Coca Cola Суперлиганинг 15-туридан ўрин олган «Бунёдкор» - «Сурхон» (3:0) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар устози Владимир Андреев иштирок этди.
- Биринчи навбатда айтишим керак, бугун курашларда, тўп билан юришда «Бунёдкор»га ютқаздик. Айнан тўп билан ҳаракат қилиш бўйича мезбонлар бизга нисбатан устунлик қилишди. Мана иккинчи учрашувки, айнан шу жиҳат бўйича рақибга имкониятни бой беряпмиз. Функционал ҳолат яхши бўлмаганида нимадир қилиш ҳақида гапириш ноўрин.
Биринчи голни кераксиз жойда йўл қўйган хатомиз сабабли ўтказиб юбордик. Ваҳоланки, ўша вазиятда хато қилишга ҳаққимиз йўқ эди. Ўйлайманки, чемпионатнинг қолган қисмида биз учун ҳаммаси яхши бўлади. Биз футболчиларимизга ишонамиз, вазиятни ўнглаш йигитларнинг қўлидан келади. Умид қиламиз ва ишонамиз.
Очиғини айтиш керак, бугун иккинчи рақамли жамоа бўлиб ўйнашни ният қилгандик. Аммо гол ўтказиб юбордик. Иккинчи бўлимда ҳаммасини бошидан бошлаб, вазиятни ўнгламоқчи эдик, лекин яна икки бор жазоландик.