Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Эски яралар оғриғи ёхуд Купер эплай олармикин?

Баҳо:
+1 | -

Бугун Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик ўйинини кўриб, Куперни ёмон кўрмадим, шунчаки унга раҳмим келди.

Эктор Купернинг энг яхши натижаларидан бири Мисрни жаҳон чемпионатига олиб чиққани бўлди. У Мисрни бошқарганида ҳам ҳозиргига ўхшаш тактикани қўллаган, аммо Мисрда қандайдир сониялар ичида ҳимоядан ҳужумга ўтишга қодир футболчилар бор эди, Элнени, Салоҳ. Бизда эса бундай  футболчилар йўқ, ҳа, шошманг, янглишдим, юртимизда бор бундай футболчилар, аммо негадир терма жамоада йўқ. Купер шу жиҳатдан янглишмоқда.

Шу ўринда  мен сира ҳазм қила олмайдиган бир ҳолат пайдо бўлади. “Бизда иқтидорли ҳужумчи кам”, бир мураббий ана шу жумлани қўллаганди. Лекин бугун спортга катта эътибор қаратилаётган бир пайтда, ёшларга имконият яратилаётган бир пайтда бундай гапни айтиш жиноят эмасми? Ўсмирлар сафида порлаган ўша ёш иқтидорлар қани? Келинг, масалага бошқача ёндашайлик. Ҳаммамиз мини стадионларда мини футбол ўйнаймиз. Хўш, энди айтингчи, биргина пойтахтнинг ўзидаги мини стадионларда футбол ўйнаётганлар орасидан иқтидорлиларни топиш қийинми? Менимча,йўқ. Шахсан ўзим шундай ёш йигитларни кўрганманки, уларнинг тўп билан муомала қилишини кўриб, таажжубга тушганман. Мана иқтидор.

Суперлига. Тан олиш керак, бугунги суперлига терма жамоани керакли футболчилар билан таъминлай олмаяпти. Биргина мисол, Эктор Купер ҳужум чизиғида биргина Марат Бикмаевдан қониқмоқда, қониқишга мажбур бўлмоқда. Марат Бикмаев иқтидорли, бунга шубҳа йўқ, аммо терма жамоанинг ёши ўтиб бораётган футболчига суяниб қолгани фожиа эмасми? Бундай жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятлари юқори бўлиши мумкинми? Ахир ғалаба қозониш учун гол ҳам уриш керакку, тўғрими? Бизда бошқа ҳужумчи йўқми? Нафақат ҳужумчи, керак бўлса, ҳужумчилар бор. Фақат Суперлигадаги беш-олтита жамоага умидвор тикилмасдан, сал четроққа чиқилса, жуда кўп иқтидорларни топиш мумкин.

Габриэл Жезус бундан бир неча йил олдин стадионларни бўяб юрган йигитча эди. Бугун терма жамоада ўйнаяпти. Криштиану Роналдунинг отаси пиёниста, акаси гиёҳванд бўлган, қийинчилик билан катта бўлган. Футболга қизиқиши туфайли шу спорт турига умид воситаси, қашшоқликдан қутулиш илинжи сифатида қараган. Ибрагимович нон топиш учун ёшлигида ўғирлик қилишгача борган, кейин футболга кириб, унга шунчаки хобби сифатида эмас, асосий илинжи сифатида қараган. Лукаку, Месси... Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин.  Хўш, биздачи, бизда йўқми шундай иқтидорлар? Бор, ҳатто керагидан ортиқ. Қишлоқларда тўпни истаган кўйига сола оладиган иқтидорлар тиқилиб ётибди. Уларни футболга жалб қилиш эса мушкул ишдек. Аксига олиб уларнинг ўзи ҳам футболчи бўлишга интилмай қўйган. Чунки айрим порахўрларнинг касрига “Футболчи бўлиш учун бойнинг боласи бўлиш керак, пулинг кўп бўлиши керак”, деган тушунча ўрнашиб қолган. Президентимиз коррупцияга қарши курашни давлат сиёсати даражасига чиқарган бир даврда футболни ҳам юқоридаги каби фикрлардан тозалаш керак. Ана шунда футбол деса борини берадиган, аммо қўли калтароқ ёшларимиз ҳам футболчи бўлишга интилади. Ана шулардан чиқади Месси Роналдулар. Қачонки бизда мураббийлар  ёки раҳбарият изланиб, иқтидорли футболчини кўрган заҳоти керак бўлса салфеткада у билан шартнома тузишга интилса, шунда футбол ўзгаради. Қачонки футбол чўнтакни қаппайтириш воситасидан мамлакат шаънини кўтариш, ғурурини ҳимоя қилиш воситасига айланса, футбол ўзгаради. Футболни шунчаки хобби сифатида кўрадиган, ёки “Мен футболчиман” деб керилиш учун футбол ўйнайдиганлардан ҳақиқий футболчи чиқмайди, асло!

Энди яна Куперга қайтамиз. Куперни қораламоқчи эмасман. Чунки у Бабаян, Абрамов, Қосимовлардан  қолган терма жамоани кучайтиришга интилмаяпти, у Купернинг терма жамоасини яратяпти. У ҳаммасини нолдан бошлаяпти. Аммо у тушуниши керак, агар тактикани ўзгартирмайман, ўз қарашларимда содиқ қоламан деса, таркиб борасида жиддий ўйлашига тўғри келади. У шу пайтгача ўйнатган футболчилардан 11 нафар энг яхшиларини саралаб олса бўлади, аммо уларни тактикасига ўргатиш — анча пешона терини  тўкишга мажбур қиладиган иш. Купер ўзбек футболида ўз Салоҳига эга бўладими, буниси энди чинакам муаммо.

ЎФАдагилар бир нарсани тушунишларини истардим, ҳеч бир мураббийнинг “Ўзбекистонда иқтидорли футболчилар кам” дейишга ҳақи йўқ. Бу баҳонадан бошқа нарса эмас, бу эскириб кетган принциплардан воз кеча олмаслик, иқтидорларни оёқни  чарчатиб эмас, осонроқ йўл билан топишга интилиш каби иллатларни хаспўшлайдиган баҳона, холос! Ўзбекистон — иқтидорлар мамлакати, гарчи баландпарвоз гап бўлса-да, бу ҳақиқат. Унутманг, қуён овланмаса, бунга бузуқ қурол эмас, шу бузуқ қуролни танлаган овчи, ўша овчини шу ишга ёллаганлар сабабчи бўлади. Чунки қурол бузуқ бўлса, овчини эмас, қуролни алмаштириш керак.

Низомжон ИСЛОМОВ                                                       

  

                                                                                                                                      

 

 

Манба: stadion.uz
Киритилди: 00:16, 21.11.2018.
Ўқилди: 8906 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.