Клаудио Маркизио «Зенит»га ўтганида трансфер бозори ёпилиб бўлганди. Лекин қоидага кўра, озод агент мақомига эга футболчилар истаган клублари билан шартнома имзолаш ҳуқуқини ўзларида сақлаб қолишади. Италиялик ярим ҳимоячининг Россияга ташриф буюрганига кўп бўлмади. Шунга қарамай, катта таассуротлар олишга улгурди. Фарзандларини Санкт-Петербургдаги футбол мактабига жойлади. Яқинда Маркизио championat.com сайтига интервью берди. Қуйида ана шу суҳбатни ўқишингиз мумкин.
- «Зенит»да 10-рақамни олишингиз жамоа етакчиси бўлишни истаётганингизни англатадими?
- Йўқ. Менда бунинг учун иккита сабаб бор. Ўзингизга маълум, фаолиятимнинг асосий қисмини 8-рақам остида ўтказганман. Бу мен учун катта аҳамият касб этади. Лекин «Зенит»да бу рақам банд экан. Уни тақиб юрган футболчини ҳурмат қилган ҳолда, бўш рақамларни танлашни бошладим ва «10» бўшлигини кўрдим. Бу ҳам мен учун муҳим. «Ювентус»да шу рақамни таққан футболчилар ўйинидан роҳатланардим. Улардан бири Дель Пьеро эса мен ёқтирган ҳужумчилардан бири бўлган.
- Россия чемпионатини уч сўз билан таърифлаб берсангиз...
- Жисмоний тайёргарлик. Бўш тактика. Менимча, Россияда тактикага жиддий эътибор қаратишмайди. Учинчиси, масофа. Бу билан ҳамма жамоалар бир-бирига яқин ўйнамайди, демоқчиман. Футболчилар орасида бўш зоналар кўп. Айниқса, бу ҳолат ўйин охирларида кузатилади.
- «Зенит»да ким билан яқин муносабат ўрнатдингиз?
- Маълумки, мазкур клуб таркибига трансфер бозори якунланганидан сўнг қўшилдим. Бунгача жамоалар бир нечтадан ўйин ўтказиб улгуришганди. Шунга бўлса керак, мослашишим бироз қийин кечди. Лекин барчаси мен ўйлагандан осонроқ кечди. Бундан хурсандман. Ҳозирча бирор киши билан дўстлашиб олганимча йўқ. Лекин йигитлар билан тил топишиб олдим. Аргентиналик, бразилиялик ва португалиялик футболчилар бир-бирлари билан кўп мулоқот қилишади. Чунки тиллари бир-бирига ўхшаш. Итальянча ҳам испанча ва португалчага ўхшаб кетади. Шу боис ҳам уларни тушунаман. Шунингдек, ўз тили ва маданиятига эга бўлган россиялик футболчилар бор. Лекин жамоадагилар алоҳида гуруҳларга ажраб қолмаган.
- Артём Дзюбанинг ҳазилларини тушуняпсизми?
- Билсангиз, у баъзида инглиз тилида ҳам гапиради. Унинг ҳазилларини тушунаман. Умуман олганда, Артём кийиниш хонасидаги энг қувноқ йигит. Характери ажойиб, тинимсиз ҳазил қилади.
- Артёмнинг машҳурлиги сизни ҳайрон қолдирдими?
- Йўқ. Чунки у жаҳон чемпионатида ажойиб ўйин намойиш қилди. Ҳақиқатан ҳам у анча машҳур. Россиянинг қайси шаҳрига борсак, уни қўллаб-қувватлашади. Бу оддий ҳол. Италия терма жамоаси футболчилари ҳам ЖЧ-2006дан сўнг шундай ҳолатга тушишган. Катта ғалабалардан кейин мухлислар қаҳрамонларга шундай муносабатда бўлишади. Артём айни қаҳрамонлардан биридир.
- «Инстаграм»даги саҳифангизга эътибор берадиган бўлсак, Санкт-Петербург сизга ёқибди.
- Ҳа, ҳозирча бу шаҳардан фақат яхши таассурот оляпман. «Ювентус»да ўйнаб юрган кезларим бу ерга бир марта келганман. Аммо ўшанда бир суткадан сал кўпроқ вақт бўлганмиз, холос. Фақатгина стадион ва отелни кўрганмиз. Ҳозир ижтимоий тармоқлар туфайли барча жойни олдиндан билса бўлади. Шу туфайли келишдан олдин ҳаммасини ўрганиб чиқдим. Шунга қарамай, таассуротларим катта. Ажойиб тарихга, маданиятга эга бўлган шаҳар. Каналлар туфайли Питерни Венецияга қиёслашларини биламан. Лекин менга Санкт-Петербург Римни эслатиб юборяпти. Бутун ҳаётини битта шаҳарда ўтказган мендек инсон учун бу ажойиб.
- Таниқли журналист Танкреди Пальмери Петербургни «юрагингизни ўғирлайдиган аёл» дея таърифлаганди. Шу фикрга қўшиласизми?
- Ҳозирча ушбу фикрнинг тўғрилигини тасдиқлай олмайман. Бунинг учун вақт керак. Ҳақиқатан ҳам юракни ўғирлайдими, йўқми, чин дилдан ҳис қилишим лозим. Келинг, бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз. Лекин шаҳарда ўзим учун севимли жойларни кашф этдим. Уларнинг айримларига доим бораман, мажбуран. Мисол учун, Крестовск оролида фарзандларимнинг мактаби жойлашган. У ердаги паркни деярли ҳар кун айланамиз, ресторанларга кирамиз. «Исаакиевский собор»ни алоҳида таъкидлаган бўлардим. Бу жой оиламиз учун доимий борадиган масканга айланиб қолди. Янги келганимда, тезда уй топа олмадим. Шу боис ҳам соборнинг қаршисидаги отелда икки ҳафта яшадик. Ҳозиргача ушбу меҳмонхонадаги ресторанга тез-тез ташриф буюриб турамиз. Ресторан ошпазларидан бири италиялик. У Россияда танишган биринчи ҳамюртимиз, оиламиз учун муҳим инсонлардан бири бўлиб қолди. Шаҳарга мослашишимизда яқиндан ёрдам берди.
- Оилангиз Санкт-Петербургда вақтини қандай ўтказяпти?
- Улар ўзларини яхши ҳис қилишмоқда. Ўғилларим янги мактабга мослашиб олишди, футбол билан шуғулланишмоқда. Давиде «Зенит» академиясида таҳсил оляпти. Леонардо эса ҳозирча бошқа мактабда ўқияпти. Крестовск оролида кўплаб жамоадошларим яшашини биламан. Аммо биз ўзимизга бошқа жой топдик. «Фонтанка»да, шаҳарнинг қоқ марказида яшашни маъқул кўрдик.
- Марказда тирбандликлар бор. Улар халақит бермаяптими?
- Бу мен учун янгилик. Туринда бир миллион одам истиқомат қилади. У ерда трафик билан боғлиқ муаммо деярли бўлмаган. Бироқ оиламиз билан бу ҳолатга ўрганяпмиз. Санкт-Петербургда ҳар кун қандайдир янгиликка гувоҳ бўламиз. Кўпчилик негатив муносабатда бўладиган пробкалар ҳам биз учун қандайдир янгилик бўлди. Янгиликка позитив муносабатдамиз.
- Рус ошхонасини синаб кўрдингизми?
- Ҳа, ҳаммасидан татиб кўряпман. Рус ошхонаси, итальян, умуман, Европа ошхонасидан фарқ қилади. Қайси таом кўпроқ маъқул келди? Чучвара. Шунингдек, шўрваларнинг кўп турини ичиб кўрдим.
- «Шопинг»га қанча вақт сарфлайсиз?
- Кўп деб айта олмайман. Дўконларга жуда кам кираман ва ўзимга нима кераклигини яхши биламан. Тўғри, зарур кийимни топиш учун бир кун сарфлашим мумкин. Лекин ўша нарсани сотиб олгандан кейин дўконга ойлаб кирмайман. Бир сафарги харидда қанча сарфлаганимни эслашим қийин. Адашмасам, Миланда 10 минг евро харажат қилган пайтларим бўлган. Аммо ҳеч қачон бундан кўп сарфламаганман.
- Италиядан кўпгина юк билан келгандирсизлар?
- Оиламиз билан 14та чемодан олиб келдик. Лекин буни билган ҳолда қилдик. Чунки Россия чемпионатида қишки танаффус бўлмагунча уйга қайтмаслигимизни билардик. Тараддуд ҳам шунга яраша бўлди.
- Нима учун Италияда топ мураббийлар камайиб кетди?
- Бу фикрингизга қўшилмайман. Тўғри, италияликлар катта ғалабаларга эриша олмаяптилар. Ҳозир футбол оламида Клопп, Гвардиола, Моуринью, Тухель кабилар етакчилик қилишмоқда. Лекин Сарри «Челси»ни бошқаряпти, буюк мураббийлардан бўлган Анчелотти ишлашда давом этмоқда. Яна Конте бор. Сўнгги пайтларда унинг «Реал»га ўтиши борасида гап-сўзлар юрибди. Муаммо бошқа тарафда - янги иқтидорлар йўқ. Италия футболида авлодлар алмашуви чўзилиб кетди. Бу ҳолат ҳамма ерда кузатилган: Францияда, Германияда. Ҳозир қайсидир маънода Испанияда ҳам шундай ҳолат кўзга ташланмоқда. Ишончим комилки, Италия бу муаммони тез орада бартараф этади.
- Сиз топ футболчилар билан ўйнагансиз. Улардан қай бири мураббийликда улкан ютуқларга эриша олади?
- Ўйлаб кўриш керак. Масалан, Кьеллинини олайлик. Менимча, ундан мураббий чиқмайди. Аммо яхши раҳбар бўлиши мумкин. Яқинда Бонуччининг мураббийликда ўзини синаб кўрмоқчилигидан хабар топдим. Бу йўлда унга ёрдам беришга тайёрман. Фабио Гроссо мураббийлик фаолиятини бошлади. Унга омад тилайман. Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, ҳозирча бу соҳага кириш ҳақида ўйламаяпман.