Бугун Самарқанд шаҳридаги 2-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қошидаги «Нафис» спорт мажмуасида камондан отиш бўйича Миллий олимпия қўмитаси соврини учун Ўзбекистон кубоги старт олди. Мусобақада Республикамизнинг 8 та вилоятидан 70 нафарга яқин спортчи иштирок этмоқда.
Бугун Самарқанд автомобилсозлик касб-ҳунар коллежи биносида мусобақага бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси Отабек Имомов, Туркиядан ташриф буюрган селекционер мураббий Владимир Леквишвили ва бошқалар иштирок этишди.
Федерация раҳбари Отабек Имомов анжуман давомида сўзга чиқар экан, ташкил этилаётган мусобақанинг аҳамияти, мазкур турнир орқали янги номларни саралаб олиш энг асосий мақсад эканлиги ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, федерация томонидан амалга оширилаётган ишлар, камондан отиш базасини қуриш ишлари бошлаб юборилганлиги ҳақида маълумот берди.
«2020 йили Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун лицензия қўлга киритиб, муносиб иштирок этиш олдимизга қўйилган энг асосий вазифадир. Биз Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида камондан отиш спорт турини ривожлантириш, ёшларни ушбу спорт турига жалб қилиш ҳамда юртимиз байроғини нуфузли мусобақаларда баланд кўтаришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз», – деди Отабек Имомов.
Тадбир давомида анжуман иштирокчилари ўзларини қизиқтирган яна бир қатор саволларга жавоб олишди. Матбуот анжумани якунлангач, мусобақанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг баҳсларга старт берилди.
Мусобақа 17 ноябрга қадар давом этади.