Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция 0-1 Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл 0-2 Вест Хэм

Ислом Тўхтахўжаев: «Кайфият аъло, ОЧЛга тайёрмиз»

Баҳо:
+ | -

Тошкентнинг «Локомотив» клуби ўз тарихида иккинчи марта Ўзбекистон суперкубоги соҳибига айланди. Таъбир жоиз бўлса, мазкур зафар «темирйўлчилар»га халқаро майдондаги иштирокни бошлашдан аввал ўзига хос кўтаринки кайфият бағишлади. АГМК клубига қарши кечган қизиқарли учрашув якунига етгач, терма жамоамизнинг тажрибали ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаевдан интервью олдик. Зеро, майдонда сардорлик боғичи остида тўп сурган футболчининг етакчиларга хос ҳаракати стадионга ташриф буюрган мухлисларга жуда манзур бўлди.

- Аввало, қўлга киритилган ғалаба ва мавсумдаги илк соврин билан табриклаймиз. Дастлабки таассуротлар қандай?

- Табрик учун раҳмат. Бу ўйинга анча муддатдан бери тайёргарлик кўрдик. АГМКнинг ОЧЛдаги 2та ўйинини кузатиб, яхшилаб ўрганиб чиқдик ва мураббийимиздан тегишли кўрсатмаларни олган ҳолда, майдонга тушдик. Энг муҳими, якунда ғалабани нишонладик.

- Биринчи голдан сўнг «Локомотив» натижани сақлаб қолишга уриндек таассурот уйғотди. Бу Андрей Фёдоровнинг режаси эдими?

- Маълумки, биргина ўйиндан иборат учрашувларда натижа ўта муҳим ҳисобланади. Шу боис, ҳисобдан келиб чиқиб ҳаракат қилдик. Шунинг­дек, рақибни ҳимояланишга мажбур этдик.

- Жокичнинг голидан кейин эса буткул ҳимояга ўтиб олдинглар...

- Буткул эмас-у, шунчаки, АГМК футболчиларини ўз майдончамизда кутиб олиб, қарши ҳужумда имко­ниятимизни кутдик. Аммо сўнгги дақиқалар яқинлашгани сари эҳтиёткорликка эътиборни кучайтиришимизга тўғри келгани рост.

- «Пахтакор» марказий стадионига кўплаб мухлислар ташриф буюришди. Бу сизларга қўшимча куч бердими?

- Албатта! Мухлислар қанча кўп келишса, нафақат биз, балки бошқа жамоалар ўйнаганда ҳам, шундай шиддат кузатилади. Ахир мухлислар - футболдаги «12-ўйинчи».

 - «Локомотив» Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи остонасида турибди. Мусобақага тайёгарлик жараёни қандай кетмоқда?

- Ҳа, чиндан ҳам, суперкубок баҳсидан сўнг бор эътиборимиз ОЧЛга қаратилади. Илк ўйинни ўз майдонимизда ўтказамиз. Бунга тайёргарлик авжида. Ўйлайманки, «Ал-Ваҳда»га қарши беллашувни аъло кайфият ва яхши жисмоний тайёргарлик билан бошлаймиз.

- Гуруҳдаги рақибларни ўрганяпсизларми? Уларнинг кучига қандай баҳо берасиз?

- Рақибларни анчадан бери ўрганяпмиз. Лекин шуниси аниқки, Чемпионлар Лигасида кучсиз жамоа иштирок этмайди.

- Суперкубок ўйини бир томондан жамоа фойдасига ишлайди. Яъни футболчилар бироз бўлсада, муҳим ўйинлар олдидан спорт формаларини тиклаб олишади...

- Дарҳақиқат, бу ўйиннинг худди шу вақтда ўтказилиши айни муддао бўлди. Чунки барибир, расмий ва ўртоқлик ўйини ўртасида катта фарқ бор. Шу пайтгача миллий чемпионатимизда ҳам 3-4та учрашув ўтказганимизда-ку, нур устига аъло нур бўларди.

- Хориждаги назорат учрашувларида асосан қайси жиҳатларга эътибор қаратилди?

- Мавсумолди йиғинлари рисоладагидек ўтди. Уларда жамоавий ўйинни шакллантириш, янги футболчилар билан ўзаро тушуниб ҳаракат қилиш устида ишладик. Табиийки, жисмоний тайёргарликка ҳам етарлича урғу қаратилди. Зеро, ОЧЛ ўйинларида жисмоний тайёргарлик кўп нарсани ҳал қилади.

- «Ал-Иттиҳод» ва «Ал-Ваҳда» «темирйўлчилар» учун нотаниш эмас. Аммо «Ал-Райан»ни бемалол «сирли тулпор»га қиёслашимиз мумкин. Қатар клуби ҳақида етарлича маълумотга эгамисизлар?

- Тўғри айтдингиз, «Ал-Иттиҳод» ва «Ал-Ваҳда» билан аввал ҳам куч синашганмиз. Лекин айни клубларда мураббийлар алмашган. Таркибларда жуда катта ўзгаришлар амалга оширилган. Менимча, биз аввал ўйнаган жамоалар бошқача услуб ва тактикадан фойдаланарди. Қатар клубини ҳам ўрганишни бошлаганмиз, албатта. Аммо ҳозир бор эътибор илк тур ўйинига қаратилган. Мухлисларимиз кўз ўнгида ғалаба қозонсак, қолган рақиблар ўйинини босқичма-босқич таҳлил қилаверамиз.

- Амирликларда бўлиб ўтган Осиё кубогидан сўнг терма жамоамиздаги айрим футболчилар легионер мақомини олишди. Сизга ҳам хориж жамоаларидан таклиф ёхуд қизиқиш бўлдими?

- Очиғини айтсам, таклифлар бор эди. Бироқ «Локомотив» билан Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этишни маъқул кўрдим. Бу ерда мени барча шароитлар қониқтиради. Қолаверса, қадрдон дўстларим билан бирга бўлишдан ҳурсандман.

- Осиё майдонларида юртимиз шарафини ҳимоя қилувчи жамоага мусобақада имкон қадар узоқроққа боришни тилаймиз!

- Раҳмат! Мақсадларимиз жуда катта. Насиб қилса, чиройли ва мазмунли ўйинлар кўрсатиб, ижобий натижаларга эришамиз.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 15:07, 27.02.2019.
Ўқилди: 2038 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.