Янгича кўриниш олган миллий биринчилигимиз элит дивизиони тобора финишга яқинлашмоқда.
Ўтган ҳафта учинчи давра ўйинлари ҳам хотима топди. Демакки, олдинда ҳал қилувчи аҳамиятга эга якуний давра қолди. Бошқача айтганда, чемпионат карвонини манзилдан атиги 5 қадам - 5 тур ажратиб турибди.
Бу вақтда Суперлига пешқадами «Локомотив» мутлақо хотиржам: «темирйўлчилар» 27-турда «Навбаҳор»ни қабул қилиб, навбатдаги 3 очкони қўлга киритишди.
Иккинчи томондан, «Пахтакор» ҳали умид узган эмас: «шерлар» бу сафар «Бунёдкор» майдонидан ғалаба билан қайтиб, «Локо»нинг янада узоқлашишига йўл қўйишмади.
1-КУН: «НАСАФ» («АЖДАР») НАФАСИ
23 октябрь куни бўлган 3та ўйин тафсилотларини газетамизнинг пайшанба сонида ёзгандик, шунинг учун уларга кенг тўхталиш шарт эмас. Фақат айрим фактлар ва жиҳатларга бирров назар соламиз. «Насаф» ўз майдонида «Сўғдиёна»ни бемалол енгиб (3:0), ғалабали сериясини 3та ўйинга етказди. Ҳа, «аждар» нафаси энди сезилмоқда. Қаршидаги баҳсда Бобур Абдухолиқов «дубл»га эришди, яна бир гол Шароф Муҳиддинов номига ёзилди. Иккинчи гуруҳ ғолиби бўлишга даъвогар «Қизилқум» ва АГМК ўртасидаги баҳсда ҳам мезбонлар устун келишди - 2:1. Навоийликлардан Элгужа Григалашвили ва Иван Нагаев ўзларини кўрсатган бўлсалар, Бахтиёр Ашурматов жамоасига ожиз тасалли берган жавоб голи 90+1-дақиқада урилди: Камолиддин Мурзоев ниҳоят, Суперлига доирасидаги ўйинда илк марта рақиб дарвозасини нишонга олди. «Локомотив» - «Навбаҳор» учрашувида тахмин қилинган кескинлик кузатилмади: сокингина кураш якунида Марат Бикмаевнинг ягона голи «темирйўлчилар»га кутилган 3 очкони тақдим этди. «Локомотив»нинг Суперлига доирасидаги охирги 14та ўйиндан 11тасида ғалаба, 3тасида дуранг қайд этганини алоҳида айтиш керак. Умуман, Андрей Фёдоров жамоаси қаторасига 6та ўйиндан буён фақат ғалаба қозонмоқда. Дарвоқе, Андрей Канчельскис «Навбаҳор» бошмураббийи ролида илк мағлубиятни тан олди.
2-КУН: ВОДИЙЧА «РОКИРОВКА»
«Қўқон-1912» - «Нефтчи» ўйини натижаси жуда-жуда муҳим эди. Биринчи босқичда туппа-тузук ўйнаган, лекин бир айланиб, аутсайдер бўлиб қолган Нўъмон Ҳасанов жамоаси ниҳоят, 6та турга чўзилган ғалабасиз одимига чек қўйди. Умуман, қўқонликлар вазият қалтислигини теран англаб, илк дақиқалардан ҳужумга катта эътибор қаратишди, олдинда 2 нафар футболчига таянишди. Шу кунларда ҳаётдан кўз юмган собиқ футболчилар - Аброр Назиров ва Равшан Дўрмонов хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланган ўйинда мухлислар тезкор гол кўришди. Яъни 9-дақиқада Дарко Гожкович ҳисобни очди: «Нефтчи» кипери Абдумавлон Абдужалилов бош билан йўлланган тўпни қайтаришга ожизлик қилди. Фарғоналиклар 20-дақиқада мувозанатни тиклашлари мумкин эди, бироқ Игорь Таран деярли бўш қолган дарвозани ишғол этолмади. Кейинги ҳужумда Шодиёр Ҳожиматовга совуққонлик етишмади. Умуман, иккинчи бўлим ярмига қадар ҳисобдаги минимал фарқ сақланиб турди, гарчи томонлар галма-гал хавфли ҳужумлар уюштирган бўлсаларда. Бу ҳолатни яна ўша Дарко Гожкович бузди. Серб ҳимоячиси бу сафар ҳаводаги тўп учун курашда устун келиб, яна боши билан аниқ зарба йўллади. Хуллас, Гожковичнинг 2та голи «Қўқон-1912»га узоқ кутилган ғалабани тортиқ этди ва жамоа жадвалда бирданига икки поғона юқорилади, «Нефтчи» эса яна аутсайдер мақомида.
Яна бир муҳим ўйин, яна бир дерби, яна икки гол. Фарқи шуки, «Тошкент дербиси»да меҳмон жамоа ғалаба қозонди. Ўхшаш томони эса, «Миллий» стадионида «Бунёдкор» меҳмони бўлган «Пахтакор» ҳам икки бўлимда 1тадан гол урди. Биринчи бўлимнинг якуний қисмига қадар Санжар Қодирқулов («Бунёдкор»), Фаррух Сайфиев, Исмоил Гонсалвеш ва Тиаго Безерра- («Пахтакор»)нинг уринишлари самара келтирмади. 36-дақиқада эса айнан Безерра мезбонлар кипери қаршисига ёлғиз чиқиб бориб, ҳисобни очди. «Шерлар» танаффусдан кейин ҳам ташаббусни қўлдан бой беришмади ва 81-дақиқада ўртадаги 3 очко тақдирини узил-кесил ҳал қилишди: ўйинга захирадан қўшилган Жамшид Искандеровнинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси кучли ва аниқ чиқди. Шу тариқа Шота Арвеладзе жамоаси пешқадамнинг янада узоқлашиб кетишига йўл қўймади, Миржалол Қосимов дружинаси эса 3-ўриндаги «Навбаҳор»га нисбатан яқинлашиб олиш имкониятидан фойдаланолмади.
«Бухоро» иккинчи босқич ҳисобидан илк ғалабасини нишонлади. Умуман олганда, Улуғбек Бақоев жамоаси нақ 6та ўйиндан буён очко ҳам ололмаётганди. Мана, бухороликлар ўз майдонларида «Металлург» дарвозасини бир мартагина ишғол қилиб, нохуш серияга нуқта қўйишди. Аслида ўйин мезбонлар учун яхши бошланмади. Зеро, бекободликлар 11-дақиқада пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди, аммо Ислом Исоқжонов «нуқта»дан ноаниқ зарба берди. Бу ҳолат «Бухоро» вакилларига ижобий таъсир қилди, чоғи, улар тез орада унча хавфли кўринмаган ҳужумни гол билан якунлашди. Акобир Тўраев тўпни анча олис масофадан дарвоза томон йўллагач, у ҳеч кимга тегмай, тўрга «илинди». Шундан кейин «Металлург» ҳужумлар шиддатини оширди. Хусусан, Шаҳзод Шайманов яқин масофадан гол уролмаган бўлса, Худойшукур Сатторов ўткир бурчак остидан дарвоза тўсинини нишонга олди. Иккинчи бўлимда ҳам меҳмонлар устунликни сақлаб қолишди. Лекин асосий эътиборни ҳимояга қаратган «Бухоро»нинг қарши ҳужумлари хавфлироқ чиқди. Шундан вазиятлардан бирида Жавоҳир Илёсов ажойиб «сэйв» кўрсатиб, «Металлург»ни муқаррар голдан қутқарди. Якунда меҳмонларга шунчаки, омад етишмади - Суҳроб Нуруллоевнинг зарбасидан сўнг тўп яна бир бора дарвоза устуни билан «ўпишди». Хуллас, ижобий натижани бир амаллаб сақлаб қолган «Бухоро» турнир жадвалида айнан «Металлург»га нисбатан яқинлашди.
ТУР ҚАҲРАМОНИ - ДАРКО ГОЖКОВИЧ
Йўқ, сербиялик футболчини «дубль» қайд этгани учунгина танламадик. Асосий сабаб - «Қўқон-1912»нинг омадсиз даврга чек қўйгани. Бинобарин, Нўъмон Ҳасанов томонидан тузилган қизиқарли жамоа 6та тур мобайнида ғалаба кўчасига кирмай, қандайдир «ўра»га тушиб қолгандек таассурот уйғотганди. Мана, битта ғалаба самараси ўлароқ, «Қўқон-1912»нинг умумий ҳолати бироз ўнгланди. Шундай экан, Гожковичнинг бош билан урган 2та голи қадри жуда баланд. Қолаверса, сербиялик ҳимоячи «дубль» қайд этиш баробарида орқа чизиқда ҳам роса тер тўкди. Хуллас, «Нефтчи» устидан қозонилган ғалаба «Қўқон-1912»нинг Суперлигада қолиш имкониятини анча оширганини назарда тутиб, унинг бош сабабчисини тур қаҳрамони сифатида эътироф этишни маъқул кўрдик.
ТУР ИҚТИБОСЛАРИ
- Жорий йил «Насаф» билан 3-марта ўйнадик, менга қолса, бундай учрашувлар сони янада кўпа-йишини хоҳлардим. Сергей Лушан («Сўғдиёна» бош мураббийи).
- Қандай бўлсак, шундаймиз. Боримизни шу майдон кўрсатди. Захирамиз эса «Пахтакор» ёки «Локомотив»ники каби катта эмас. Андрей Канчель-скис («Навбаҳор» бош мураббийи).
- Рақибнинг ҳимоявий тактика қўллашини аввалдан кутгандик, аммо бунчаликка бориши мумкинлиги хаёлимизга ҳам келмаганди. Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи).
- «Қўқон-1912» асосан стандарт вазиятларга эътибор қаратишини шогирдларимга алоҳида айтгандим. Лекин мен хавфсираган ҳолат бўлди, барибир... Баҳром Ҳайдаров («Нефтчи» бош мураббийи).
- Бу ғалаба мен учун ҳам бошқача аҳамият касб этади. Зеро, бугун турмуш ўртоғимнинг туғилган куни. Демак, яхши совға тайёрладим. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи).
- Яхшибоев, Алижонов, Алибоев, Шукуров, Турғунбоев ва Ҳамдамов каби йигитлар эртага ўзбек футболи таянчига айланишга қодирлар. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).
- Тўғри, мукофот пули йўқ, лекин бу баҳона бўлмайди. Ўз олдига катта мақсад қўйган, келажакда кучли футболчи сифатида танилишни истаганлар моддий манфаатни биринчи ўринга қўймасликлари керак. Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи).
ТУР СТАТИСТИКАСИ
Ўйин: 6
Гол: 12 (ўртача: 2)
Томошабин: 25062 (ўртача: 4177)
Мезбонлар ғалабаси: 5
Меҳмонлар ғалабаси: 1
Дуранг: -
Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Насаф» - 3:0)
Энг сермаҳсул ўйинлар: «Насаф» - «Сўғдиёна», «Қизилқум» - АГМК (3тадан гол)
Огоҳлантириш: 21 (ўртача: 3,5)
Четлатиш: 1 (ўртача: 0,16...)
Энг «қўпол» ўйин: «Бухоро» - «Металлург» (9та «сариқ» + 1та «қизил»)
Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Бухоро» - «Металлург» (6315)
Пенальти: 1(самарасиз)
«Дубль»: 2 (Б.Абдухолиқов, Насаф»; Д.Гожкович, «Қўқон-1912»)
«Хет-трик»: -
Автогол: -