Pepsi Суперлига 15-тури доирасида Наманганнинг “Навбаҳор” клуби ўз майдонида Қўқоннинг “Қўқон-1912” жамоасини қабул қилади.
Айни пайтда юртимизда муқаддас Рамазон ойи ҳукм сурмоқда. “Навбаҳор” ПФК раҳбарияти томонидан 13-тур доирасидаги АГМК жамоасига қарши кечган ўйинда бўлгани каби, бу сафар ҳам муқаддас ой шарофати билан савобли иш давом эттирилиб, “Навбаҳор” – “Қўқон-1912” учрашувига ташриф буюрадиган мухлислар учун бепул ифторлик егуликлари тарқатиладиган бўлди. Рўзадорлар 10 июнь куни бўладиган баҳсининг танаффус пайтида “Марказий” ўйингоҳ секторларида яратилган қулайликлардан фойдаланиб, бемалол ифторлик қилиб олишлари мумкин.
Шунингдек, "Лочинлар"нинг ашаддий мухлислари учун янада енгиллик яратиш мақсадида, клуб раҳбарияти томонидан “Навбаҳор” атрибутикалари Рамазон ойида 20 фоизлик чегирма билан сотувга чиқарилди. Энди жамоанинг атрибутикаларини ўзингизга қулай нархларда харид қилишингиз мумкин.
“Навбаҳор” ПФК раҳбарияти мазкур ишларни ишқибозларга қулайлик яратиш мақсадида амалга оширмоқда. Мақсад – жамоа иштирокидаги ҳар бир учрашувни мухлислар учун байрамона тарзда ташкил этиш. Сиз – азиз ишқибозлар эса “Навбаҳор”ни муносиб тарзда қўллаб-қувватланг!
Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Қўқон - 1912” учрашуви 10 июнь куни соат 19:02да бошланади.
Барча мухлисларни бўлажак учрашувга чорлаб қоламиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.