«Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола Англия чемпионатининг 19-тури доирасида бўлиб ўтган «Лестер»га қарши ўйин (1:2) борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Бугунги баҳс ҳам «Кристал Пэлас»га қарши ўйинга ўхшаш бўлди. Биз учрашувни яхши бошладик, аммо рақибнинг илк ҳужумидаёқ гол ўтказиб юбордик. Бундай вазиятларда бизга руҳий куч етишмаяпти.
Буни тўғри тушунган ҳолда сидқидилдан ишлашимиз лозим. Ўзимизга ишончни қайтариш учун битта ўйинда ғалаба қозонишимиз керак. Табиийки, ўз дарвозамиз дахлсизлигини сақлай олмаётганимиз бизни хавотирга солмоқда. Футболда муҳими — натижа. Биз эса мағлуб бўлдик.
Тўрт кундан кейин навбатдаги ўйинда майдонга тушамиз. Ўз устимизда ишлаймиз ва ўзгача кайфиятда майдонга тушамиз.
Мавсум ҳали олис. Ишлашимиз керак бўлган жиҳатларимиз бор. Кўп вазият яратиш учун бизга куч етишмади. Биз вазиятдан чиқиб кетиш учун ечим топишимиз керак.
«Ливерпуль» ва «Тоттенхэм» жадвалда ҳақли равишда биздан юқорида турибди. Улар ўз ўйинларида ғалаба қозонишмоқда, биз эса йўқ. Орадаги фарқ ошди. Ўтган мавсумда биз катта фарқ билан олдинга ўтиб кетгандик. Ушбу мавсумда «Ливерпуль» ва «Тоттенхэм» жуда яхши ўйнамоқда.
Мавсумнинг биринчи ярми ортда қолди. Чемпионликни қўлга киритиш учун етарли очколарга эгамиз, лекин бошқа жамоалар яхшироқ илдамламоқда. Улар ҳозирда биздан кучлироқ.
Футболда олдиндан ҳеч нарсани айтиб бўлмайди. У шуниси билан гўзал. Одамлар ўтган мавсумда бизга осон бўлганини айтмоқда, аслида ундай эмас. Ўтган мавсумда ҳам қийин бўлганди», – деди Гвардиола.