УЕФА Миллатлар Лигаси мусобақасидан ўрин олган Испания ва Англия терма жамоалари ўртасидаги учрашув ўз ниҳоясига етди. "Бенито Вильямарин" стадионида бўлиб ўтган ўйинда кутилмаганда мезбонлар имкониятни бой беришди.
Учрашув "Қизил фурия"нинг кетма-кет ҳужумлари билан бошланди, бироқ биринчи бўлиб гол уриш инглизларга насиб қилди. 16-дақиқада Харри Кейн майдон марказидан туриб чап қанотдан тезлик олган Маркус Рэшфордга тўпни узатди, ўз навбатида Маркус уни марказдан тезлик олган Рахим Стерлинга ташлаб берди, "Сити" вакили узоқ масофадан рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди.
29-дақиқада рақиб жарима майдони томонида тўпни қабул қилиб олган Кейн бир айланиб олиб, тўпни Рэшфордга узатди. Давид Де Хеа билан бирга-бир вазиятга чиқиб болган ҳужумчи зарба беришда адашмади.
Биринчи бўлим якунланиши арафасида меҳмонлар яна бир бор гол уришди: жарима майдонига узатилган тўпни Кейн қулай тарзда Стерлингга ташлаб берди, Рахим яқин масофадан деярли бўш қолган дарвозани қийинчиликсиз ишғол қилди ва ҳисобни йирик кўринишга олиб келди.
Иккинчи бўлим ҳам мезбонларнинг назорати остида бошланди, бўлим бошида Луис Энрике таркибда ўзгаришлар қилди ва бу тезда ўз самарасини берди. 58-дақиқада испанлар стандарт вазиятни голга айлантиришди: Марко Асенсионинг бурчакдан узатиб берган тўпини Пако Алкасер боши билан дарвозага жойлаб қўйди.
Қолган вақтда ҳам испанларда бир қатор имкониятлар бўлди, бироқ буни ҳисобда акс эттириш мезбонларга насиб қилмади. Ўйиннинг сўнгги сонияларида Серхио Рамос гол уришга муваффақ бўлди, бироқ бу гол урилиши билан ҳакам ўйинни якунлаб берди.
Ушбу ғалабадан сўнг Гарет Саутгейт шогирдлари 4 очко билан иккинчи ўрнни мустахкамладилар. Испания (6) эса мағлубиятга қарамай, биринчи ўринни эгаллаб турибди. Бу икки жамоа Хорватияга қарши ўйинлар ўтказишади ва бу гуруҳ пешқадамини аниқлаб беради.
Миллатлар Лигаси
Испания – Англия 2:3 (0:3, 2:0)
Голлар: 0:1 – 16 Стерлинг, 0:2 – 29 Рэшфорд, 0:3 – 38 Стерлинг, 1:3 – 58 Пако Алькасер, 2:3 – 90+8 Рамос.
Испания – Де Хеа, Начо, Алонсо, Кастро, Рамос, Алькантара, Бускетс, Сауль (Пако Алькасер, 57), Асенсио, Аспас (Себальос, 57), Родриго (Мората, 72).
Англия – Пикфорд, Гомес, Чилуэлл, Триппьер (Александер-Арнолд, 85), Магуайр, Уинкс (Чалоба, 90), Дайер, Баркли (Уокер, 76), Стерлинг, Рэшфорд, Кейн.
Огоҳлантиришлар: Дайер (12), Рамос (64), Уинкс (64), Магуайр (71), Кастро (75), Себальос (87), Мората (90+8).