Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Хайрулла Ҳамидов: Еттинчи турдан кейинги хулосалар

Баҳо:
+ | -1

7-тур ҳам поёнлади. Кўз тегмасин, Суперлигамиз қизияпти. Coca cola ичиб кўрадиган ўйинлар бўляпти аммо. Ҳатто ўртамиёна деб қаралган клублар ҳам жанговар ўйин тақдим этишаётгани қувонарли ҳол. 

7-турнинг эътиборга молик жиҳатларини кучли еттиликка қўйиб кўрдим, ёмон нарса чиқмади лекин.

7. Қосимов ўрнидан турди...

Қатор омадсизликлардан сўнг ОКМК ғалаба қозонди ва хавфли ҳудудни тарк этди. Миржалол Қосимовнинг таркибдаги ўзгартиришлари олмалиқликларга қўл келди ва охирги турларда ўзига кела олмаётган «Сурхон» мағлуб этилди. Дастлабки турларда яхши натижалар қайд этгани учун ҳам ҳозирча термизликлар 8-ўринда боришмоқда, агар тезроқ уйғонишмаса, бу кунлари ҳам орзу бўлиб қолади. «Сурхон» билан ОКМК ўртасида фақатгина «Қизилқум» жой олган.

6. «Бунёдкор» тўхтатилди

Қайси «Қизилқум» деяпсизми – етакчилар учун-да бош оғриғи бўлаётган, турнир жадвалидаги ишларга-да эътибор бермай, ўз ўйинини ўйнаётган «Бунёдкор»ни тўхтатган навоийликлар! Ҳа, улар «Абрамов шайкаси»ни тўхтатишди. «Бунёдкор» шу ўйинга қадар ютқазса-да гол ураётганди. «Қизилқум» билан эса Абрамовнинг режалари иш бермади.

Тўғри, ягона гол пенальтидан урилди, аммо бу ерда Актамов шогирдларининг матонатли иши тўп киритишларида эмас, балки гол ўтказмаслигида... 

Кейинги турда пойтахтга Тошкентда очко олишни яхши биладиган «Қўқон 1912» келади ва бу баҳс кўп эҳтимол билан «Миллий» стадионининг очилишига тўғри келади. Майдон текис бўлса, роҳатланиб кетса керак «болалар»нинг, бироқ водийликларнинг ҳам иштаҳаси очилган-да. Демак, ҳозирданоқ зўр тўқнашувга тараддуд кўрамиз.

5. Қаршидан бенефис давом этади

«Бухоро» - «Насаф» ўйинидаги натижадан сўнг, бир бухороликларга ачинсак, бир қаршилик ёш йигитларнинг яна ўз ўйинларини топиб олишганидан хурсанд бўламиз. «Насаф» «Пахтакор»га қарши зўр ўйин кўрсатиб, кейин ўша ҳаракатларини йўқотиб қўйганди гўё. ОКМКни «янчиб ташлагач» эса, Рўзиқул Бердиев шогирдларида ўзларига бўлган ишонч пайдо бўлди ва бу сафарги қурбон – «Бухоро»... 

Ашурматов шогирдларига ўзларига келиб олишлари учун турнир жадвалидаги ўринларини кўрсатиш билан кифояланамиз – 12-ўрин, агар икки жамоа қўшилмаганида, охирги ўрин, дегани бу :)

4. Азалий рақиблар

«Пахтакор» ОЧЛдаги ўйинига тақалиб қолгани учун ПФЛдан «Металлург» билан бўлган ўйинини икки кун олдинга суриб беришни илтимос қилди. ПФЛ ҳам «бошқа клуб бўлса ҳам майли эди, иккинчи таркиб билан бемалол ўйнаб, асосий таркиб йигитларига дам берсанглар бўладику», деб ўтирмади, Осиё миқёсидаги ўйинга путур етмасин, дейишди. 

Бекободликлар эса, кутилмаганда, ҳақиқий жанг беришди. Лобанов  ва ҳимоядаги шериклари пенальти берилган пайтда ҳакамга қаршилик кўрсатишаётганини кўрдингизми, ўҳҳ, бу ахир ҳақиқий шиддат-ку деб юборди ҳамма. Лекин дилни тирнаган жойи ҳам бўлди-да ушбу ўйиннинг – турнинг энг чиройли голини йўллаган Исоқжонов ўша голини маза қилиб нишонлашга улгурмай, пахтакорчилар ҳисобни тенглаштириб келишди. Нима бўпти, дейсизми, ахир, гол шедевр чиққанидан такрорий лавҳага берили-и-ииб кетибмиз, шекилли, Машарипов бекободлик ҳимоячилар ичидан бе-е-емалол кириб бориб, бўш турган Черанга тўпни узатганини ва болқонлик футболчи ўртадаги фарқни йўқотганини фақатгина такрорий лавҳада кўрдик. 

Майдон эгаларининг пенальтидан киритган тўпини асл ҳолида кўрдик. Чунки ундан олдин шедевр содир бўлмаганди. 

3. Бу воқеа Қўқонда бўл(ма)ган эди

Барибир Қўқонда ўтиши керак ўйин деб қабул қилдик буни. Водийлик футболчилар ўнлаб имкониятларини бой берган уч карра чемпионни ўйин охирида жазолашди. Ҳасан Рўзиев белгилаган пенальти Нўъмон Ҳасанов шогирдлари фойдасига бўлди.  

Ўша куни Мурод Ҳолмуҳаммедов ўйнамагани учун қўқонликлар хавотир олишгандир, йўқ, йўқ, Мурод бошқаларга ҳам ўргатиб қўйган экан ўн бир метрдан гол уришни: «Билиб бўладими, ҳар хил вазият бўлиб туради...»

Бу дуранг «Пахтакор»га биринчи турдаёқ чемпион билан ўртада вужудга келган фарқни яна тиклаб берди: уч очко!

2. Драма сценарийси ўзгармади

Чемпионлик учун курашаётган клубларнинг бу еттилигимиз юқорисидан ўрин олишга ҳақлари йўқ эди барибир: бири «Металлург»ни енггани, иккинчиси «Қўқон 1912»га очко улашгани билан бу шарафга ноил бўла олмасди.

Турнинг энг қизиқарли баҳсига эътибор қаратсак, у Андижонда бўлди: «Андижон» – «Динамо».

Ушбу учрашув бир ҳафта муқаддам Самарқандда кечган ўйиннинг драмасини қайтариб берди, десак муболаға бўлмас. Йўқ, икки учрашувни ҳам мен шарҳлаганим учун айтмаяпман бу гапни, балки кўп ҳолатда яқинликлар бор экан: 6-тур ўйинида ҳам меҳмонлар ҳисобни очишганди, танаффусга қадар мезбонлар икки гол билан жавоб беришганди. Иккинчи бўлимда меҳмонлар жиддий курашиб мувозанатни қайтадан тиклаб, таблога 2:2 деган чиройли ҳисобни тақдим этишган. 

Андижонда ҳам шундай бўлди: таркибида муаммолари бор «Динамо» ўйинни қандай бошлаган бўлса, шу тахлит якунлаб берди. Оралиқдагина «Андижон»нинг зўр ҳаракати ва чиройли голларини кўрдик. Бошқача ҳисоб қайд этилганда ҳам адолатсизлик бўларди: жанговар дуранг деб шунақа ўйинларни айтишса керак...

1. Кечирасизлар, мен қандай қилиб Европага тушиб қолдим?!

Наманган. «Навбаҳор». Стадионнинг очилиш ўйини. Мухлислар...
Бўлди. Бошқа гапнинг кераги йўқ. Яхшиси, стадионнинг овозини эшитинг!!!

Манба: Tribuna
Киритилди: 12:29, 06.05.2019.
Ўқилди: 6962 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.