Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Интервью. Стивен Жерард: «Бир кун албатта «Ливерпуль»ни бошқараман...»

Баҳо:
+ | -

Футболчилик даврида «Ливерпуль» клуби ва Англия термаси афсонасига айланган Стивен Жеррард мураббийлик соҳасида ҳам машҳурликка эришишни мақсад қилган. Яқинда Франциянинг France Football нашри айни пайт Глазгонинг «Рейнжерс» клубини бошқараётган Жеррард билан суҳбат уюштирди.

- Ярим йилдан буён «Глазго Рейн­жерс»ни бошқараяпсиз. Бу бош мураббий сифатидаги биринчи ишингиз. Анча ўзлаштириб олдингизми?

- Йўқ, бу биринчиси эмас. Бунгача «Ливерпуль» ёшлар жамоасини бош­қарганман. Умуман олганда, катталар жамоасини назарда тутсак, шундай. Мутлақо бошқа даража, бошқа масъулият. Ўтган ярим йил ажойиб бўлди. Буни кутмагандим. Болалигимдан ҳурмат қиладиган клубни бошқариш имкониятига эга эдим. Таклиф билан чиқишганида ўйлаб ўтирмай розилик бердим.

- Эндигина 38 ёшдасиз. «Амплуа»­ни ўзгартиришга ҳали эрта эмасми?

- Аслида бу ҳақда кўпдан бери ўйлаб юрардим. 30-31 ёшлигимда, жисмоний ҳолатим талабимга жавоб бермаётганини тушунганимда, ўзимни мураббийликка тайёрлашни бошладим. Жерар Улье ва Рафаэль Бенитеслар «Ливерпул»даги устозларим. Улардан кўп нарса ўрганганман. Ҳар бир машғулотлардан кейин қайдлар киритардим. Махсус дафтарга улардан ўрганганларимни ёзиб қўярдим. Буларнинг қачонлардир қўл келишини ўшандаёқ билганман.

- «Глазго Рейнжерс» сизга қандай таклиф билан чиқди?

 - Икки танишим орқали. Биринчиси - Энди Скулдинг. У билан «Ливерпул»да танишганмиз. Айни пайт «Рейнжерс»нинг селекция бўлимида ишлайди. Иккинчиси - Марк Аллен. У билан «Манчестер Сити» академиясини бошқарганда танишганман. Ўшанда «Ливерпуль» ёшлар жамоасида ишлаётгандим. Улар қўнғироқ қилиб, «Рейнжерс» мураббий қидираётгани, бу борада клуб раҳбарияти билан музокара ўтказишим мумкинлигини айтишганди.

- Шубҳасиз, сиз дарҳол рози бўлдингиз?

- Бунга қадар 3-4 жамоадан таклиф олгандим. Лекин бу ишлар мен учун эканлигига унчалик ишончим комил эмасди. «Рейнжерс» эса шу ондаёқ маъқул келди. Номдор клуб. Ўзим ҳам айнан шундай бўлишини истагандим.

- Боз устига, «Рейнжерс» ҳам «Ливерпуль» сингари «халқ жамоаси» саналади. Ҳақиқатан ҳам керакли жиҳат...

- Ҳа. Бу ерда ҳам фанатлар ҳаракатига қойил қолмасдан илож йўқ. Уларнинг босимини жисмонан ҳам ҳис қиласиз. Лекин айрим футболчиларга бу негатив таъсир ўтказиши мумкин. «Рейнжерс»да мухлислар босими остида яшашни билиш муҳим. Бу ерга асаби мустаҳкам ўйинчилар керак. Агар ҳаммаси яхши бўлса, ажойиб муҳит ҳукм суради.

- «Рейнжерс»даги мақсадларингиз қандай?

- Ишни энди бошладим. Ўз услубимда ўйнайдиган жамоа тузишни хоҳлайман. Мухлисларнинг ҳам истаклари юқори. Лекин лойиҳа бирданига амалга ошмайди. Ҳаммаси бос­қичма-босқич олиб борилади.

- Вазифа - яна «Селтик» билан рақобатлашишми?

- Шундай. Ўртадаги даражани иложи борича тенглаштириб, яна «олтин» учун курашишни бошлашимиз керак. Сўнгги йилларда «Селтик»­ка рақобатчи йўқ эди.

- Жамоани Европа Лигаси гуруҳ босқичига олиб чиқдингиз. Бу ҳам ўзига яраша натижами?

- Ҳа, бу яхши қўнғироқ. Гуруҳ бос­қичига чиқишимиз молиявий тарафдан ҳам, клуб обрўси учун ҳам муҳим эди. Бу профессионал томонлама катта ютуқ. Шогирдларимга шундай турнирлардаги тажриба керак. Чунки улар ҳали анча ёш.

- Қачонлардир «Рейнжерс» Европада ўз ўрнига эга бўлган. Шу даврлар қайтади, деб ўйлайсизми?

- Муҳими, «рейнжерча» ўйнашимизда. Клубнинг жаҳон бўйлаб миллионлаб мухлислари бор. Европа Лигасида қаерга бормайлик, ўша ерда фанатларимиз топилади. Бу ажойиб. «Рейнжерс» ҳамиша ғалаба учун ўйнаган. Ҳозир ҳам шундай қилишга интиляпмиз. Футболчиларим барчасига масъулият билан қарашларини истайман. Рақиблар кимга қарши ўйнаётганларини билишсин. Сўнгги йилларда клуб имижини йўқотган. Биз яна ўз кучимизга ишонишимиз керак. Бунинг учун Чемпионлар Лигасига чиқишимиз жуда муҳим. ЕЧЛ­нинг «Айброкс» («Глазго Рейнжерс» стадиони)га қайтишини хоҳлайман. Бу ишни уддалаган мураббий бўлмоқчиман.

- Ёзда бир қатор ёшларни харид қилдингиз. Аммо вазифани бажариш учун тажрибали футболчилар керак...

- Ёш масаласи муаммо эмас. Иштиёқ бўлса, кифоя. Менга бренд учун келадиганларнинг кераги йўқ. Аввалига асосий мақсадимиз футболчиларнинг руҳиятини ўзгартириш эди. (Ёрдамчиси Грегори Виньялга юзланиб) Грег нима демоқчи эканлигимни тушунади. У мен билан «Ливерпул»да бирга тўп сурган. Энди «Рейнжерс»­дамиз. Бу жамоаларда футболчилар қандай бўлиши кераклигини у яхши билади. Айнан шунинг учун курашсангиз, кўпинчи ғалаба қозонасиз. Одатдагидек, футболкани кийиб, майдонга тушиб, ғалаба қозонишни кўпчилик эплайди. Аммо энг аввало, шундай клуб либосида юриш, унинг рамзи, эмблемасини тақишга муносиб бўлиш талаб этилади.

- Сиздек номи чиққан инсон футболчилар билан трансфер борасида осонроқ гаплашса керак?

- Ҳа. Баъзида гўшакни қўйиб қўйишмасмикан, деб чўчийман. Клубнинг молиявий ҳолати ўта бар­қарор эмас. Бу жиҳат ҳам селекция ишларида қийинчилик туғдиради. Имкони бўлганларни олдик. Қайсидир маънода, экспериментал таркиб. Лекин барчалари ғалабаларга чанқоқ футболчилар. Бошқа жамоалар захира ўриндиғида ўтириб зерикканларни чақирдик. Уларнинг курашга чанқоқлиги иш бермоқда. «Рейнжерс»да ҳамма ўзини кўрсатишга қодир. Бунинг учун клубда барча шароитлар яратилган. Лекин мен учун асосийси, мазкур жамоа шарафини ҳимоя қилиш истагидир. Бу борада таркибимиздаги янги футболчилар билан ҳам ишлар олиб боряпмиз.

- Шотландия чемпионатининг савияси қандай?

- Турли жамоалар, турфа услублар. Узун паслар жуда кўп. Бундай вертикал футболда стандартларга катта эътибор қаратилади. Яккакурашлар тез-тез кузатилади. Баъзи жамоалар бирор киши югуриб, гол уриб келади, деган мақсадда тўпни узоқлаштиришади. Жамоанинг кўпроқ Европача футбол ўйнашини таъминлашга интиляпман. Паслар ор­қали тўпни имкон қадар ўзимизда сақлаб туришимиз лозим. Яна бир жиҳат, мисол учун, Москвада «Спартак»ка қарши ўйнаяпсиз. Ўйинни кўриш учун 50 минг ишқибоз келган, рақиб таркибидаги ҳар бир футболчининг нархи камида 20 миллион. Кейин Шотландияга қайтасиз ва барча ўйинчилари баҳоси бир миллион еврога етмайдиган клуб билан майдонда куч синашасиз. Мослашиш қийин. «Селтик», «Хартс» ва «Килмарнок» жамоаларида нимадир бор. Қолганларда ўйин йўқ.

- «Селтик» билан бўлган дастлабки дерби ҳақида нима дейсиз?

- Жуда муҳим ўйин эди. Афсуски, мағлубиятга учрадик. Майдонга ишонч билан тушгандик. Лекин айрим футболчиларда бу каби принципиал дербидаги дастлабки иштирок ҳаяжони сезилиб қолди.

- Стадиондаги муҳит «Ливерпуль» - «Эвертон» дербисига ўхшайдими?

- Ўхшаш, лекин барибир бошқа. Бу ерда дербиларга нафақат спорт, балки бошқа масалалар ҳам қўшилади. Шу боис ҳам муҳит ўзгача тус олади. Ўша куни Глазгода ҳаёт тўхтаб қоладигандек, гўё. Ҳамма ўйин ҳақида гапиради.

- Нимага Англияда хорижлик мураббийлар - Гвардиола, Клопп, Моуриньо, Сарри, Почеттино, Эмериларга ишонч билдиришмоқда?

- Ҳақиқатан ҳам, сиз айтган хорижлик мураббийлар кучли мутахассислар. АПЛда катта пуллар айланади. Шундай экан, клубларда фақат энг яхшиларни чорлашга имконият бор. Вазиятга реал баҳо бериш керак. Жаҳонда инглизлардан кучли бўлган мутахассислар талайгина. Патрик Виейра ва Тьерри Анрилар ҳозир менинг ҳолатимдалар. Мураббийлик тажрибасига эга бўлиш учун улар кучли клуб топишлари лозим. Рақобат эса жуда катта. Лекин Дидье Дешам, Зайниддин Зидан ёки Лоран Блан кабилар биринчи уринишдаёқ ҳаммасини яхши бажаришган. Буюк футболчидан буюк мураббийга айланишди.

- Жерар Улье билан муносабатларингиз қандай бўлган?

- Ҳозиргача алоқаларимиз яхши. Ушбу мутахассис менга кўп нарса ўргатган. У футболчи сифатидаги руҳиятимни ўзгартирган. Мендан умуман бошқача ўйинчини юзага чиқарган. Жерар Ульенинг қўл остида ҳақиқий профессионализм қандай эканлигини тушунганман. Майкл Оуэн ва Жейми Каррагерлар ҳам худди шундай дейишган бўларди.

- Қачонлардир «Ливерпул»ни бошқаришни орзу қиласизми?

- Ҳозир Глазгода бахтлиман. Лекин кейин нима бўлишини вақт кўрсатади. Ливерпуль мен учун ўзгача шаҳар. Балки қачонлардир у ерда ишларман. Балки ишламасман.

- 2005 йили «Олтин тўп»ни қўлга киритишингиз учун озгина очко етмаган. Натижада сўровда учинчи ўринни олгансиз. Энг яхши бўлолмаганингиздан афсусланасизми?

- Йўқ. Ўшанда Роналдиньо ва Лэмпардлар кўпроқ овоз тўплашган. Улар билан минбарга бирга чиққанимдан хурсандман. Мен Ливерпулнинг ишчи кварталидан чиққан оддий йигитман. Орзуим «Ливерпул»да ўйнаш бўлган. Агар бу иш юз бермаганида афсусланган бўлардим. Афсуски, Англия чемпиони бўлиш насиб этмади.

- Бу йил «Олтин тўп»ни ким олади, деб ўйлайсиз?

- Менимча, жаҳон чемпионларидан бири. Гризманн ёки Мбаппе. Лекин Роналду ва Мессини ҳам ёддан чиқармаслик керак

Манба: InterFutbol
Киритилди: 00:01, 03.12.2018.
Ўқилди: 4159 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.