Кеча, 22 сентябрь куни Лондондаги афсонавий «Уэмбли» стадионида катта бокс кечаси бўлиб ўтди. Кечанинг асосий жангида кўпчилик сабрсизлик билан кутган супер оғир вазн тоифасида WBA/IBF/WBO/IBO чемпионлик камарлари соҳиби Энтони Жошуа (21-0, 20 КО) ва Александр Поветкин (34-1, 24 КО) ўзаро тўқнаш келишди.
Деонтей Уайлдер ва Тайсон Фюри қарама-қаршилиги бу жангга бўлган қизиқишни туширишга ҳаракат қилди, лекин бу ерда асосий фаворит бор эди. Мухлису мутахассислар Жошуанинг имкониятларини юқори баҳолашмоқда эди, лекин бу унчалик осон бўлмади. Жангнинг биринчи ярми тенг курашлар остида ўтди ва ҳаттоки Поветкин бироз устунликка эришди. Россиялик боксчи рақибини масофада ушлаб, асосан қарши ҳужумларда ҳаракат қилишга уринди. Жошуа эса уни асосан кутиб олиб, жанг олиб борди. Саккизинчи раундга келиб Жошуа фаолликни ошириб, устунликни қўлига олди ва рақибини нокдаун ҳолатига тушириб қўйди. Бундан Поветкиннинг чиқиб кетиши қийин эди.
Шундан сўнг Жошуа яна зарбалар йўллашда давом этди ва бу вазиятда рефери жангни тўхтатишга мажбур бўлди. Натижада Жошуа яна бир ғалабасини тантана қилди.