Жорий йилнинг 22-23 март кунлари Москва шаҳрида ўтказилаётган самбо бўйича Жаҳон кубогида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Мусобақанинг биринчи кунида аёллар ўртасида 52 кг, 60 кг, 68 кг, 80 кг, эркаклар ўртасида 57 кг, 68 кг, 82 кг, 100 кг ва жанговар самбо бўйича 57 кг, 68 кг, 82 кг, 100 кг вазн тоифасидаги спортчилар татамига чиқишди.
2018 йилда Осиё чемпиони бўлган спортчимиз Сирожиддин Анорқулов (-57 кг, жанговар самбо) барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга кирилган бўлса, ушбу йўналиш бўйича баҳсларда иштирок этган яна бир спортчимиз, Осиё чемпиони ва 2018 йилда Ашхободда ўтказилган ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари ғолиби Зафар Аллабергенов (-68 кг) ҳам барча рақиблари устидан зафар қучди. Айниқса финалда россиялик Никита Подковалниковга қарши кечган жанг қизғин баҳсларга бой бўлиб, якунда вакилимиз олтин медалга сазовор бўлди.
Жанговар самбо бўйича яна бир вакилимиз 2018 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори Бекзод Нурматовга (-82 кг) финалда бироз омад етишмади. У россиялик Асланбек Кадзаевга имкониятни бой берди ва мусобақанинг кумуш медалига эга чиқди.
Шунингдек, Улуғбек Раҳмонов (-82 кг), Зуҳрахон Маъмуржонова (-52 кг) ҳамда Тимур Худойқулов (-68 кг) ўз вазнларида шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилишди.
Шундай қилиб, самбочиларимиз жаҳон кубогининг биринчи кунида 2 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза жами 6 та медални қўлга киритишди. 23 март куни мусобақанинг иккинчи кунида аёллар ўртасида 48 кг, 56 кг, 64 кг, 72 кг, +80 кг, эркаклар ўртасида 52 кг, 62 кг, 74 кг, 90 кг, +100 кг ва жанговар самбо бўйича 52 кг, 62 кг, 74 кг, 90 кг, +100 кг вазндаги спортчилар баҳсга киришади.