Бир танишим иномаркаларга жуда қизиқарди. Яқинда бир иномарка сотиб олди. Жуда чиройли, статистикаларини кўрсангиз, ҳайрон қоласиз. У ҳам қизиқиб харид қилди. Талайгина пулга. Аммо орадан маълум вақт ўтгач, бояги машина ҳунар кўрсата бошлади. Гоҳ у ёғи бузилади, гоҳ бу ёғи. Эпини қилолмади. Машинаси бир муддат тургач, сотишга қарор қилди. Энди бу ёғи яна бир можаро. Ўзи қимматга сотиб олган эмасми, арзон сотишга кўзи қиймайди. Аммо наилож, зарарига бўлса ҳам сотиб, пулига "Нексия" олди, қолганини ишлатди. Ҳозир ана шу арзонроқ машинасини муаммосиз миниб юрибди. Англагандирсиз, бугун футболдаги бузуқ иномарка — Неймар ҳақида фикрлашамиз.
222 млн еврога арзирмиди?
"ПСЖ" Неймарни 222 млн еврога харид қилганида ҳеч ким "Э, арзимайди-ку бу, "ПСЖ" аҳмоқлик қилди", демади. Тўғри, нарх қимматлиги ҳақида гапирилди, аммо Неймарнинг харид қилинишини кўпчилик Париж клуби учун ютуқ деб ҳисоблади. Жумладан, биз ҳам.
Ушбу хариднинг ижобий томонлари кўрина бошлади: "ПСЖ"нинг акциялари нархи ошди, футболка савдоси, турли шартномалар. Шу билан бирга, дастлаб Неймар Францияда мўъжиза кўрсата бошлади. Рақибларини турли финтлар билан болаларча алдаб кетганида "ПСЖ" мухлислари олқишлашар, Аль-Хелаифи эса "Маладес, ука, яшавор!" деб мақтарди. Лекин...
Инжиқликлар, эркаликлар, жароҳатлар...
Неймар "ПСЖ"га келган заҳоти гегемонликка интилди. Бир томондан бу табиий эди, чунки "Барселона"да ажойиб ўйин кўрсатаётган, Ла Лигада етакчилардан бири бўлган, дунёнинг энг қиммат ўйинчисига айланган ва "ПСЖ" раҳбарияти томонидан алоҳида ҳурмат кўрсатилган футболчи бунга интилиши тайин эди. Лекин ҳар бир жойнинг ўз бўриси бор, деганларидек, "ПСЖ" ҳужумчиси Кавани Неймарга осонликча бўй беришни истамади. Мураббий эса бу можароларни тинч йўл билан ҳал қилишга қийналди. Кавани пенальтини ўзим тепаман деди, Неймар мен етакчи бўламан, деди, хуллас, жамоада ички муҳит бузилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, "ПСЖ" мураббийи ва раҳбарияти Неймарнинг жамоада ягона гегемон бўлишига шароит яратиб беришмади. Яъни Кавани ва бошқа футболчиларга "Неймар жамоада етакчи, у нима деса, шу бўлади!" дейишмади. Бу тўғри эди, албатта. Чунки эндигина жамоага қўшилган ва ҳали келажаги номаълум бўлган футболчини деб бутун жамоани изза қилиш нотўғри эди. Неймар эса буни ҳазм қила олмади. Шу томонлама Роналду унга ўрнак бўлади. Чунки Турин клуби футболчилари ҳам дастлаб уни унча сиғдиришмади, аммо Роналду "Ювентус"даги янги жамоадошлари билан тил топишиб кетди. Ўз-ўзидан етакчилик Криштиануга ўтди. Агар Неймар ҳам "ПСЖ" футболчилари билан дўстона муносабатда бўлганида, ўзининг устунлигини кибри ҳам талаблари билан эмас, ўйини билан кўрсатганида эҳтимол, жамоада етакчилик унинг қўлига ўтиши тайин эди. Лекин...
Рақибга нисбатан ҳурматсизлик
Сен рақибингдан қанчалик устун бўлса, уни ҳурмат қилишинг шарт. Бу йиллар синовидан ўтган мақол. Неймарда эса ана шу жиҳат сезилмасди. Имкон қадар рақибларининг устидан кулишга, "Кўриб қўй, сени ёш болаларча алдаб кетаман, кўрдингми?" дегандек турли қилиқлар кўрсатишга уринган футболчи рақиблари томонидан жуда совуқ қарши олинди. Бу эса жароҳатларга олиб келди.
Неймар — "ПСЖ" футболчиси. Айни дамда "ПСЖ" ва бразилиялик футболчини шу жумла боғлаб туради, холос. Неймар на ЕЧЛда голлари билан ёрдам берди, на миллий чемпионатда бирор нимани қойиллатди. Шу билан бирга, Мбаппе деган ёш сеҳргар пайдо бўлдики, Неймарнинг билинар-билинмас аҳамияти умуман кўринмай қолди. Қолаверса, Неймар ўзи кетишни истаган жамоага яна қайтишни хоҳламоқда. "Барселона" эса Неймар кетаётган маҳал уни олиб қолишга жуда уринган, буни истаган эди. Энди эса Неймарнинг қайтишига у қадар иштиёқманд эмас. Қолаверса, Гризманн харидидан кейин бу иштиёқ янада сусайгани табиий.
"ПСЖ" Неймарни сотиши керак. Сотишга рози ҳам. Лекин трансфер мавсуми якунланай деб турган бир пайтда талабгорлар саноқли. Бори ҳам "ПСЖ" истагандек тўлиқ пул бермоқчи эмас, ўз футболчисини тиқиштиряпти...
Неймар воқеаси шуни кўрсатадики, қанчалик иқтидорли, маҳоратли бўлманг, характерингиз салбий бўлса, ҳеч кимга керагингиз бўлмайди. "Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин", дейишади-ку!
Низомжон ИСЛОМОВ