Хабар бериб ўтганимиздек, Самарқанд шаҳрида камондан отиш бўйича Миллий олимпия қўмитаси соврини учун Ўзбекистон кубоги ўтказилади. Айни пайтга келиб турнирга тайёргарлик кўриш жараёни якунланди.
Мусобақанинг ташкилий масалаларини назорат қилиш максадида Самарқандга Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси Отабек Имомов ҳам етиб келди. Шунингдек, мусобака давомида Туркиядан ташриф буюрган селекционер мураббий Владимир Леквишвили ҳам баҳсларни бевосита кузатиб боради ва терма жамоамиз учун янги номзодларни саралашда ўзбекистонлик мураббийларга ёрдам беради. Бугун мусобақа олдидан расмий машғулотлар ўтказилди. Баҳслар Самарқанд шаҳар 2-БЎСМ қошидаги «Нафис» спорт мажмуасида бўлиб ўтади.
Эртага соат 10:00 да Самарқанд автомобилсозлик касб-ҳунар коллежи биносида мусобақага бағишланган матбуот анжумани ташкил қилинади. Сўнгра, турнирнинг очилиш маросими ўтказилади. Ана шундан кейин асосий баҳсларга старт берилади.