ногаҳон мушук югуриб тушди ва Оливер дарҳол ҳаракатни тўхтатиш кераклигини билдирувчи ҳуштакни чалди. У бу вазиятда тилсиз жонивор хавфсизлигини ўйлагани аниқ. Бу қарори мақтовга лойиқ, тўғрими?
Ди Марияга бир дақиқада2 марта карточка кўрсатди...
2015 йил. Англия кубоги ярим финали йўлланмаси тақдирини ҳал қилувчи ўйин: «МЮ» - «Арсенал». Ўша вақт Анхель ди Мария «қизил иблислар» сафида эди. Хуллас, учрашувни бошқариб борган Оливер аввалига аргентиналик ярим ҳимоячини симуляция ишлатганликда айблаб, уни сариқ карточка билан «сийлади».
Бироқ футболчи бунга эътироз билдиргач, ўша заҳоти сариқ тусли «қурол»ини яна бир бора баланд кўтарди, кейин табиийки, қизил карточкани ҳам. Ҳа, Майкл шундай ҳакам - баҳслашишга мойил футболчиларга асло тоқат қилолмайди.
ЖЧ-2018дан четда қолди...
Оливер бўлажак жаҳон чемпионатида ишламайди. Афсус, Жанлужи Буффон ҳам Россия мундиали иштирокчилари орасида йўқ. Умуман, 80 йил бадалига ЖЧ илк марта англиялик ҳакамларсиз ўтишини алоҳида эслатиш ўринли.
Таҳдид ва хавфсизлик чоралари
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.