Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Янги «Тойчоқ» Муборак, Криш ёки Роналдунинг тўкин ҳаётидан бир парча...

Баҳо:
+ | -

«Ювентус» юлдузи яқинда 11 миллион евро тўлаб, янги автомобилга буюртма берди, бунақаси ҳеч кимда йўқ.

Тўғри, португалиялик голеадор янги машинани 2021 йили олади. Жорий йилнинг март ойи бошида Женева автомобиль фестивалида Bugatti La Voiture Noire русумли «тойчоқ» лойиҳаси намойиш этилганди.

Bugatti оиласига мансуб энг зўр, чиройли, ноёб ва қимматбаҳо машина. Жан Бугаттининг иккинчи жаҳон уруши пайти йўқолган шахсий автомобили - Type 57 SC Atlantic технологияси асосида тайёрланадиган La Voiture Noire сайёрамизда ягоналигича қолади. Яъни у бошқа ишлаб чиқарилмайди.

Умуман, Роналду ҳашаматни алоҳида қадрлайди, дабдабага хуши баланд. Маълумки, Криштиану ночор оилада улғайган ва «камбағаллик» иборасини асло эшитишни истамайди. Аслини олганда, у тўкин-фаровон ҳаётга муносиб, зеро, топиш-тутиши зўр. Криш шунга мувофиқ, катта-катта харажатга бемалол қўл ураверади. Эсласангиз, олдинроқ Лионель Месси ҳаётидаги ҳашаматга назар ташлагандик, энди ракурсни Роналду томон бурамиз. 

Автомобиллар

Португалия футболи фахрининг люкс синфига мансуб автомобиллар коллекциясида якка тартибда ишлаб чиқарилган ажойиб «тойчоқ»лар етарли. Лекин Роналду Bugatti La Voiture Noireга қадар сотиб олган барча автомобилларига чамаси 6,5 миллион евро тўлаган. Янги «ўйинчоқ»ининг баҳоси - 11 миллион (!!!). Ҳа-ҳа, нотўғри ёзилмади - «Ювентус» ҳужумчиси битта авто учун шунча тўлади. 1500 от кучига эга ва максимал тезлиги 420 километр|соатга тенг Bugatti La Voiture Noire 1909 йили асос солинган Франция компаниясининг кичик юбилейи (110 йиллиги)га бағишлаб, ишлаб чиқарилади. Машина атиги 2,5 сонияда 100 километр|соат тезлигини олиши мумкин. 14 сония ичида эса суръати 300 километр|соатга чиқади. 11 «лимон» евро - бу «тойчоқ»нинг солиқ тўловларидан олдинги қиймати. Bugatti вакиллари Женевадаги кўргазма вақтида келажак автомобили учун компания маҳсулотларининг ашаддий ихлосманди 16,5 млн. евро тўлашга рози бўлганини айтишганди. Бироқ харидор шахси ошкор қилинмаганди. Энди эса ҳамма Криштиану Роналдуни дунёдаги энг қимматбаҳо машина соҳиби сифатида кўрсатмоқда. Португалиялик юлдузнинг йиллик даромади чамаси 30 миллион еврога тенглигини ҳисобга олсак, у янги «тойчоқ» йўлида тахминан 4 ойлик улушидан воз кечгани ойдинлашади. Ваҳоланки, футболчи келишувга кўра, қимматбаҳо харидини 2 йилдан кейингина бошқариши мумкин. Дарвоқе, Bugatti ҳозирча La Voiture Noire салонини ҳеч қаерда кўрсатмади: на шахсий сайтида ва на Женевадаги ўша тақдимотда. Кўринишидан, салонни хўжайин талаблари асосида эксклюзив тарзда тайёрлашади. Тушунарлики, Криштиану улкан автопаркка эга. Унинг ихтиёрида турли вақтларда харид қилинган Lamborghini Aventator, Mercedes Clase C Sport Coupe, Rolls-Royce Phantom, Ujn Ferrari 599 GTO, Lamborghini Aventador LP700 -4, Aston Martin DB9, McLaren MP4 12C, Bentley Continental GTC Speed ва бир неча Bugatti бор. Айтганча, Роналду 2009 йили Ferrari 599 GTB Fiorano билан тоннель деворига урилганди. Ўшанда машина яроқсиз ҳолга келган бўлсада, ўйинчининг ўзи жабр кўрмаган. Кейинчалик пачоқланган Ferrariни eBay орқали сотишга уриниб кўришди (50 минг еврога). Роналдунинг ўзи эса Мадридда янги Ferrari 599 GTB Fiorano сотиб олди, гарчи ўша пайт бу русумни ишлаб чиқариш тўхтатилган бўлсада.

 

Уй

 

Роналдунинг Туриндаги ҳашамати - бу қадимий турар-жой, аниқроғи, шоҳона қаср. 4,5 гектарга тенг яшил хиёбонни ўз ичига олган ушбу кошона бинолари ҳудуди 1000 квадрат|метр бўлиб, 3-қаватда улкан 8та ётоқхона мавжуд. бундан ташқари, тренажёр зали, бассейн, бильярд столи, спа-ҳудуд футболчи хизматида. 2та яширин чиқиш йўли эса хавфсизликни таъминлашга қаратилган. Айтганча, вақтида Зайниддин Зидан ва Фабио Каннаваро ҳам айнан шу қасрда яшашган. Роналду барча қулайликларга эга турар-жойни сотиб олгани ёки ундан ижара келишуви асосида фойдаланаётгани хусусида аниқ маълумот йўқ. Шунингдек, қасрнинг асл баҳоси ҳам номаълум. Фақат битта эътиборли факт бор: 2010 йили Ирландия рок-гуруҳи - U2 Туриндаги концертига тайёргарлик кўриш жараёнида бир неча кун шу уйда турмоқчи бўлган. Бироқ мусиқачилар ўз фикрларини тезда ўзгартиришган. Гап шундаки, ижара ҳақи уларга оғирлик қилган - 6 кун  учун 280 минг евро сўрашган экан. Қолганини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг... 

Самолёт

Роналду ихтиёрида шахсий самолёт ҳам бор. 31,7 миллион еврога сотиб олинган Gulfstream G650 ҳам футболчининг дабдабага тўла ҳаётидан бир нишонадир.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 09:44, 14.05.2019.
Ўқилди: 4721 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.