"Реал" дарвозабони Альфонс Ареоля ўз жамоаси мухлисларидан узр сўради. "Қаймоқранглилар" Европа чемпионлар лигаси доирасида "ПСЖ"га 0:3 ҳисобида ютқазганидан кейин 26 ёшли посбон ўзининг Инстаграмдаги саҳифасига парижликлар футболчилари — Килиан Мбаппе ва Эрик Шупо-Мотинг билан тушган суратини жойлади. Ареоля суратга кулиб тушган эди.
"Ҳурматли, "Реал" мухлислари. Собиқ жамоадошларим билан тушган сурат остига қолдирган баъзи изоҳлар мени хафа қилди. Мен бу жамоа билан шартнома имзолаганимдан кейин юрагим оқ рангга кирган. Мағлубият "Реал" номли катта оиланинг барча аъзолари каби мени ҳам хафа қилди. Ўйиндан кейин собиқ жамоадошларим билан учрашдим. Мен улар билан аввалроқ хайрлашишга улгурмаган эдим. Сизлардан узр сўрайман. Умид қиламан, биргаликда кўп ютуқларга эришамиз", — деди Ареоля инстаграмдаги мурожаати орқали.
Эслатиб ўтамиз, Альфонс Ареоля трансфернинг сўнгги кунларида ижара асосида "ПСЖ"дан "Реал"га ўтган эди. "Қироллик клуби" сафида у ҳали дебют қилишга улгурмади.