Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Мусофир бўлмагунча…

Баҳо:
+1 | -

Япония қуйи лигасига ўзбекистонлик футболчининг бораётгани кўпчиликка ёқмаган кўринади. «Шарманда» деб ёзаётганларга кўпроқ дуч келдим.

Мени биринчи навбатда Достон Турсуновга хориждан яхши таклиф бўлгани хурсанд қилди. Чунки у яна бир неча йил ўзимизнинг клубларга қарши тўп суриб ўтиб кетиши ҳам мумкин эди. Унга айни дамда янги чўққи жуда муҳим.

Япониянинг қуйи лигаси Достон учун бераётган пулни Суперлиганинг энг яхши клуби ҳам унга бера олмайди. Бу масаланинг иккинчи жиҳати. Ва энг муҳим жиҳати ҳам.

Масаланинг учинчи жиҳати — футбол инфратузилмаси. Япониянинг қуйи лига жамоалари ҳам бу борада бизнинг энг яхши клубдан олдинда эканини унутмаслигимиз керак. Яхши шароит, яхши витаминизация, яхши майдонлар Достонга фақат ва фақат фойдалидир.

Японияга Иньеста, Подольски, Вилья каби футболчилар жон деб боряпти. Айтайлик, Турсунов ва жамоаси яхшироқ ҳаракат қилса, унда мана шундай типдаги футболчиларга қарши тўп суриш учун имконият бор. Улар ҳеч бўлмаганда кубокда тўқнаш келиши мумкин. «Нефтчи» ёки бошқа клубда эса бундай имкониятнинг ўзи йўқ.

«Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас», деган гап бор. Дунё кўрсин, ватани, ота-онаси соғинчини ҳис қилсин, тил ўргансин, келажаги учун ривожланган мамлакатда пойдевор қурсин. Бунинг нимаси ёмон эканини тушунмадим.

Анзур Исмоилов биз яқиндагина менсимайдиган Хитой чемпионатига анча олдин кетганди. Қандай ўсиб қайтганини кўрдик, «Локомотив»га катта ёрдам берди. Баъзилар айтаётган Кападзе, Жепаров, Аҳмедов кабилар ҳам ўзимизда порлагани билан, жуда катта тажрибани айнан четдан олганини тушунишимиз керак.

Достон Турсунов Баҳром Ҳайдаровдан кўрсатма олгани яхши. Унинг олдига Эктор Купер қўшилса, яна чиройли. Булар қаторига қандайдир Тойота, Кавасаки деган футболчи-ю, мураббийлар ҳам қўшилиши янада зўр. Шулардан келиб чиқиб, мен Достон олдинга қадам ташлади, деб ҳисоблайман.

ЭНГ ЯХШИЛАРНИ ТАҚДИРЛАШ ҲАҚИДА

ПФЛ ҳар ой якунида Суперлиганинг 12та клуби бош мураббийлари ва сардорлари, шунингдек, футбол мухлислари ўртасида сўровнома ўтказиб келди. Март ойидаёқ айтилганди: «Ой якунларига кўра дастлабки учликка кирганлар мос равишда 3, 2, 1 очкодан жамғариб боради. Шу тариқа йиллик натижа эълон қилинади».

Безерра бирор марта ой футболчиси бўлмаган, аммо энг яхшилар рўйхатига мунтазам кириб келган. Натижада 12 очко жамғарган. Марат Бикмаев фақатгина июлда энг яхши бўлган, октябрь ва ноябрда иккитадан очко олган. Жами 7 очко билан йилда иккинчи бўлди. Жавлон Иброҳимов эса 3 очко билан учинчи ўринда.

Андрей Фёдоров дастлабки уч ойда умуман кўринмади, ишни ҳам кеч бошлаган. Бироқ йил давомида уч марта ойнинг энг яхшиси бўлган. У жами 10 очко тўплаганди. Миржалол Қосимов 8 очко жамғарди. Бахтиёр Ашурматов эса - 7.

Игнатий Нестеров ой дарвозабонлари учун март, апрель, май ва июлда умуман учликка кирмаган. У жами 9 очко ишлаган. Элдор Суюнов эса октябрь ва ноябрни ҳисобга олмаса, ҳар ойда яхшилар қаторида юрган. Унинг очколари 12тани ташкил қилаётганди.

Ҳар ойнинг чиройли голларидан энг яхшисини аниқлаш учун сўровнома ўтказилди. Унда «Нефтчи» вакили ғолиб чиқди.

Энг яхши аёл футболчини аёллар жамоаларига, энг яхши футзалчини футзал жамоаларига мураббийлик қилаётганлар аниқлаб беришди. Fair Play соврини фақатгина сариқ ва қизил карточкаларни эмас, ўртача ёш бўйича энг ёш жамоани ҳам қамраб олди ҳамда соврин Қаршига кетди.

Фақатгина йилнинг рамзий терма жамоасини ПФЛ аниқлади. Унга Миржалол Қосимов бошчи бўлишга ҳақли эди. Чунки қийин вазиятда ҳам «Бунёдкор» мардонавор курашди. Қолган футболчиларга кимнингдир эътирози бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳар бир ОАВ одатда ўзининг расмий термасини аниқлайди.

Албатта, кимдир хафа бўлиб қолиши турган гап ва бу нормал ҳолат. Бутун дунёда шундай. Аниқ айтишим мумкин бўлгани, ой сўровномалари ва бошқа сўровномалар шаффоф ўтказилди. Ғолиблар ҳам сунъийлаштирилмади. Нисбатан барқарор ўйнаганлар йил одами бўлишга ҳақлироқ, фақатгина икки ойгина порлаганлар эмас. Масалан, Азиз Турғунбоевда шундай бўлди, йил бошида қанча зўр бўлса, термага чақирилгач, пасайиш сезилди. Нестеровда аксинча, у иккинчи босқичга келиб кучайди, жамоаси «Локомотив» ҳам шундай. Шунинг учун ҳам чемпионлик уларга насиб қилди.

P.S.: Йилнинг энг яхши ёш футболчиси масаласида шахсий фикрим ҳам бор. Бироқ бу фикрим ПФЛга таъсир ўтказа олмайди. Остон Ўруновни алоҳида муборакбод этиб айтаманки, келажакда «Бун-ёдкор»нинг 2002 йилда туғилган иқтидори Жасур Жалолиддинов ўз сўзини айтади. У мамлакат футболининг эртаси эканига ишонаман.

ФИФАдан ХАТ КЕЛДИ

Эрта тонгдан иш бошларканман, қўлимда ФИФАдан 2та хат турибди: легионер футболчилар бўйича қарздорликлар масаласи.

Предраг Вуйович — «Андижон»

Виталий Пламадела — «Бухоро»

Булардан ташқари, «Бунёдкор» Симоненко бўйича ишни ёпмаган. Вадим Чемиртан шикоят аризаси ёзган, «Бухоро» устидан. Лушан билан суд ишлари давом этяпти. Хуллас, кайфиятни кўтарадиган масалалар эмас.

Бир ҳақиқатга ишонаман, агар ишлар тўғри йўлга қўйилганида эди, унинг бундай таъсирлари чиқиб келмасди. Ва фақат бир тарафни — клубларни айблашни ҳам истамайман. ПФЛ бу каби масалаларни қунт билан назорат қилганида, вазият бунчалик чигаллашиб кетмасди.

Шу каби хатлар, шу каби масалалар борлиги учун ҳам форматни муҳокама қилаётган тарафга заҳримни сочгандим маданиятсиздек кўриниб. Кейинги сафар маданиятли бўламан, босиқроқ бўламан.

ШАРТНОМА МАСАЛАСИ

Шартномалар масаласи тартибга солиниши керак, дейилганди. ПФЛ 2019 йилги шартномаларни жиддий назорат қилиш ниятида. Кимга қанча пул тўланиши, қандай ишланиши клубнинг ўзига ҳавола. Бироқ шартномалар юзасидан низолар келиб чиққанида, ҳамма бирдек «тупик»ка кирмаслиги учун ҳам ўта муҳим жиҳатларга эътиборли бўлиш шарт. Мақсад клубларнинг ишига аралашиш эмас, мақсад низолар вақтида клуб, мураббий ва футболчиларни бирдек ҳимоя қила олишда, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб беришда.

Шартноманинг энг асосий жиҳати товон пули бўлади. «Барселона» Неймарни қўйиб юборишни истамади. Неймар кетмоқчи бўлди, аммо кета олмасдики, унинг шартномаси бор эди. Мана шу вақтда «ПСЖ» 222 миллион евролик товон пулини тўлаб берди ва футболчини олиб кетди. Худди шу нарса Ўзбекистон клубларида ҳам бўлиши керак.

Масалан, «Насаф» Азиз Ғаниевнинг товон пулини истаса 8 миллиард сўм қилиб белгиласин. «Пахтакор» бунга рози бўлмаслиги мумкин. Бироқ жуда жаҳли чиқиб кетса, 8 миллиардни тўлаб беради ва Ғаниев билан келишиб, уни олиб кетади.

Янгиликларни бирма-бир тушунтириб бораман. Фикрлар бўлса, бемалол. Шу хусусда клублар директорлари билан ҳам гаплашилди.

Футболчи ва мураббийларнинг кўпчилиги солиқлар ҳақида яхши билмайди. Мен ҳам зўр биламан, деб айта олмайман, бироқ қилаётган даромадимдан солиқ тўлашим кераклигини биламан. 2019 йилдан бошлаб футболдагилар ҳам буни билишлари керак.

Испанияда ҳам чиқиб қолади-ку, «Роналдуни 2 йиллик қамоқ жазоси кутяпти...», «Мессини 3 йиллик кутяпти...», деган нарсалар. Аслида улар солиқлардан қочадиган даражадаги футболчилар эмас, шунчаки, бу соҳа анча чигалки, ҳисоб-китобларда адашган бўлишлари мумкин. Шунинг учун ҳам молиявий жарималар билан оғирроқ санкциялардан қутулиб қолишади.

Футболчиларга бериладиган мукофот пуллари, рағбатлантирувчи пуллар бундан мустасно. Бунинг учун даромад солиқлари тўланмайди.

2019 йилдан бошлаб нима қилиб бўлса ҳам «оқ қоғозга қўл қўйдириш»ни йўқ қилиш керак. Бу нарса айримлар тушунганичалик оппоқ қоғоз бўлмайди. Чунки бир тонна нарса ёзилган-у, аммо асосий шартлар, масалан, ойлик маошлар ва бошқа турдаги даромадлар ёзилмаган қоғоз бўлади. Шунингдек, футболчиларнинг кўпи неча йиллик шартномаларга қўл қўяётганини ҳам билмай, алданиб қолган.

Эндиликда пуллар ҳам, бошқа даромадлар ҳам, шартнома муддатлари ҳам, товон пуллари ҳам алоҳида қорайтирилган ҳолда белгилаб қў-йилади. Қавс ичига рақамлар ёзма шаклда туширилади. Бу рақамларнинг ҳаммаси ручкада эмас, компьютернинг ўзида терилган бўлади. Футболчи ҳам ишлатиши керак бўлган бир жойини ишлатиб, тушунмаса сўраб, суриштириб имзо чекади.

Диёр Имомхўжаев

Манба: stadion.uz
Киритилди: 11:46, 23.12.2018.
Ўқилди: 3881 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.