Хабар бериб ўтганимиздек, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бокс бўйича 2005-2006 йилларда туғилган боксчилар ўртасида "Гейдар Алиевнинг 96 йиллиги" номли мусобақа бўлиб ўтмоқда.
Баҳсларда Озарбайжон, Қозоғистон, Грузия ва Ўзбекистондан ташриф буюрган ёш чарм қўлқоп усталари иштирок этишмоқда. Бугун мусобақада дастлабки кун жанглари бўлиб ўтди. Унда беш нафар ҳамюртимиз рингга кўтарилди. Қувонарлиси, бугун жанг қилган боксчиларимизнинг барчаси муддатидан олдин ғалаба қозонди.
Кун давомида Ҳумоюнмирзо Абдурасулов (35,5 кг), Жамолиддин Ҳолиқов (41,5 кг), Бобурбек Бобожонов (-46 кг), Далержон Бозоров (-52 кг) ҳамда Жаҳонгир Нарзиев (-56 кг) каби боксчиларимиз мезбон спортчиларга қарши жанг қилишди ва муддатидан олдин ғалаба қозонишди.
Эртага Тошкент вақти билан соат 16:00дан сўнг яна беш нафар боксчимиз жанг қилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати