Кириш Регистрация
28/03 19:00 Динамо - Металлург
29/03 19:00 ОКМК - Бунёдкор
29/03 19:15 Қизилқум - Локомотив

Вальверденинг курсиси янада омонатлашди: “Славия”дан спектакль

Баҳо:
+ | -

ЕЧЛ гуруҳ босқичи навбатдаги турида “Камп Ноу”да ажойиб спектаклнинг гувоҳи бўлдик. Фақат бу сафар бош ролда “Барселона” эмас, меҳмон жамоа бўлди.

Гуруҳ босқичида “Барселона”га рақиб бўлган “Славия” Каталония клуби мухлислари ва мутахассислар наздида тайёр гўштдек кўринганди. Ўшанда “Барселона” меҳмонда зўрға ғалаба қозонади, уйида эса дуранг ўйнайди, дейишса, ишонмасдик, балки. Аммо майдон текис, тўп юмалоқ, “Славия” “Барселона”дан очко тортиб олди.

Бугунги нурсиз дурангнинг асосий сабаби — Вальверденинг “Славия” ўйинини етарлича ўрганмагани ва рақибнинг тактикасига қарши тактика топа олмагани. Ваҳоланки, бундан олдинги ўйин ҳам айнан Чехия клубига қарши бўлган, ўшанда ҳам Прага жамоаси қандай ўйнашини намойиш этганди. Биринчи ўйинда “Барселона”га омад кулиб, минг машаққат билан зафар қучганди. Буни қарангки, жамоа иккинчи ўйинда бунинг ҳам уддасидан чиқа олишмади.

Ўйин жиҳатидан ҳеч қандай муаммо йўқ: “Барселона” тўп билан муомала қилиш борасида устунлик қилди, ҳужумлар ҳам уюштирди, рақиб посбони 5-6 вазиятда жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди. Қолган вазиятларда эса “Славия” ҳимояси мустаҳкам ўйнади. Футболчилардан нолиш нотўғри, улар мураббийнинг кўрсатмасини бажаришди.

“Славия”дек жамоаларга қарши айёрона ўйин кўрсатиш талаб этилади. Мураббийлар штаби рақибнинг ўйинларини кўриб, қандай ҳимояланишини кўриши ва ана шу ҳимояланишдаги нуқсонни топа билиши лозим эди. Чунки камчиликсиз нарсанинг ўзи йўқ. Табиийки, чех клубининг ҳимояси ҳам камчиликдан мустасно эмасди. Шунчаки Вальверде бошлиқ мураббийлар штаби буни уддалай олишмади. Ўйинда мураббийлар имзоси сезилмади.

“Славия”га қойил қолмай илож йўқ. Жамоага босимсиз ўйнагани ҳам фойда берди. Айниқса, ўз жарима майдонида шунчалик хотиржам ўйнадики, ҳатто рақиб футболчилари ҳам ажабланган бўлишса керак. Дарвозабоннинг финтларида ҳам хотиржамлик бор эди ҳатто.

Прага жамоасига ҳам омад етишмади қайсидир маънода. Агар “Славия” сафида совуққонроқ ҳужумчи бўлганида клуб “Камп Ноу”да тарихий ғалабага эришиши мумкин эди. Тан олиш керакки, бугун меҳмонлар дурангга ҳам рози бўлиб ўйнашди, бу эса ғалабага олиб борадиган йўлни бироз қийинлаштирди. Айниқса, ўйиннинг охирги дақиқаларида “Славия” яхши вазиятга эга бўлганди, лекин вақтни чўзиб, дурангга интилиш ҳисси кучлироқ бўлди.

“Барселона”дан фарқли равишда бугунги “Славия”да бош мураббийнинг имзоси яққол сезилди. Мураббий шогирдларини Европанинг гранд жамоасига қарши ўйинга шундай тайёрлабдики, “Камп Ноу”да, ўзлари ўйнашни орзу қилиб юрган стадионда футболча заррача ҳаяжонланишмади.

Исташса, алдашди, исташса, зарба беришди. Ҳатто “Атлетико” каби кучли жамоалар ҳам Каталонияда бунчалик хотиржам ўйнашмайди.

Бугунги ўйин дурангга арзирмиди? Ҳа. “Славия” бугун “Барселона”дан очко олишга муносиб эди.

Агар Вальверде кейинги ўйинларга таъсир кўрсатишни йўлини топа олмаса, ҳозиргидек омадсиз юришда давом этаверса, эҳтимол, мавсум охиригача бормаслиги ҳам мумкин. Шу боис вазиятга янада жиддийроқ ёндашмаса, вазиятни чуқурроқ таҳлил қилиб, бирор чора  топмаса, кейинги сафар “Славия” каби жамоа “Барселона”ни мағлубиятга учратиши ҳам мумкин. Ҳозир Каталония клуби тактик жиҳатдан ҳам, руҳий жиҳатдан ҳам қийналмоқда.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 01:15, 06.11.2019.
Ўқилди: 6838 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.