Финишдаги қарама-қаршиликларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳеч қандай аҳамияти бўлмаган учрашувда ҳам ажиб воқеалар учраб туради. Айрим жамоалар учун эса турнир жадвали-ю, очколарнинг аҳамияти йўқ - айнан шу баҳсда улар фақат ғалабани кўзлайдилар. Табиийки, маррага яқин паллада муҳим масалани ижобий ҳал қилган жамоалар ҳам йўқ эмас.
Англия. Интригани сақлаб қолган ғалаба ва кўнгилдагидек кечмаган тақдирлаш маросими
Чемпионлик тақдири барвақт ҳал этилган АПЛнинг 37-турида асосий эътибор «Челси» - «Ливерпуль» беллашувига қаратилди. Ҳеч бўлмаганда ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш илинжида бўлган «кўклар»ни фақат ғалаба қониқтирарди. Лекин «Стэмфорд Бриж»даги баҳс меҳмонлар ҳужумлари билан бошланди. Шу боис, Тибо Куртуа астойдил тер тўкишга мажбур бўлди. 32-дақиқада эса майдон эгаларининг камсонли ҳужумларидан бири гол билан якунланди - Виктор Мозеснинг ўнг қанотдан оширган тўпини Оливье Жиру дарвозага тўғирлаб қўйди - 1:0. Танаффусдан кейин ташаббус мезбонлар томонига ўтди. Аммо улар ҳам бир нечта қулай имкониятлардан фойдалана олмадилар. Якунда камтарона (1:0) ғалаба эвазига «Челси» 4-ўринда бораётган «Тоттенхэм»га яқинлашиб олди. ЕЧЛ йўлланмаси тақдири сўнгги турда маълум бўлади. Чунки «тақачилар» элитада қолиш учун бор имкониятларини ишга солаётган «Вест Бромвич» майдонидан қуруқ қўл (0:1) билан қайтишди.
«МЮ»нинг Брайтондан очкосиз қайтиши ҳам турнинг кутилмаган натижаси бўлди. Мезбонлар вакили Паскаль Гросснинг 57-дақиқадаги голи ўйин тақдирини ҳал қилди.
Янги чемпион - «Манчестер Сити» эса ўз майдонида «Хаддерсфилд»ни енга олмади - 0:0. Натижа-ку майли, «шаҳарликлар» ўйинни ўта суст ўтказишди - Йонас Лоссль дарвозаси томон бор-йўғи 3та аниқ зарба йўлланди. Шу боис, спектаклдан қониқмаган мухлислар учун учрашувдан кейин ўтказилган тақдирлаш маросими ҳам татимади. Боз устига, украиналик Александр Зинченко ҳаяжон таъсирида кубокни ерга тушириб юборди. Хайриятки, совринга шикаст етмади. «Арсенал» эса Арсен Венгернинг «Эмирейтс»даги охирги учрашувини кўтаринки руҳда ўтказиб, «Бёрнли» дарвозасига жавобсиз 5та тўп йўллади. Албатта, бу - «профессор»нинг хизматлари учун билдирилган миннатдорчилик нишонаси эди.
Испания. «Класико»даги кескинлик
Юқорида таъкидлаганимиздек, Ла Лигада барча масала ҳал бўлганига қарамасдан, навбатдаги «эль-класико» ҳам ўта муросасиз тарзда кечди. «Камп Ноу»га ташриф буюрган «Реал» аъзолари чемпион учун махсус йўлак ҳосил қилишдан бош тортишгани эса кескинликни кучайтирди. Ана шу асабийлик ўйинчилардан ҳакамларга ўтди. Натижада Алехандро Хосе Эрнандес биринчи бўлим охирида Серхи Робертони майдондан четлатди. Мезбонлар вакили уни туртиб юборган Марселонинг юзига зарба берганди. 77-дақиқада бразилиялик ҳимоячи «Барса» жарима майдончасида йиқилиб, яна ҳакамдан мадад кутганди. Бироқ бу сафар Эрнандес унинг ўзига сариқ карточка кўрсатди.
Шундай муросасиз баҳсда мухлислар тўртга голга гувоҳ бўлишди: аввалига Суарес ҳисобни очди, Роналду жавоб қайтарди. Танаффусдан кейин Месси яна мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, Бэйл мувозанатни тиклади. Роналду мазкур голи эвазига афсонавий ди Стефано билан «класико»даги самарадорлик бўйича тенглашиб (18та гол) олди. Аммо азалий рақобатчиси - Мессидан анча ортда (25) бормоқда. Учрашув якунида «Барса» ўйинчилари учун чемпионлик йўлакчаси ташкил этилди - Пикенинг ташаббуси билан бу вазифани клуб хизматчилари бажаришди. «Атлетико» эса ўз майдонида «Эспаньол»дан енгилиб (0:2), «Реал»нинг яқинлашиб олишига имкон яратди.
Италия. Буффон ҳам янглишади
Ҳисобот турда чемпионлик масаласини қарийб 100 фоизга ҳал қилган «Ювентус» аввалига ўз мухлисларини анчайин асабийлашишга мажбур этди. Эътиборлиси, жамоанинг энг ишончли аъзоси - тажрибали Буффон тўпни Даниэле Руганига узатишда хатоликка йўл қўйди. Оқибатда ҳимоячи олдинга ўтиб кетган рақибини қўполлик билан тўхтатишга мажбур бўлди. Симоне Верди эса «нуқта»дан аниқ зарба йўллаб, ҳисобни очди. Биринчи бўлим «Болонья»нинг устунлиги билан якунланди.
Танаффусдан кейин меҳмонлар таркибида «Юве»га хайрихоҳ ўйинчи топилди - ҳимоячи Себастьян де Майо қанотдан келаётган тўпни ўз дарвозасига жойлаб қўйди. Кейин эса Сами Хедира ва Пауло Дибаланинг голлари эвазига мезбонлар ғалабага эришдилар. «Наполи» ўз майдонида «Торино» билан сулҳни (2:2) имзолагач, пешқадамни қувиб ўтиш режаси тўла-тўкис барбод бўлди: ўзаро учрашувлар бўйича устунлик йўқ, тўплар нисбатига кўра (61га 45) «Юве» олдинда, очколар ўртасидаги фарқ - 6та.
Энди «А» серияга бўлган қизиқишни тўртинчи ўрин учун кечадиган баҳслар таъминлайди. Кальяридаги ғалаба (1:0) эвазига «Рома» ўз очколарини 73тага етказиб олди. «Лацио» эса «Аталанта»ни енга олмади - 1:1. «Интер» Удинедан йирик (4:0) ғалаба билан қайтди. Натижада уч ва бешинчи ўрин ўртасидаги фарқ тўрт очкога қисқарди.
Германия. «Шальке» совриндорлар сафида
Сўнгги тур арафасида Бундеслиганинг кумуш медаллари соҳиби аниқланди - Аугсбургда зафар қучган «Шальке» (2:1) 2010 йилдан бери илк марта мавсумни иккинчи поғонада якунлади. Дортмунднинг «Боруссия»си эса кутилмаганда «Майнц»га имкониятни бой берди - 1:2. Шунингдек, «Хоффенхайм» ҳам Штутгартда мағлубият аламини тотиб кўрди - 0:2. Натижада ЕЧЛнинг саралаш босқичига йўлланма берадиган тўртинчи ўрин учун кураш кескинлашди. Якуний турда «Хоффенхайм» «Боруссия Дортмунд»ни (52 очко) «Байер» эса (52 очко) «Ганновер»ни қабул қилади. Эллик очколи «РБ Лейпциг» Берлинда «Герта» билан куч синашади.
Франция. «Монако»да янги вундеркинд
Чемпионликни аллақачон нақд қилган «ПСЖ» бу турда камтарин «Амьен» билан жанговар дурангга (2:2) имзо чекди. Аммо натижани сенсация сифатида баҳолаш Кристоф Пелиссье жамоасига нисбатан ҳурматсизлик бўларди. Чунки бу клуб ўтган турда «Монако»дан очколарни тортиб олганди. Энди олдинга ўтиб олган чемпионни ғалабадан маҳрум этди.
Якшанба оқшомида «Монако» ниҳоят, ғалабаларсиз уч учрашувдан кейин «Кан»ни енгишга муваффақ бўлди. Тўғри, уч очко келтирган ғалаба тўпи ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда амалга оширилди. Эътиборлиси, князлик клуби ана шу қимматли очколарни 18 ёшли Мусса Силланинг «дубл»и туфайли қўлга киритди. Мавсумдаги учинчи учрашувни ёш иқтидор соҳиби иккита гол билан нишонлади.
«Лион» эса асосий таъқибчисидан фарқли равишда «Труа»ни ортиқча қийинчиликсиз (3:0) таслим этиб, ғалабалар сериясини 8тага етказиб олди. Европа Лигаси финалчисига айланган «Марсель» ҳам ғалаба нашидасини сурди. Тўғри, «Ницца»га қарши баҳсда ҳисобни ёзда жамоани тарк этадиган Марио Балотелли очди. Лекин тез орада мезбонлар Жерменнинг аниқ зарбаси эвазига мувозанатни тикладилар. 73-дақиқада эса тажрибали Димитри Пайе ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди.
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.