19 март куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига Осиё каратэ федерациясининг бош менежери Винсент Чен бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Учрашувда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, вазирликнинг тегишли бошқармалари бошлиқлари Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раиси Аламжон Муллаев ҳамда федерация Бош котиби Камолиддин Ходжиниязов иштирок этишди.
Тадбирда асосий мавзу сифатида каратэ WKF бўйича Ўзбекистонда ўтадиган Осиё чемпионати ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар каратэни юртимизда янада оммалаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, спортчиларимизни нуфузли мусобақаларга тайёрлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида ўзлари фикр алмашишди.
Ойбек Қосимов делегация аъзоларига сўнгги йилларда юртимизда каратэни оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот бериб, пойтахтимизда Осиё чемпионатини юқори савияда ташкил этиш бўйича барча чоралар кўрилишини маълум қилди.
“Сизни юртимизда кўриб турганимдан хурсандман. Хуш келибсиз. Бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз томонидан юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шуни мамнуният билан таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз спорт турлари бўйича бир қатор жаҳон ва Осиё чемпионатларига мунтазам равишда мезбонлик қилиб келмоқда. Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон 34 та нуфузли халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиши режалаштирилган. Каратэ WKF бўйича қитъа биринчилигига ҳам муносиб мезбонлик қилиш бўйича барча имкониятлар ишга солинади.” – деди О.Қосимов
Ўз навбатида жаноб Винсент Чен ҳам чемпионат олдидан мавжуд шароитлар билан танишиш ва ушбу масала юзасидан музокаралар олиб бориш мақсадида юртимизга келганини таъкидлаб ўтди.
“Яна Тошкентдалигимдан бағоят хурсандман. Бу сафар иккинчи марта келишим. Пойтахтингиз менда тозалиги ва қулайлиги билан катта таассурот қолдирган. Бу ерда ўзимни жуда ажойиб ҳис қиламан. Юртингизда жисмоний тарбия ва спортга қаратилаётган эътиборни ўзбекистонлик спортчиларнинг нуфузли мусобақаларда қўлга киритаётган натижаларидан ҳам кўришимиз мумкин. Аҳоли сонидан келиб чиқадиган бўлсак, натижаларингиз аҳоли анча кўп ва иқтисодиёти ривожланган айрим давлатларникиданда юқори. Ташрифим давомида мавжуд инфраструктурани ўргандим. Тошкент нафақат қитъа биринчиликларини балким, жаҳон миқёсидаги мусобақаларни ўтказишга тайёр деб ўйлайман.” – деди жаноб Винсент Чен
Якунда томонлар жорий йилнинг июль ойида пойтахтимизда Токио Олимпиадасининг лицензиялари ўйналадиган Осиё чемпионатини ўтказишга келишиб олишди.