Дарҳақиқат, сўнгги йилларда футболдаги иқчиликка қарши жуда катта маштабдаги ишлар олиб борилаётган бўлсада, бу муаммо ўз ечимини тўлиқ топганича йўқ. Тўғри, бундай ноҳуш вазиятлар анча камайган, бироқ ирқчилик футболни тарк этди дейишга жуда эрта. Бугун сўнгги йилларда ирқчилик сабабли келиб чиққан жанжалларга тўхталиб ўтамиз.
Жон Терри ва Энтон Фердинанд
Лондоннинг «Челси» жамоаси сардори Жон Терри 2011-йилда ирқчиликда айбланган ва иш суд олдида жавоб беришга қадар етиб боргани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса, керак. «ҚПР» жамоаси футболчиси Энтон Фердинанд билан майдонда жанжаллашиб кетган Терри унинг қора танли эканлиги ва унинг жойи аслида бошқа ердалигини айтади. Бахтга қарши ушбу жанжал учрашув операторларининг эътибор марказида турган эди. Учрашув якунлашини билан Жон бутун футбол оламининг нафратига учради десак, адашмаган бўламиз. Футболчи давлат олдида айбсиз эканлигини исботлаган бўлсада, Англия футболи раҳбарлари уни 300 минг еро жаримага тортади. Бундан ташқари 4 ўйиндан четлади ва терма жамоа сардорлигидан маҳрум этади.
Луис Суарез ва Патрис Эвра
«Ливерпуль» жамоасининг собиқ ҳужумчиси Луис Суарез АПЛ тарихидан нафақат ўзининг голлари, балки ирқчилиги билан ҳам мустаҳкам ўрин олган.
«Манчестер Юнайтед» ҳимоячиси Патрис Эвра «Ливерпуль»га қарши учрашувдан сўнг, бош ҳакамга Суарезнинг унга нисбатан ирқчилик қилгани ҳақида хабар берган бўлсада, ҳакамлар бу вазиятга ортиқча эътибор қаратишмайди. Шундай бўлсада, учрашувдан сўнг, вазиятни ўрганиб чиққан Англия футбол Ассоциатсияси футболчига жиддий жазо тайин этишини маълум қилади. Гап шундаки, ўша учрашувда Луис Суарезнинг Патрис Эвранинг манзилига айтган сўзлари ёзилган видеоролик бутун футбол оламини ларзага солиб юборган эди. Шундай бўлсада, жазо у қадар оғир бўлмади. Луис 40 минг фунт стерлинг жарима тўлади ва «Ливерпуль»нинг 8 та учрашувидан четлатилди.
Карло Таввекио
Футбол оламида нафақат футболчилар, балки футбол раҳбарлари ҳам ирқчиликда айбланишган. Шундай холатларнинг энг ачинарлиси Италияда бўлиб ўтган десак, адашмаган бўламиз. Италия футболи президенти Карло Таввекио ФИФА томонидан ирқчиликда айбланиб ярим йилга футболдан четлатилгани, бундан бир неча йил аввал катта шов-шув кўтарган эди. Президентликка сайлов чоғидаги нутқларидан бирида африкаликлар ва банан сўзларини бир неча бор ишлатган Таввекио 2014-йилнинг кузида ФИФА томонидан 6 ойга футболдан четлатилганига қарамай, ҳозирда ирқчилик билан муаммоларнинг «А серия» ўйинларида яққол намоён бўлмоқда. Афсуски, Таввекиога қўлланилган жазо ушбу юрт футболидаги ирқчиликни бартараф эта олмади.
Роберто Карлос
Футбол оламидаги тирик афсона саналмуш Роберто Карлос ҳам ирқчилик муаммосидан азият чеккани ачинарли холат.
2011-йилда Россиянинг «Анжи» жамоаси сафига келиб қўшилган ҳимоячи РПЛнинг биринчи турида «Зенит» клуби мухлислари томонидан ҳақоратлар эшитган бўлса, чемпионатнинг 15-турига келиб янада ноқулай аҳволда қолади. Маҳаллий мухлислардан бири афсований футболчи томонга банан мевасини улоқтиради. Шундоққина оёқлари остига келиб тушган мевани кўрган Карлос ўша заҳотиёқ ўйинни давом эттиришдан бош тортади ва майдонни тарк этади. Тўғри, кейинчалик ирқчилик қилган мухлис аниқланади ва унга тегишли жазо тайинланади, бироқ бўлиб ўтган воқея Россия футболининг халқаро имиджига сезиларли зарба бериб бўлган эди.
Дани Алвес
Роберто Карлос билан юз берган ҳодиса Дани Алвес билан 2014-йилда «Ла Лига» баҳсларида такрорланган эди. Бурчак тўпини узатиб бериш учун байроқча олдига келган Алвесга «Вильяреал» мухлисларидан бири банан улоқтиради. Энг қизиғИ шундаки, бразилиялик футболчи ушбу вазиятга ўзгача жавоб қайтаради ва ўзи томонга улоқтирилган мевани барчанинг кўз ўнгида еб ўйинни ҳеч нарса бўлмагандек давом эттиради.
Учрашувдан сўнг, интервью берган Дани : «Мен 11 йилдан бери Испаниядаман! 11 йил! Бундай қолоқ инсонларнинг устидан кулиш керак. У улоқтирган банан менга куч бағишлади ва биз ўйинда ғолиб чиқдик.»,- деган эди.
Алвезнинг сўзларидан сўнг, кўплаб спортчилар (Агуэро, Суарез, Коутино, Кличко, Давид Луиз, Мусса Дембеле, Ҳалк, Балотелли..) банан истеъмол қилаётган суратларини ижтимоий тармоққа жойлаш орқали Алвесни қўллаб-қувватлашди.
Эммануэл Фримпонг
Россиянинг «Уфа» клубининг собиқ ярим ҳимоячиси ўз вақтида ирқчиликдан азият чекканидан кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак. Айниқса, футболчи Москванинг «Спартак» клубига қарши меҳмондаги учрашувда мухлислар томонидан тинимсиз ирқчилика чидай олмай, жахл устида уларга хунук ишорани кўрсатади ва қизил карточка олиб майдондан четлатилади. Футболчи ўша учрашувдан сўнг, «Уфа» расмий сайтига қуйидагича интервью берган эди: «Улар мени ва оила аъзоларимни қора танли маймунлар деб аташди», - деган эди.
Дарҳақиқат, шундай холат, Россия чемпионатида тўп сурган Ҳалк ва Кристафер Самба билан ҳам юз бергани ачинарли.