Эртага шонли клубимиз “Пахтакор-79”нинг авиаҳалокатга учраганига роппа-роса 40 йил тўлади. Футболчиларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг номларини келажак авлодга етказиш борасида бу йил катта тадбир дастурлари ишлаб чиқилган. Бугун Ўзбекистон Суперлигасининг 16-туридан ўрин олган “Пахтакор” – “Бухоро” учрашувидан аввал мазкур тадбирларга бағишланган матбуот-анжумани ташкил этилди. Унда Василис Хадзипанагис, Александр Чивадзе, Владимир Гуцаев каби яқин ва узоқ ўтмишдаги таниқли футбол юлдузлари, спорт фахрийлари ва қатор ОАВ иштирок этди.
Анжуман давомида ўз даврининг энг ёрқин футболчилари “Пахтакор-79”нинг ўзига хос ўйинлари, жамоа таркибидаги йигитларнинг қанчалик моҳир футболчи бўлгани ва ўша давр футболи ҳақида хотирлаб ўтишди.
“Шуни айтиш керакки, ўша “Пахтакор”да ёш йигитлар ўйнарди. Ҳалокатга учраган жамоа таркибида дўстларимиз, ёш юлдузлар бўлишган. Уларни йўқотиш биз учун фожеа. Ҳалокатдан сўнг янги “Пахтакор”га қарши Тошкентдаги илк ўйиндан олдин қабристонга бориб бизни тарк этган яқинларимизни хотирлаб келдик. Ўйинда эса стадион тўла одам. Содиқ мухлислар эски жамоасини кўргани келгандек эди. Биз "Пахтакор"нинг бундай йигитларини унутмаймиз”, – деди Александр Чивадзе.
“Жамоа ҳалокатга учрагандан кейин турли клублардан янги футболчилар келди. Аммо иккала таркиб умуман бошқа мактаб тарбияланувчилари экани яққол сезиларди. Биз йўқотган жамоа ўз ўйин услуби, жамоавий ўйини билан ажралиб турган”, – деди Владимир Гуцаев.
Эртага “Пахтакор” стадионида ўрнатилган ёдгорлик ёнида ва Боткин қабристонида хотира тадбирлари ўтказилса, 20:00 да “Пахтакор” ва Собиқ Иттифоқнинг фахрий футболчилари иштирокида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтади.