Кеча юртимизга Испаниянинг “Қироллик клуби” академияси менежерлари Андрес Антонио ҳамда Хуан Пабло ташриф буюрганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Меҳмонлар кеча ва бугун Тошкентнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштиришди, бир қатор спорт тадбирларимизда иштирок этишди, “Бунёдкор” стадиони ва футбол академияси фаолияти билан танишишди. Жумладан, “Бунёдкор” стадионида Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида қатнашишди.
Андрес Антонио журналистларга жавоб қайтарар экан, ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистн футбол ассоциацияси билан яқин ҳамкорлик қилиш, “Қироллик клуби”нинг Real Madrid Foundation Clinic дастури асосида “Реал Мадрид”да фаолият юритаётган мураббийларни Ўзбекистонга олиб келиш, улар иштирокида футбол мактабларимизда машғулотлар ўтказиш, футболчилар билан ишлаш жараёнлари ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш, бир сўз билан айтганда, 115 йиллик тарихша эга “Реал Мадрид” академияси дастурлари орқали Ўзбекистонда болалар футболини ривожлантиришга ҳисса қўшиш эканлигини таъкидлади.
Унинг айтишича, бу бўйича биринчи қадам шу йилнинг июнь ойида Тошкентда ташланади. “Реал Мадрид” академиясининг тажрибали уч нафар мураббийи Тошкентга сафарбар этилади, улар 30 нафар ўзбекистонлик болалар мураббийлари ҳамроҳлигида 300 нафар истеъдодли ёш футболчиларга ўзларининг услубияти бўйича машғулотлар олиб боришади. Ўз ўрнида, сараланган 40 нафар ўзбекистонлик ёш футболчилар Испанияга сафар уюштириш, жаҳоннинг машҳур футбол академияси фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишади. “Реал” клубининг расмий ўйинлари тиғиз эканлигидан келиб чиқиб, келгусида “Реал” клубида тўп сурган собиқ юлдузларни Ўзбекистонга ташрифини таъминлаш имконияти борлигини ҳам гапириб ўтди.
Тадбир сўнггида ЎзПФЛ бош директори “Реал Мадрид” академиясидан ташриф буюрадиган мутахассислар учун ЎФА томонидан барча шарт-шароитлар муҳайё қилиниши, асосий мақсад “Қироллик клуби” академияси иш тажрибасини ўрганиш, у ерда фаолият олиб бораётган мутахассислардан юртимизда футболни ривожлантириш борасида тегишли маслаҳатлар олиш эканини таъкидлади.