Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Қарғиш теккан «тўққизлик»

Баҳо:
+ | -

Гонсало Игуаиннинг «Милан»даги омадсизлиги нафақат мутахассислар, балки жамоа ва аргентиналик юлдузга нисбатан бетараф позицияда бўлган мухлисларни ҳам ўйга толдиради:

«Нима учун ўз хоҳиш-ихтиёри билан келган ҳужумчи талаб даражасида тўп сура олмади?»

Бу борадаги турли тахминлар орасида рақам билан боғлиқ ажабтовур бир факт эътиборни тортди. 2012 йилда Филиппо Инзаги «Милан»даги фаолиятини якулаганидан кейин унинг рақамини мерос қилиб олган ворислар афсонага хос маҳсулдорликни кўрсата олмаяптилар.

Футбол оламига «Пиппогол» номи билан танилган 9-рақам соҳиби 11 йил «россонери»га садоқат билан хизмат қилиб, 202 марта майдонга тушган ва 73та гол урганди.

Жумладан, 2007 йилдаги ЕЧЛ финалида «Ливерпуль» дарвозасини икки бор ишғол этганди. Таажжубки, шундан кейин СуперПиппо рақамига ихлос қилган ҳужумчилардан омад юз ўгирмоқда.

Боз устига, уларнинг «Сан-Сиро»даги даври ярим, узоғи билан бир йилдан нарига ўтмаяпти. Оқибатда жамоа савияси шунчалик пасайиб кетдики, «Милан»да нафақат 9, балки барча рақамларга қарғиш теккандек, гўё. Лекин уларда 9даги давомийлик кузатилмайди. Келинг, Инзагининг издошлари фаолиятини кўриб чиқайлик. 

АЛЕШАНДРО ПАТО. 2012-2013

Чемпионатда: 4 учрашув, гол йўқ

ЕЧЛда: 3 учрашув, 2 гол

Эътироз билдиришга ошиқманг, азиз мухлис. Пато ўз фаолиятининг каттагина қисмини 7 рақами остида самарали ўтказганидан хабардормиз. Лекин Пипподан кейин бразилиялик ҳужумчи «9»ни олди, «7» эса Робиньо ихтиёрига ўтганди. Биз фақат Патонинг «машҳур» рақам билан қайд этган натижалари устида тўхталдик. Ўшанда у белидаги жароҳатдан жафо тортган ва юртига қайтиб кетганди. Кейин Алешандро «Челси» ва «Вильярреал»да омадини синаб кўрди. Ҳозир у Хитойда тўп сурмоқда. Ҳа, вақти-вақти билан «Милан» 29 ёшли собиқ аъзосини эслаб туради. Аммо жиддий таклифдан дарак йўқ.

АЛЕСАНДРО МАТРИ. 2013-2014

Чемпионатда: 15 учрашув, 1 гол

ЕЧЛда: 3 учрашув, гол йўқ

Миланликлар сермаҳсул ҳужумчини қўлга киритиш йўлидаги изланишларни давом эттиришди. Ўша вазиятда «Ювентус»да рисоладагидек тўп сураётган (69 ўйин, 27 гол) «Милан» тарбияланувчиси энг мақбул номзод эди. Ҳужумчини ортга қайтариш учун жамоа 11 млн. евродан воз кечди, Аллегри етарлича ишонч билдирди. Бироқ Матри имкониятлардан фойдалана олмади. Охир-оқибат, ўта суст ва беўхшов ўйин кўрсатган ҳужумчи «Фиорентина»га «сургун» қилинди. Унинг «Сан-Сиро»даги такрорий фаолияти эса омадсиз трансферлар рўйхатидан жой олди.

ФЕРНАНДО ТОРРЕС. 2014-2015

Чемпионатда: 10 учрашув, 1 гол

«Ўз ўғлони»ни ортга қайтаргач, миланликлар тактикани ўзгартиришди. Торреснинг ижарага олиниши Галлианининг ўзига хос юриши бўлиб, шу аснода таниқли ҳужумчи учун пул сарфлашдан фориғ бўлинди. Табиийки, испаниялик голеадор Миланда ҳам одатий рақамини танлади. Аммо унинг аввалги «Эль Ниньо» эмаслиги тез орада сезилиб қолди. «Челси»даги омадсиз мавсумлар Торресга салбий таъсирини ўтказганди. Бундан ташқари, ҳужумчи «Милан»да ўз ўрнини топа билмади - жамоада талаб даражасидаги ишончни қозона олмаганини кейинчалик Фернандо очиқ-ойдин тан олганди.

Хуллас, Торрес ҳам Матрининг қисматини такрорлади ва «Атлетико»га йўл олди. Бунинг учун ҳужумчи Симеонега раҳмат айтса, арзийди.

МАТТИА ДЕСТРО. 2015

Чемпионатда: 15 учрашув, 3 гол

Қишда «россонери» яна бир марта мухлислар кўнглига ғулғула солиб, Торресни Алессио Черчига алмаштирди, ҳужум марказига эса «Рома»дан Маттиа Дестро таклиф этилди. Дебютант кўп ўйлаб ўтирмасдан, 9 рақамини олди. Лекин жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар кузатилмади. Ўша мавсум замонавий «Милан» тарихидаги энг қуйи нуқта бўлди. Ҳа, айнан СуперПиппо раҳбарлигида «россонери» 10-ўринни банд этди. Тўғри, Дестро мунтазам равишда майдонга тушди, ҳатто «Рома» дарвозасига гол ҳам урди. Бироқ якуний натижа қониқарсиз бўлди ва «Милан» ҳужумчини харид қилиш имкониятидан воз кечди.

ЛУИС АДРИАНО. 2015-2016

Чемпионатда: 26 учрашув, 4 гол

Кубокда: 3 учрашув, 2 гол

Иқтидорли ҳужумчи нисбатан анча арзон баҳода (8млн. евро) харид қилинган бўлсада, Миланда шунга яраша самара беролмади. Биринчидан, Луис янги жамоа муҳитига мослаша олмади. Ёдингизда бўлса, «Шахтёр»даги фаолияти давомида у рақиб ҳимоячиларини ўзига чорлаб, жамоадошлари учун бўшлиқ яратиш ҳадисини олганди. Миланда бу айёрлиги иш бермади. Қолаверса, асосий ҳужумчи роли Карлос Бакка ихтиёрида эди. Рисоладагидек кечмаган мавсумдан кейин Адриано омадсиз «9»ни «7»га алмаштириб кўрди. Аммо вазият ўзгармади. Охир-оқибат, ярим йил захирада «дам» олган ҳужумчи «Спартак» таклифини қабул қилди.

ЖАНЛУКА ЛАПАДУЛА. 2016-2017

Чемпионатда: 27 учрашув, 8 гол

Кубокда: 1 учрашув, гол йўқ

Суперкубокда: 1 учрашув, гол йўқ

Буни қарангки, қанчадан-қанча таниқли ҳужумчилардан кўра кўпчиликка таниш бўлмаган Лападула қарғиш теккан рақам остида муваффақиятли тўп сурди. Ўз вақтида Жанлука «D» серия ва Словения чемпионатида ўйнаган, «Пескара»даги сермаҳсул мавсумдан (2015|2016, 27 гол) кейин Инзагининг навбатдаги ворисига айланганди. Албатта, номдор жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилиш анча улғайиб қолган ҳужумчи учун осон бўлмади. Лекин Лападула доимо бор куч-маҳоратини сафарбар этиб тўп сурди, «қуруқ« ўйинлар сериясига чек қўйганида қувонч ёшларини тия олмаганлиги ундаги кучли иштиёқнинг нишонаси эди. Шижоатли ҳужумчининг 8 голи «россонери»нинг еврокубокларга қайтишига ёрдам берди. Лекин жамоага мос эмаслигини тушуниб етган Лападула Миланни тарк этди.

АНДРЕ СИЛВА. 2017-2018

Чемпионатда: 24 учрашув, 2 гол

Кубокда: 2 учрашув, гол йўқ

ЕЛда: 14 учрашув, 8 гол

Сўнгги омадсиз харидлардан бири. Португалия терма жамоасининг ёш ва иқтидорли ҳужумчиси учун миланликлар Юнхун Ли сармояларидан 38 млн. еврони «Порту»га сарфладилар. Афсуски, Андре ўз салоҳиятини тўлиқ намойиш эта олмади. Ички мусобақа ва ЕЛ ўйинларида юзага келган номутаносиблик ҳужумчидаги ўзига бўлган ишончни сўндирди. Мухлислар ва ОАВнинг кучли босими Силванинг ўзига келиб олишига имкон бермади. Чунки Миландан Испанияга йўл олган ҳужумчи «Севилья»да юксак маҳсулдорликни намойиш этди.

ГОНСАЛО ИГУАИН. 2018

Чемпионатда: 15 учрашув, 6 гол

Кубокда: 1 учрашув, гол йўқ

Суперкубокда: 1 учрашув, гол йўқ

ЕЛда: 5 учрашув, 2 гол

Ҳикоямиз сабабчиси бўлган «машҳур» 9 рақамининг сўнгги соҳиби, супертўпурар мақомидаги ёрқин юлдуз. Гонсало «Наполи»да сермаҳсул ўйнади, «Ювентус»да муҳим голларни урди, аммо Миланда омадсизликка дуч келди. Бунинг сабаблари жуда кўп. Марказий чизиқнинг талаб даражасида эмаслиги, спорт директори Леонардонинг совуқ муносабати... Энг асосийси, Игуаиннинг гранд жамоадан жудо бўлганлиги. Гарчи моддий томондан манфаатлироқ бўлса ҳам. Оқибатда ҳужумчи 7 учрашувда рақиблари дарвозаларига йўл топа олмади, «Ювентус»га қарши баҳс эса қўшалоқ омадсизлик билан якунланди - кўкка совурилган пенальти ва қизил карточка! Хуллас, 9-рақамли аргентиналик голеадорнинг «Сан-Сиро»даги фаолияти ҳам ярим йўлда... йўғ-е, ярим йилда поёнига етди.

ХУЛОСА

Ҳа, 1 эмас, 2 эмас, нақ 8 нафар таниқли иқтидор соҳиблари «Милан»даги 9-рақам остида мухлис-у мутахассислар талаби даражасида тўп сура олмадилар. Балки бу тасодифдир? Йўқ, салкам бир жамоа сонига тенг футболчилар омадсизлигини тасодифга йўйиш - бемаънилик. Илоҳий кучлар таъсирими? Йўқ, қониқарсиз иштирок омиллари яққол кўриниб турибди. Унинг асосий сабаби «россонери» тизимидаги пала-партиш селекция оқибатида юзага келган умумий инқироз билан боғлиқ. Қаердадир тежамкорликка зўр берилган, бошқасида жарангдор ном учун асоссиз харажатларга йўл қўйилган.

Яна бир асосий сабаб шуки, 9 рақамини танлаганлар катта масъулиятни ҳам ўз зиммаларига олишган. Номдор жамоаларда 1дан 11гача бўлган рақамлар алоҳида эътиборда туради. «Милан» ҳам бу анъанадан четда эмас: афсонавий Паоло Мальдини ва Франко Барезилар шарафига 3 ва 6-рақамлар «муомала»дан чиқарилган. Амалда бу шуни англатадики, донгдор рақамни танлаган ўйинчи юксак даражада тўп сура олмаса, таъна-дашномлар тагида қолади. Андре Силва шундай зарбаларга дуч келганди. «Сан-Сиро»даги ҳақоратомуз ҳуштакбозликларни аввалдан ҳис эта олганида, балки Силва соддароқ рақамни олармиди... Иззат-нафси йўл қўймаса-чи, дейсизми? Бунга Максим Шацких мисоли билан жавоб қайтариш мумкин. Киевнинг «Динамо»сига ўтганида Макс 10-рақамли либосда майдонга туша бошлаганди. Лекин Андрей Шевченкога тегишли рақам унинг учун ортиқча даҳмаза эканини тезда англаб, «16»га ўтди. Шундан кейин Макс ўзини руҳий жиҳатдан анча эркин ҳис эта бошлади.

Қўшимча сифатида яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ҳозир футбол оламида савияли марказий ҳужумчи танқислиги юзага келган. 9 рақамидан айнан шу позицияда ўйнайдиган футболчилар фойдаланадилар. Лекин «Милан»нинг янги хариди - Кшиштоф Пёнтек бу борада тўғри йўлни танлади. Яъни, польшалик ҳужумчи «россонери» сафидаги дебютини «Женоа»даги одатий 19 рақами остида майдонга тушган ҳолда нишонлади.

Бу бизга ўхшаган холис мухлислар учун ҳам аҳамиятли. Биринчидан, қарғиш олган «тўққизлик» мавзусига нуқта қўйилди. Иккинчидан, яқинда рақамнинг омадсизликда тутган ўрни хусусида аниқ жавобга эга бўламиз. Бунинг учун Пёнтекнинг «Милан»даги иштирокини кузатиб боришимиз кифоя қилади.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 12:49, 11.02.2019.
Ўқилди: 7830 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.