Профессионал спортда кундан-кунга замонавий одатларга таяниб, баданига татутировка чиздираётганлар кўпчиликни ташкил этмоқда.
Ўзига хос суратлар кичик, ўртача ва ҳаттоки, йирик кўринишга эга бўлиши, баъзан кўкрак ва орқа қисмни тўлиғича эгаллаши мумкин. «Тату»лар эгаси учун энг муҳими - уни оммага кўрсатиш. Бунинг учун турли услублардан фойдаланиш мумкин - кимдир «Инстаграм»га фотосуратини жойласа, айримлар фотомухбирлар қаршисида татуировкаларини кўз-кўз қилиб, ашаддий мухлисларига салом йўллашади. Умуман, топ спортчилар, хусусан, футболчиларнинг ҳаммаси ҳам танани суратлар ва ёзувлар билан бойитиш тенденциясига амал қилишавермайди. Кимдир эскилик тарафдори ёки бошқа сабаблар туфайли татуировкадан воз кечади. Замонамизнинг юлдуз футболчилари орасида ҳам бундайлар бисёр. Хўш, терисини татуировка билан бузишга қаршилар кимлар? FootballHD.ru сайти шу мавзуга тўхталди.
Н'ГОЛО КАНТЕ
27 ёш. «Челси» клуби ва Франция термаси ярим ҳимоячиси
Бу футболчининг бугунги рўйхатдан ўрин олгани унинг фаолиятига бефарқ бўлмаганларни заррача ажаблантирмаслиги тайин. Н~Голо жуда камтар инсон, ўз шахсига атрофдагилар эътиборини қаратишга уринмайди, айниқса, гап майдондан ташқаридаги ҳаёти билан боғлиқ бўлса. Канте омма олдида баданини ҳам кўрсатмайди, бойлигини ҳам. Франциялик футболчи кўримсиз ҳаёт тарзига эгалиги сабаб, уни қандайдир татуировкалар билан тасаввур қилиш қийин.
Профессионал фаолияти бошида камтарона «Булони»да тўп сурган Канте машғулотларга «самокат»да келар, 2018 йили эса Англия нашрлари уни оддийгина «Мини Хетч» рулида кўришган. Буни суратга олиб тарқатишганда, ВВС Sport журналисти Пол Флетчер шундай деб ёзганди: «Н~Голони омма қаршисида кўриниш мутлақо қизиқтирмайди, бойлигини кўз-кўз қилишни ҳам ёқтирмайди».
АНДРЕС ИНЬЕСТА
34 ёш, «Виссел Кобе» (Япония) ярим ҳимоячиси
«Барселона» сафида 674та, Испания термаси либосида 131та ўйин ўтказган афсонавий футболчи бугунги кунда Япониянинг «Виссел Кобе» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Иньеста профессионал фаолияти давомида деярли барча совринларни қўлга киритган - тўққиз марта Испания чемпионлиги, олти марта Испания кубоги, тўрт марта Чемпионлар Лигаси бош соврини, икки марта Европа чемпионлиги, бир марта жаҳон чемпионлиги.
Шундай ютуқларга қарамай, Иньеста деярли ҳар доим ўзининг ёрқин ва такаббур жамоадошлари соясида қолиб кетган. Андрес шахсий ҳаётини атрофдагиларга намоён этишни хушламайди, шахсига эътибор қаратишни ёқтирмайди. Бир сафар Хосеп Гвардиола «Иньеста футбол юлдузи ҳисобланмайди, чунки диққат марказида туришни билмайди», деганди. Унинг ташқи кўриниши ўзига хос, маълум даражада кўримсиз. Бу ҳолат Андресни тўлиқ қаноатлантиради, у замонамизнинг аксарият футболчиларидан фарқли равишда, сирғалар тақиш ёки баданига татуировкалар чиздиришдан ўзини тияди.
МУҲАММАД САЛОҲ
26 ёш, «Ливерпуль» клуби ва Миср термаси ярим ҳимоячиси
«Фиръавн» ақл бовар қилмас машҳурликка «Ливерпул»га ўтгач эришди, бу клубда голлар урувчи машинага айланди. Эндиликда Мисрда Муҳаммад Салоҳчалик таниқли ва севимли одамни топиш мушкул.
Бироқ шунчалик донг таратганига қарамай, Салоҳ камтарликни йўқотмаган, бутун диққат-эътибори футболга қаратилган. Баъзан пиар ёки шунга ўхшаш турли акциялар «Ливерпуль» тўпурарини мутлақо қизиқтирмайдигандек туюлади. Аслида ҳам шундай, Салоҳнинг ўзи бу борада аниқ тушунтириш берган. Яқинда у «Твиттер»даги саҳифасида шундай қайд қолдирди: «Танамда татуировкалар йўқ, соч турмагимни ҳар куни ўзгартирмайман, рақсга тушишни билмайман. Шунчаки, футбол ўйнашни яхши кўраман. Фақат футбол орқали ҳар куни мукаммалликка эришишга уринаман».
ДАВИД ЛУИС
31 ёш, «Челси» клуби ва Бразилия термаси ҳимоячиси
Бу футболчининг Европадаги фаолияти Португалияда, «Бенфика» сафида бошланган, аммо қисқа муддатда қитъанинг етакчи клублари эътиборини ўзига қарата олган. Натижа кўриниб турибди - 31 ёшли Давид Луис «Челси» ва «ПСЖ» либосида кўплаб ўйинлар ўтказди, турли совринларни қўлга киритди.
Давид Луисни футбол майдонида ўзини тутишига қараб камтар деб бўлмайди. Кимдир жаҳлини чиқарса, ўзига хос тарзда жавоб қайтаради, айрим ҳолларда жанжалнинг сабабчисига айланади. Бунга сабаб, Давид Луис аксарият бразилиялик футболчилар сингари художўй ҳисобланади. Маҳоратли ҳимоячи бир сафар футбол оламида Какага тақлид қилишини айтганди. Кака ҳам татуировкаларга қарши эди, шунга қарамай, Бразилиядаги энг келишган эркаклардан бири бўлган.
Қизиғи, 2014 йилги жаҳон чемпионати очилиш ўйини - Бразилия - Хорватия баҳсида «селесао»нинг бошланғич таркибида майдонга тушган ўн нафар футболчининг баданида татуировка бор эди. Фақатгина Давид Луис бундай «зеб»дан воз кечганди.
КРИШТИАНУ РОНАЛДУ
34 ёш, «Ювентус» клуби ва Португалия термаси ҳужумчиси
Португалиялик юлдуз ҳам ҳозиргача татуировкаларга қарши бўлган. Боиси, Роналду тез-тез донор сифатида қон топшириб, муҳтожларга ёрдам кўрсатади. Бундай амалиёт эса фақатгина танасида «тату»си йўқлар билан ўтказилади.
«Татуировкам йўқлигига сабаб, кўпинча қон топшириб тураман. Бунинг қийин жойи йўқ. Барчаси оддий, уни амалга оширгандан кейин бошқа бир инсонга ёрдам берганингиз учун ўзингизни бахтиёр сезасиз», - деганди Роналду.
Қизиғи, Роналду бир сафар илик донори сифатида ҳам қатнашган. Бу воқеа терма жамоадаги шериги Карлуш Мартиншнинг ҳаётини сақлаб қолиш жараёнида содир бўлганди.
«Ўшанда Карлуш биз билан бирга миллий жамоада ўйнарди. У ўғлининг саломатлиги ёмон эканлигини айтганида, футболчилар билан бирлашиб, шеригимизнинг фарзандига ёрдамлашишни хоҳлагандик. Вазият жуда оғир эканини тушуниб турардик. Илик донорлигини кўпчилик мураккаб амалиёт деб ўйлайди. Аслида эса, бу ҳам оддий қон топширишдек ўтади. Деярли оғриқ сезилмайди. Бир неча йиллар аввал бундай жараёнда қатнашганман ва керак бўлса, яна такрорлаш талаб этилса, иккиланмайман. Ахир жажжи болажонлар жиддий хасталикка йўлиққанда, катталар кўмаклашишлари керак», - деганди Роналду.
Шундай экан, португалиялик юлдузнинг футболдаги сифатларига ким қандай қарашини билмадиг-у, аммо инсонийлик нуқтаи назаридан Криштиану кўпчиликка намуна бўлишига шубҳа йўқ.