Осиё Чемпионлар Лигасининг саралаш баҳслари омадли бошланди. Айниқса, «АГМК» клуби ўз уйида ажойиб «камбек»ни амалга оширгани олқишга сазовар. Бугун «АГМК»нинг янги кўриниши ҳақида сўз юритамиз
Янги бош мураббий ва унинг севимли футболчилари
Миржалол Қосимов ўзбек футболида ўз ўйин услуби ва стратегиясига эга мураббийлар сирасига киради. Қосимов «АГМК» клубини янги мавсумга, ОЧЛ саралаш ўйинларига тайёрлаши керак эди. Хозирча, мураббий биринчи имтиҳонни аъло даражада топширди.
Кўпинча, Миржалол Қосимов бир, ё иккита тажрибали футболчилар атрофида ёш ва иқтидорли футболчиларни жамлаган кўйи ажойиб, жанговар жамоани тузади. Бу ҳолат «Бунёдкор»нинггуллаган даврида ҳам, чўкаётган даврида ҳам бирдек ижобий натижа берган эди.Бой араб клублари ўйнай олмайдиган тезкор шарқ клублари билан ўлим гуруҳида баҳс олиб борган «Бунёдкор»нинг ўйинларини кўпчилик ҳали унутганича йўқ. Ҳар бир мураббийнинг «севимли» футболчилари бўлади. Жаноб Қосимовнинг ана шундай мақтовга сазовор бир нечта йигитлари бор. Миржамол Қосимов, Дилшод Жўраев, Сардор Раҳмонов, Акбар Тўраев … Бу йигитлар «Истиқлол»га қарши учрашувда ўз ўйинларини тўлиқ намоён эта олдилар ва ғалаба учун замин яратишди.
«АГМК» мураббий танлашда адашмади.
Қосимов ўзбек мураббийлари орасида халқаро ўйинлар тажбираси бобида энг кучли мутахассис десак, адашмаган бўламиз. Ўтган мавсумда ички чемпионатимизда Қосимовнинг «болалари» деярли кичкина бюджет билан ҳам мардонавор иштирок эта олишгани сўзимизга исбот бўлса, ажаб эмас. Бизнинг футбол учун бу мураббий кўплаб ёш иқтидорларни кашф этган ва этишда давом этмоқда. Биз Миржалол Қосимовга янги клубдаги ишларига омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Молиявий муаммолар юзага келмаса…
Ҳеч кимга сир эмас, клубларимизнинг 70 % мана 10 йилдан бери молиявий муаммолар сабабли чемпионатимизни рақобатбардош қила олишмаяпти. Ўтган мавсумдаги «Бухоро» жамоасининг биринчи давра ва сўнгги даврадаги ўйинларига назар ташласангиз, фарқни дарҳол сезишингиз аниқ. Бу иллат нафақат «Бухоро», балки башқа клубларимизда ҳам азалий дардга айланиб бормоқда. Бу эса ўз-ўзидан бутун ўзбек футболининг ривожини ортга сурмоқда. Янги мавсум бошида яхши мураббий, иқтидорли ёш футболчиларга таянган жанговар руҳдаги «АГМК» клуби шу муаммони четлаб ўта олса, янги мавсумда улар пойтахт клубларига яхшигана бош оғриқ бўлишлари ҳеч гап эмас. Умид қиламизки, «АГМК»да янги мавсумда ҳеч қандай молиявий муаммолар вужудга келмайди ва клуб ўз тарихида илк бор ОЧЛ да нафақат иштирок этади, балки турнир кашфиётига айланади деб, умид қилиб қоламиз.
Y.U