Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар футболини янада ривожлантириш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Жумладан, 19 август куни “Чиғатой” спорт базасида болалар ва ўсмирлар футболи бўйича ФИФА элит курслари старт олган эди. ЎФА ҳамда ФИФА ҳамкорликда ташкил этган мазкур курсларни ФИФА ва ОФК инструктори, ОФК теҳник консултанти Ислом Аҳмедов олиб борди.
Ўқув жараёни ўз ичига амалий ва назарий машғулотларни қамраб олди. Қолаверса, гуруҳларда ишлаш ҳамда умумий таҳлил жараёни ҳам ўтказилди.
Ушбу курслардан кўзланган асосий мақсад – юртимизда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, қолаверса мамлакатимизда фаолият юритаётган футбол академиялари самарадорлигини янада ошириш саналади.
Шу боисдан курсларда ЎФА қошидаги футбол академиялари теҳник директорлари, шунингдек, клублар қошида фаолият олиб бораётган футбол академия ва мактаблари директорлари иштирок этишди.
Кеча ўсмирлар футболи бўйича ФИФАнинг элит курслари якунланди. Курс қатнашчиларига сертификатларни ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов топширди.
Ушбу курсларда таҳсил олган мутахассислар янги кўникмаларини эндиликда ўз иш фаолиятларида татбиқ этишади.