Сир эмаски, бокс Олимпия ўйинларида Ўзбекистон учун медаль тақдим этувчи энг асосий спорт тури ҳисобланади. 2016 йилги Олимпия ўйинларида ҳам бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллагандилар. Энди боксчиларимиз олдида янада масъулиятли вазифа турибди. Улар ушбу натижани камида такрорлашлари лозим бўлади. Бу эса осон бўлмаслиги табиий. Чунки, 2020 йилги Олимпия ўйинларининг бокс бўйича беллашувларда вазн тоифалари камайтирилади. Бунгача 10 та вазнда баҳслар ташкил этилган бўлса, Токио Олимпиадасида 8 та вазнда баҳслар ўтказилади.
Бугун Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон бокс федерацияси масъуллари билан йиғилиш ташкил қилинди. Учрашувни Бош котиб Жасур Матчанов олиб борди. Ўтказилган йиғилишда боксчиларимизни Токио Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этишларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган стратегия муҳокама қилинди. Федерация вакиллари бу бўйича ўз режаларини, мақсад ва вазифаларини тушунтириб бердилар.
Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси мутасаддилари билан ана шундай йиғилиш ташкил этилганди. Режага кўра, Миллий олимпия қўмитасида барча олимпия спорт турлари федерация ва ассоциациялари билан ана шундай муҳокамалар бўлиб ўтади. Зеро, Япония мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш бугунги кунда МОҚ олдига қўйилган энг долзарб вазифадир.