Кириш Регистрация

Миллий олимпия қўмитасида Осиё ўйинлари олдидан матбуот анжумани ташкил этилди

Баҳо:
+ | -

Бугун, 27 июль куни Миллий олимпия қўмитасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун яна саноқли кунлардан сўнг Индонезияда старт оладиган XVIII Осиё ўйинларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов журналистларни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

Кутилаётган медаллар

Яккакураш спорт турларидан медаллар шодасини кутамиз. Шунингдек, Осиё чемпионатида муваффақиятга эришган футболчиларимизга ҳам ишонамиз. Бир неча спорт тури бўйича Осиё ўйинларида илк маротаба иштирок этяпмиз. Улардан ҳам умидимиз катта. Ўйинларда олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз. Ҳар бир спортчимизга ишонамиз.

Терма жамоа аъзолари бугунги кунда нима билан банд?

Айни пайтда Осиё ўйинларида иштирок этадиган барча спортчиларимиз ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишмоқда. Осиё ўйинларига зўр бериб тайёрланишмоқда. Ўзгаришлар? Ҳа, бир неча спорт турида таркиб бўйича ўзгаришлар бўлиши мумкин. Чунки терма жамоада рақобат катта. Энг кучлиларини танлаб олинади ва уларни мусобақага олиб борамиз.



Спортчиларимиз географияси ҳақида

Терма жамоада фақат Тошкент шаҳри спортчилари эмас, бутун Республикамиздан спортчилар бор. Бунгача кенг миқёсдаги саралаш баҳслари ўтказилган. Улар орқали спортчилар терма жамоага жалб қилинган. Федерациялар айнан уларга ишонаётгани учун ҳам мусобақага ўша спортчилар боришади. Барча йиғинлар, натижалар, кўрсаткичлар таҳлил қилинган. Ана шундан кейин бир қарорга келинди.

Индонезияда машғулот олиб бориш бўйича муаммолар бўлмайдими?

Ҳар бир мамлакат делегацияси Осиё ўйинларида энг яхши шароитларда машғулотлар ўтказишга ҳаракат қилади Ўз навбатида, Ўзбекистон терма жамоаси ҳам қитъамизнинг энг нуфузли мусобақасига жиддий тайёргарлик кўриб қўйган. Индонезияда спортчиларимизнинг машғулот олиб боришлари учун ҳам шароитлар етарли бўлади. Ўйинлар бошлангунга қадар ҳар бир терма жамоа машғулот залларини банд қилиб қўяди. Масалан, Ўзбекистон терма жамоаси учун 15:00 дан 17:00 гача бокс зали банд қилиб қўйилди. Режага биноан ўша вақтда фақат бизнинг спортчиларимиз машғулот ўтказиши мумкин бўлади. Бу каби масалаларнинг барчаси ташкилий қўмита жадвалига киритилган. Барчаси режалаштириб қўйилган бўлади ва муаммо бўлмайди. Ташкилий қўмита томонидан барча шароит яратиб берилган.

Терма жамоамиз спортчиларининг тайёргарлиги

Айни пайтда Осиё ўйинларида иштирок этадиган барча терма жамоаларимиз тайёргарликнинг якуний босқичини олиб боришмоқда. Мураббийлар ўз стратегиясига кўра ишлашда давом этишмоқда. Спортчиларимизнинг аксарият қисми жисмоний тайёргарликни маромига етказиб бўлишди. Айни пайтда кимдир техник ва тактик тайёргарлик олиб бораётган бўлса, яна кимдир руҳий тайёргарликка эътибор қаратган. Ҳуллас, тайёргарликнинг сўнгги босқичи қизғин паллага кирган.

Спортчиларни тақдирлаш масаласи

Яқин кунларда бу борада ҳукумат қарори эълон қилинади. Совриндорларга мукофот пуллари албатта берилади. Қанча миқдорда эканлиги ҳозирча сир бўла қолсин. Аммо, шуни айтишим мумкинки, бу сафарги Осиё ўйинларида эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори даражада бўлади. Табиийки натижалар ҳам шунга яраша бўлишини кутаяпмиз.

Паралимпиячиларимиз ҳам жиддий тайёрланишади

ПараОсиё ўйинларига ҳам тайёргарлик давом этмоқда. Айни пайтда терма жамоаларимизда селекция ишлари олиб борилмоқда. Ўйинларда енгил атлетика, дзюдо, сузиш, пауэрлифтинг каби спорт турларида иштирок этишимиз аниқ.



Ўсмирлар Олимпиадаси ҳақида

Буэнос-Айресдаги III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларига ҳозирча 30 та лицензия нақд қилганмиз. Яна 7 та лицензия қўлга киритилиши кутилмоқда. Улар ҳам айни пайтда йиғин ўтказишмоқда ва жиддий тайёргарлик кўришмоқда. Осиё ўйинларида ҳам, ўсмирлар Олимпиадасида ҳам «Муҳими ғалаба эмас, иштирок» шиори остида эмас, балки астойдил совринлар учун курашамиз.

Жамоанинг кайфияти қандай?

Ўринли савол. Биз шундай режа ишлаб чиққанмизки, унда спортчиларнинг рухий кайфиятини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилади. Улар ўз муаммоларини эсдан чиқариб, юқори мақсад йўлида курашга чиқишлари керак бўлади. Мусобақа давомида ҳам улар қўллаб-қувватланади. 2019 йилдан бошлаб ҳар бир спорт турига алоҳида психолог бириктирилади. Улар спортчи билан алоҳида дастур асосида ишлайдилар. Бу ҳам натижалар самарадорлигига ўзининг ижобий таъсирини ўтказиши шубҳасиз.

Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 23:45, 27.07.2018.
Ўқилди: 1628 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.