Интернет сайтларидан бирида эълон қилинган сўровни кўриб, Ўзбекистон ПФЛга асос солинган кун ёдимга тушди.
Бу воқеа 2008 йилнинг баҳорида содир бўлганди. ОФК қитъанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақаси ҳисобланадиган Чемпионлар Лигасига ўзгартиришлар киритишни режалаштирган, шу муносабат билан махсус комиссия тузганди. Ушбу комиссия вакиллари иштирокчиликка номзод мамлакатларга ташриф буюриб, кузатувлар натижасига кўра ўз тавсияларини тайёрлашганди.
Ўша йилнинг апрель ойида Ўзбекистон футбол федерациясига ОФКдан хат келди ва унда бизнинг клублар Чемпионлар Лигасига қўйилмаслиги айтилди: махсус комиссия 6 ёки 7 хил талаб бўйича номувофиқлик борлигини аниқлаганди.
Ушбу мактубни олгач, биз ЎФФ (ҳозирги ЎФА) бош котиби Сардор Раҳматуллаев ҳамда мусобақалар ўтказиш бўлими раиси Мухтор Ҳошимов билан биргаликда ЎФФнинг ўша пайтдаги президенти Мираброр Усмоновга мавжуд вазият бўйича мурожаат этдик. ОФК қўйган талабларнинг деярли барчасини осонгина ҳал қилиш мумкин эди. Мисол учун, мусобақалар регламентига “заявка”даги футболчиларнинг минимал сони бўйича талаб киритилиши лозим эди. ПФЛ тузилиши бўйича қўйилган талаб эса энг жиддийси бўлганди. Муаммо шунда эдики, Мираброр Усмоновнинг ўзи мустақил структура тузилишига қатъий қарши чиққанди.
- Уларга ёзинглар, биз лига тузмаймиз, - дея буюрганди у.
- Лекин у ҳолда биз Чемпионлар Лигасида қатнаша олмаймиз, - дея эътироз билдиргандик биз.
- Унда бизга Чемпионлар Лигаси керак эмас, - дея жавоб берганди М.Усмонов.
- Буни ишқибозларга қандай тушунтирамиз? – сўзимизда туриб олдик биз.
Айнан шу савол Мираброр Усмоновнинг фикрини ўзгартиришда муҳим аҳамият касб этди.
- У ҳолда ПФЛ тузинглар.
Натижада тезкор равишда ПФЛ Низоми тайёрланиб, 2008 йилнинг июнида Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилди. Ўшандаёқ ПФЛнинг таъсис конференцияси чақирилиб, янги ташкилотнинг “туғилиши” қонунийлаштирилганди.
Ёзда мазкур воқеага 10 йил тўлди, аммо у нафақат футбол жамоатчилиги, балки ташкилотнинг ҳам эътиборидан четда қолди. Эҳтимол, у ердагилар ташкилотнинг туғилган куни қайси санага тўғри келишидан бехабардирлар?
Алишер НИКИМБАЕВ